Ўзбекистон | 09:17 / 08.12.2020
16628
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарди

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео томонидан эълон қилинган хабарда айтилишича, Ўзбекистон диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан (Special Watch List) чиқарилди.

Фото: KUN.UZ

«Сўнгги бир йил ичида ҳукуматлари эришган муҳим, аниқ ютуқларга асосланиб, Судан ва Ўзбекистон махсус кузатув рўйхатидан чиқарилганлигини эълон қилишдан мамнунман. Уларнинг қонунлари ва амалиётдаги жасоратли ислоҳотлари бошқалар учун ўрнакдир», - дейилади Майкл Помпеонинг хабарида.

Ўзбекистон 2018 йилда диний эркинлик бўйича алоҳида хавотирдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилди. Мамлакат 2006 йилдан бери ушбу рўйхатда қолиб келаётганди.

Хабарда айтилишича, АҚШ диний эркинликнинг бузилиши сабабли Тожикистон ва Туркманистонни алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган давлатлар қаторига киритган. 

Қора рўйхатга Бирма, Эрон, Хитой, Шимолий Корея, Нигерия, Покистон, Саудия Арабистони ва Эритрея ҳам киритилган. Ушбу мамлакатлар 1998 йилги Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги қонунга биноан «диний эркинликнинг мунтазам ва қўпол равишда бузилиши» туфайли алоҳида хавотирга сабаб бўлмоқда, деди Давлат департаменти раҳбари.

Россия, Комор ороллари, Куба ва Никарагуа махсус кузатув рўйхатига киритилган, чунки ушбу мамлакатлар ҳукуматлари «диний эркинликни жиддий бузган», дея тушунтирди АҚШ Давлат департаменти.

Помпеонинг хулоса ўрнида маълум қилишича, АҚШ «бутун дунё бўйлаб диний сабабларга кўра юз бериши мумкин бўлган таъқибларни тўхтатиш учун тинимсиз ҳаракат қилишда давом этади».

Мавзуга оид