Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хатирчида давлат ва жамоат эҳтиёжи деганда нима тушунилади? Ёхуд «бозорқўм»нинг чекланмаган ваколатлари
Навоий вилояти Хатирчи туман деҳқон бозорига яқин ҳудудда яшовчи фуқаро Kun.uz таҳририятига мурожаат қилиб, ҳовлисининг бир қисми 2014 йилда давлат ва жамоат эҳтиёжи учун бузилгани ва автотураргоҳ қурилгани, ўша автотураргоҳ ҳудуди бугунга келиб сотила бошлангани ҳақида айтиб берди...
Kun.uz мухбирлари асл ҳолатни ўрганиш мақсадида Хатирчи туманида бўлди.
Сайёра Абдураимованинг уйи шундоққина деҳқон бозорнинг ёнида жойлашган, уйни бозордан тор кўча ажратиб турибди. Унинг айтишича, турар жойининг бир қисми бозорни кенгайтириш ҳисобига бузилган. Туман ҳокими Ғофир Алиевнинг 2014 йил 12 августдаги қарорига асосан Сайёра опага «Дамариқ» маҳалласидан участка қуриш учун ер ажратилган.

Демак, компенсация масаласида муаммо йўқ. Мулк давлат ва жамоат эҳтиёжи учун бузиляпти, давлат томонидан зарар қоплаб бериляпти ва бугунга келиб ўша фуқаролардан олинган жой — автотураргоҳ бозор раҳбарияти томонидан бошқаларга бериб юбориляпти.


«2014 йилда туман маркази – Янгиработ шаҳридаги буза-бузлар қаторига деҳқон бозорига яқин бўлган мен ва қўшнимнинг уйи ҳам қўшилди. Ўшанда ҳозир ҳам амалда бўлган ҳокимимиз «Бозорга стоянка керак, кенгайтирамиз. Бу жойни автотураргоҳ қиламиз, сотиш ниятимиз йўқ», деган эди. Қолаверса, бизга босим ҳам ўтказилганди.
Хуллас, уйимизнинг кичик бир қисмини сақлаб қолдик. Ўша вақтда «Бозорқўм» кўча ва уйлар ҳисобига стоянка қурди. Энди бу жойни дўкон қуриш учун беряпти, ҳеч қандай аукционсиз пана-пастқамда келишиб, сотиб юборяпти. Бозор раҳбари «мен бозорни хусусийлаштирдим, хоҳлаганимни қиламан», деб туриб олган. Бизнинг эса кириб чиқадиган кўчамизга машиналар турнақатор қилиб қўйилади. Ҳатто дарвозамизни очолмайдиган бўлиб қолганмиз.
Автотураргоҳ эса қурилиш майдонига айланиш арафасида турибди. Биз мулкимизни давлат ва жамоат эҳтиёжи учун берганмиз, ўзимизга ноқулайлик бўлиши учун эмас. Ўша вақтда туман ҳокимлиги бу масалага аралашган, уларнинг ҳаракати билан шартга кўнган эдик. Энди эса ҳокимлик бу масалада сукут сақлашдан нарига ўтмаяпти», деди Сайёра Абдураимова.


Аҳолидан олти йил аввал автотураргоҳ учун олинган жой бугун тадбиркорлик қилиш учун берилаётган экан. Ҳақиқатан ҳам стоянканинг бир қисмида қурилиш ишлари олиб бориляпти.
«Хатирчи деҳқон бозори» раиси Фахриддин Ҳамидовдан ҳолат бўйича изоҳ олмоқчи бўлдик. Лекин у қўнғироқларимизга жавоб бермади, негадир бозор маъмуриятидагилар ҳам уни топиб беролмади. Бироз ўтиб телефонини бутунлай ўчириб қўйди.

Ф.Ҳамидов ҳозирча бозорнинг мутлақ эгаси эмас, албатта. Яъни «Хатирчи деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамиятида туман ҳокимлигининг ҳам улуши бор. Ҳарқалай, қоғозда шундай. Шу сабабли бозорнинг яна бир ҳиссадори — Хатирчи туман ҳокимлигида бўлдик.

Вазият бўйича туман ҳокимлигининг бош мутахассиси Ҳожиакбар Отақулов изоҳ берди. У аввалига стоянка бозор ҳудудида эканлиги, ҳокимлик бу масалага аралашмаслигини маълум қилди. Деҳқон бозорнинг 59 фоиз улуши туман ҳокимлигида эканлиги ва айнан ўша дўкон қурилаётган жойни олиш учун давлат бундан олти йил аввал товон тўлаганини эслатдик.
«Шундоқ ҳам бозор раҳбари Ф.Ҳамидов бозорнинг асосий дарвозасида дўконлар қуришга рухсат бериб, ёпиб қўйди. Бозорнинг кириш қисмида ўт ўчириш машиналари кириши учун йўл йўқ, кўрдингизми? «Стоянка» ўрнида қурилиш қилишга ҳеч ким расман рухсат бермаган. Бу муаммо 250 фоизга тартибга олинади», деди Ҳожиакбар Отақулов.

