Жамият | 19:13 / 09.12.2020
10977
4 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлди. Мутасаддилар ҳолат бўйича изоҳ беришди

9 декабрга ўтар кечаси тахминан соат 01:00 атрофида Андижон шаҳри Қўшариқ даҳасидаги 24-А уйнинг 48-хонадонида ёнғин рўй берди. Маълум бўлишича, хонага табиий газ тўпланиб қолган ва уй эгаси чироқни ёққач, чақнаш рўй бериб, ёнғин келиб чиққан.

Ёнғин хабари Андижон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига келиб тушгач, ёнғин хавфсизлиги ходимлари ҳодиса жойига дарҳол етиб боришган ва соат 01:16да ёнғин бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида 48-хонадонда яшовчи уч киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Kun.uz мухбири Қўшариқ даҳасида бўлиб, ёнғин тафсилотларини ўрганди.

«2020 йил 9 декабр куни тахминан соат 01:00ларда Андижон вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига Андижон шаҳри Қўшариқ даҳаси 24-А уйдан ёнғин тўғрисида маълумот келиб тушган. Ёнғинни ўчириш экипажлари соат 01:07да етиб келишган. Соат 01:10да ёнғин чиққан жой ўраб олиниб, соат 01:16да ёнғин батамом ўчирилган. Ёнғиннинг асосий сабаби хонада табиий газ тўпланиб қолгани билан боғлиқ.

Уй эгаси газ тўпланган хонада чироқни ёқиб юбориши натижасида чақнаш ҳодисаси рўй бериб, ёнғин содир бўлган. Ёнғин оқибатида 48-хонадонда яшовчи уч нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди. Айни пайтда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда», деди Андижон шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари, майор Муҳаммадамин Усмонов.

Андижон шаҳри ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Моҳинур Қосимова ёнғин оқибатида зарар кўрганлар вилоят ҳокими томонидан тўлиқ бошқа жойга кўчирилиб, уйларини таъмирлаш учун 5та қурилиш бригадаси иш бошлаганини билдирди.

«Ушбу ҳолат содир бўлганидан кейин шаҳар ҳокими мутасаддилар билан бирга дарҳол етиб келди. Бир ҳафта муддат ичида мазкур хонадонлар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, хонадон эгалари қайта кўчиб киришади», дейди у.

 

«Мутахассислар билан келиб ўрганганимизда хонадоннинг ичидан газ сўрғич чиқди. Тармоқда босимнинг пасайиб кетиши оқибатида фуқаро газ сўрғичдан фойдаланган. Газ сўрғични резина шланг орқали қўйган. Резина шлангдан газ сизиб чиқиши оқибатида хонадонга ис гази тўлиб, электрни ёққанда чақнаш содир бўлган.

Ҳозир магистрал қувурларида газ босими озгина пасайиши кузатиляпти. Биз биринчи навбатда шаҳар ҳудудидаги кўп қаватли уйларни газ билан таъминлашга эътибор қаратяпмиз. Кеча кечки пайт меъёрлаштириш ишларини олиб бориб, бу ерда газ таъминотини бир меъёрга келтирганмиз.

Лекин бу газга ҳам қаноат қилмасдан фуқаролар томонидан газ сўрғич қўйиб олиш ҳолатлари кузатиляпти. Кўчада газ тўлдириш шохобчаларини ҳам белгиланган соатда ўчириб, бундан тежаб қолинаётган газ ҳажмини асосан шаҳардаги кўп қаватли уйларга қаратяпмиз.

Бир нарсани айтиб ўтиш жоиз деб ўйлайман. Кеча шу хонадонларда яшовчилар билан суҳбатлашганимизда, бугун ўрганганимизда электр таъминоти узилган, яъни ўчган пайтда газ таъминоти кўтарилаётгани, бир меъёрга келиб, ундан ҳам яхши ҳолатда бўлиб қолаётгани кузатилмоқда. Ҳозир кўп хонадонлар ичига газ сўрғич қўйиб олишмоқда. Хонадонларни беркитиб олиш ҳолатларида ходимларимизга қийин бўляпти буни бартараф қилиш.

Шунинг учун истеъмолчилардан ва жамоатчиликдан илтимос қилиб, газ сўрғич мосламаларини қўймасликни сўрар эдик», дейди Андижон шаҳаргаз бўлими бошлиғи Хуршидбек Қодиров.

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид