Ўзбекистон | 21:18 / 09.12.2020
19560
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция: ечим қаерда?

Kun.uz ўтган ҳафта «Соғлом ҳаёт» рукнида Тошкентдаги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти шифокорлари қанча маош олиши ҳақида видео эълон қилган эди. Видеода олий тоифали шифокорлар 1,8 млн сўм ойлик олаётганини айтишади.

Масала бирмунча муҳокамаларга сабаб бўлганидан келиб чиқиб, «Кун. Муносабат» рукнининг навбатдаги сони ушбу мавзуга бағишланди. