Жамият | 16:35 / 07.12.2020
4709
8 дақиқада ўқилади

Ҳар бир кун ғанимат: Оққонга қарши курашга қаратилган президент қарори ижроси қачон бўлади?

Соғлиқни сақлаш тизимининг энг оғриқли йўналишларидан бири гематологик касалликларга қарши курашиш ҳисобланади. Узоқ ва мунтазам даволаниш талаб қилинадиган беморлар, айниқса, болалар мунгли кўзларини тикиб турадиган онкогематология шифохоналарига борсангиз эзгин бир кайфият ҳукмронлигига амин бўласиз. Болалар шифтга тикилиб ётади, оналар деразадан қараб ўйга толади. Оталар эса шу шифохона дарвозаси ёнида чин маънода яшайдилар, шифокорлар айтган дориларни топиб келадилар, болаларининг оғзига ёқадиган таом ташийдилар.

Ҳар қандай иродали инсон учун ҳам жуда оғир синов бу. Гарчи шифохонани таъминлаш, ётоқ жойлар, озиқ-овқат етказиш давлат томонидан амалга оширилса-да, дориларнинг бир қисми бепул берилса-да, оққон касаллигига чалинганлар, айниқса, болалар оғир руҳий изтиробни бошдан кечирадилар, оилалар моддий жиҳатдан мураккаб вазиятга тушадилар.

Ниҳоят, соҳа эътиборга тушди, бевосита давлат раҳбарининг бу борадаги қарори қабул қилинди.

Президентнинг 2020 йилнинг 10 февралида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида Гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш ҳамда онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада катта умидлар уйғотганди. Йиллар давомида даволаниб келаётган, ҳар қандай кичик хайрияга ҳам илинж билан қўл чўзадиган беморлар катта янгиликлар бўлишига ишона бошладилар.

Қарорда шундай жумлалар борки, улар чиндан ҳам катта ислоҳотлардан дарак беради:

«Аҳолига гематологик ёрдам кўрсатишни янги босқичга кўтариш, касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш тизимини янада ривожлантириш, соҳага илғор ташхис усулларини жорий этиш ва гематологик касалликларни даволашда трансплантация усулини ривожлантириш, гематология ва трансфузиология хизматларининг моддий-техник базаси ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни даволашни молиявий томондан қўшимча қўллаб-қувватлашни ташкил этиш мақсадида:

  • гематологик касалликларга ташхис қўйиш учун тиббиёт муассасаларининг лабораторияларини реагентлар билан таъминланганлик даражасини 7,5 баробарга ошириш;
  • республика ва ҳудудий тиббиёт муассасаларининг гематологик касалликларни даволаш учун зарур бўлган дори воситалари билан таъминланганлик даражасини 2020 йилда 6 баробарга ва кейинги йилларда босқичма-босқич ошириб бориш;
  • миелома ва лимфома касаллигига чалинган беморларда аутологик ўзак ҳужайралари трансплантациясини ўтказиш;
  • трансфузиология (қон билан ишлаш) хизмати моддий-техника базасини яхшилаш, қон компонентлари ва препаратларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш.

Дастурга мувофиқ, гематология хизматини ривожлантириш учун 546,5 млрд сўм ва 70,7 млн АҚШ доллари ажратилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин», – дейилади қарорда.

Орадан деярли 9 ой муддат ўтди, хўш, қабул қилинган қарордан кейин тизимда нималар ўзгарди? Беморларнинг қандай оғирлари енгил бўлди?

Шу саволларга жавоб топиш учун пойтахтдаги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида бўлдик ва беморлар ҳамда шифокорлар билан суҳбатлашдик.

Дастлаб Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти директори Абдураҳмон Қаюмов бу борадаги фикрларини билдирди:

– Чиндан ҳам бу қарорнинг қабул қилиниши фаолиятимиз учун катта янгилик бўлди. Беморларимиз, институтимиз ходимлари учун бу, албатта, қувончли хабар. Қарорга кўра, биноларимиз таъмирланади, қўшимча бинолар қурилади. Бунинг учун бизга ёндош бўлган Чилонзор тумани газ таъминоти ҳудуди ҳам қўшиб берилди. Айни пайтда тумангаз ташкилоти бу ердан кўчирилди. Лойиҳалар тузилмоқда. Фақат пандемия туфайли кўп режалар кечикди, тез орада амалга оширилишига умид қиламиз.

Шифохонамиз беморлари жуда нозик, алоҳида шароит ва парвариш талаб қилинади. Ўйлаймизки, бу лойиҳалар амалга ошса, беморлар учун жуда яхши бўлади.