Бош мутахассис автотураргоҳ учун фуқароларнинг уйи бузилмаган, деган қатъий фикрни билдирди. Ваҳоланки, юқорида туман ҳокими Ғ.Алиевнинг 2014 йил 12 августдаги қарорига кўра, фуқарога мулки бузилгани учун компенсация тўлангани ҳам тилга олинганди. Очиғи, Ҳожиакбар Отақуловнинг масалага нопрофессионалларча ёндашаётгани сезилиб қолди. Шу сабабли ўзидан кўра тажрибалироқ ходим билан учраштиришини сўрадик. «Туман архитектори вилоят марказига чақирилган, бозорлар билан ўзим ишлайман, сизларга бор маълумотларни беряпман», деди у.
«Стоянка» ҳудудида қурилиш қилаётган тадбиркор билан суҳбатлашдик.


«Мен бу ерда енгил конструкцияли савдо дўкони қурмоқчи бўляпман. Аммо қурилишни ўзбошимчалик билан бошлаганим йўқ. Қўлимда дўкон қуриш учун тасдиқланган таклиф-лойиҳа бор. Ушбу лойиҳани туман ҳокимлиги ва бозор маъмурияти тасдиқлаб берган», деди Валижон Тешаев.
Дарҳақиқат, у кўрсатган таклиф-лойиҳа туман ҳокимининг ўринбосари, туман қурилиш бўлими бошлиғи ҳамда бозор раиси томонидан тасдиқланган. Ҳолбуки, ҳокимлик мутахассиси Ҳожиакбар Отақулов стоянка ҳудудида қурилиш қилишга ҳеч ким расман рухсат бермагани ҳақида гапирганди...
Валижон Тешаевнинг қўшимча қилишича, у савдо дўкони қураётган жой автотураргоҳ ҳудуди дейилаётган бўлса-да, бозор кунлари бу ерга умуман машиналар кирмайди. Нарса-буюмлар ерга ёйиб сотилаётган экан.
Ўша куни ҳам ҳудудда полиз маҳсулотлари сотилаётганига гувоҳ бўлдик.


Қолаверса, катта бир деҳқон бозорнинг автотураргоҳи, деб аталаётган бу ҳудудга нари борса 40-50та автомобил сиғиши мумкин. Стоянка дегулик майдони йўқ. Умуман, фуқаролардан бу жой олинаётганда нега автотураргоҳ қуриш мақсад қилинганида ҳам мантиқ кўринмади.
Ниҳоят, бозор раиси Фахриддин Ҳамидов ҳам келиб қолди.

«Бозор ҳудудида енгил конструкцияли дўкон қуришга рухсат бериш ваколатим бор. Тадбиркор савдо дўкони қуриш учун ариза ёзгач, замонавий лойиҳа асосида қурилиш қилишига розилик билдирдим.
Стоянка масаласига келсак, у жой талабга жавоб бермайди. Автомобилларни қўйиш учун катта очиқ ҳудудимиз бор. Фуқаролар ҳозирча у ерга машинасини қўйишга одатланмаган. Секин-аста тартибга оламиз, ҳамма ўша ҳудудга автомобилини қўяди», деди Фахриддин Ҳамидов.

Одатда, деҳқон бозорларнинг асосий дарвозасидан ташқари кичик дарчалар ҳам мавжудлигига одатланганмиз. «Хатирчи деҳқон бозори»да ўша дарча ҳам ёпиб юборилган, ўрнига дўкон қурилган. Бозор раиси енгил конструкцияли дўконлар қуришга президент рухсат берганини маълум қилди. Умуман, бозорнинг кичик дарчалари ёпилиши қанчалик меъёрга тўғри келади, бу ҳозирча бизга қоронғи.


Кўриниб турган бир ҳақиқат бор: айни вақтда ҳудудида қурилиш олиб борилаётган кичик автотураргоҳ аҳоли эҳтиёжини қондирмайди. Бозор ишламаган кунлари ҳам кўча машинага тўлиб кетяпти. Тирбандлик, ноқулайликка гувоҳ бўласиз.
Бизнингча, Хатирчи туман ҳокимлиги 59 фоизлик ҳиссадор сифатида ҳеч бўлмаганда, бозор ва унинг ҳудудини тартибга олиши керак. Ҳарқалай, ҳозирча амин бўлдикки, ҳудудда ким нимани бузяпти, нимани тузяпти, бу ҳокимликка маълум эмас.
Дарвоқе, Хатирчи туманининг амалдаги ҳокими кўп эмас, олти йил аввал фуқаролар мулки давлат ва жамият эҳтиёжи учун бузилишига рухсат берган, аҳолига компенсация тўлаган. Ўша товони тўланган жойда автотураргоҳ қурилган ва у бугун мақсадга хизмат қилмаяпти. Англашиладики, ҳокимнинг «давлат ва жамоат эҳтиёжи учун» деган қарори номига, сиёсат учун ёки узоқни ўйламасдан, режасиз чиқарилган.
Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Фахриддин ҲОТАМОВ.
Мавзуга оид
22:14 / 05.05.2025
Қўйлиқдан репортаж: бозор ташқарисидаги ноқонуний деб топилган дўконлар бузилмоқда
09:41 / 05.05.2025
«Юнусобод» бозорининг бир қисмида реконструкция ишлари бошланди
15:19 / 02.05.2025
“Олтин конини портлатмоқчи эдим” – Хатирчида фуқаро уйида портловчи қурилма сақлаб келгани аниқланди
10:02 / 16.04.2025