Маъмура Нигматова, биринчи гематология бўлим мудири, олий тоифали шифокор:

– Ўзбекистон гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида гематологик касаллар, ўткир лейкозлар ётади. Олдин беморлар даволаниши жараёни кўп ҳолларда ўлим билан тугаган бўлса, ҳозирда жаҳон стандартлари бўйича даволаниб, беморларнинг умри чўзилди ва тузалаётган беморлар сони ошди, уларнинг 80 фоизи соғайиб кетмоқда. Олдинлари беморлар дориларни деярли тўлиқ ўзлари билан олиб келишарди, энди эса уларга давлат томонидан яхши дори ва кимёвий препаратлар, замбуруғга қарши дорилар берилмоқда.

Бизда ҳамма нарса бепул. Масалан, беморнинг ётоғи, овқатланиши, дорилари ва қон препаратлари ҳам бепул. Қон препаратлари деганда янги музлатилган зардоб, эритроцитар масса, яъни тромбоконцентратлар бепул. Лекин беморларнинг қариндош-уруғлари донор ташкиллаштиришлари керак. Бир беморга ўткир лейкоз билан 40-50 нафар одамнинг қон препаратлари кетади.

Олдинлари бўлимимизда ишлашга қўрққан бўлишса, энди бўлимда ишга кириш учун рақобат кучли. Бўлимимизда 45 нафар бемор бор. Бўлимга талаб жуда катта ва биз ҳаммасини ҳам қамраб ололмаймиз. Ҳозир 45та койка бўлса, яна 20-25та койкани бемалол қўшиш мумкин.

Қарор амалга ошса, ҳар бир беморга битта хона берилиши, ҳар бир бемор тўла таъминланган бўлимларда ётиши мумкин. Беморларимиз жуда нозик. Уларнинг ич кетиши, касалланиб қолишлари жуда осон. Шунинг учун уларга ваннаси ва барча имкониятлари бўлган алоҳида хона берилиши керак. Ҳозирда биз тиббиёт ходимлари, ҳамшира ва беморлар мана шу қарор ижросини кутиб, жуда катта умид билан яшаяпмиз.

Наргиз Бобохонова, Болалар гематология бўлими мудири, олий тоифали шифокор:

– Президентнинг 2020 йил 10 февралдаги қарори бўйича ўткир лейкоз ташхиси қўйилган болаларга давлат томонидан дори-дармонлар таъминоти яхшиланиши, янги бинолар қурилиши режалаштирилганди. Бу лойиҳа бўйича болалар учун алоҳида онкогематология бўлими қурилиши керак. Ҳозир ҳам шароитимиз яхши, у бўлимда янада қулай шароит ва айниқса, дори таъминоти яхши бўлиши керак.

Ўткир лейкоз ташхиси қўйилгандан кейин бемор бизнинг бўлимга ётқизилади ва бу бепул. Бундай болалар 4 маҳал овқат билан таъминланади. Ўткир лейкозлар давлат томонидан ҳимояланган беморлар ҳисобланади. Дори-дармонлар ҳам 10-15 фоизгача давлат томонидан таъминланмоқда. Қарор чиққандан кейин ишга тушса, болаларнинг тахминан 80-90 фоизи дори-дармон билан таъминланади. Ўткир лейкоз ташхиси бутун дунёда ҳам онкология йўналиши бўлгани учун, онкологик касалларни даволашда жуда кўп дори-дармонлар кетади. Бу дори-дармонлар сарфланишининг натижаси ҳам бўлади, албатта. Ҳозирда бизга келаётган болаларнинг 60-70 фоизгачаси бутунлай тузалиб кетяпти.

Aммо даволаниш жараёни 2-3 йил давом этиб, бу муддат ичида уларга жуда кўп дори-дармон кетади. Ҳозир ушбу дориларнинг кўпи ота-оналар ҳисобидан олинади. Пандемия сабаб қарор лойиҳаси бироз кечикди. Худо хоҳласа, лойиҳа ишга тушиб, барча болаларимиз дори-дармон билан таъминланади, деган умиддамиз. 

Шифохона касалликка қарши курашиш билан умидлар маскани ҳамдир. Сўнгги йилларда гематология соҳасидаги соғайиш кўрсаткичлари муттасил ошиб бораётгани ҳар қандай беморда ҳам, унинг яқинларида ҳам илинж уйғотиши табиий. Президент қарори қабул қилиниши ҳам бу борадаги ислоҳотлар тезлашишига туртки бўлади. Энди бу қарорни тезроқ амалга ошириб, ҳаётга татбиқ этиш зарурати бор. Чунки ҳар бир ўтган кун қайсидир маънода кечикишга сабаб бўлиши, шунингдек, бирор болажоннинг соғайиб, оиласига қувонч келтиришига замин яратиши мумкин.

Зеро, бу масканда ҳадик ва умид ҳар вужудда бирга яшайди.

Аброр Зоҳидов,
тасвирчи Нуриддин Нурсаидов

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид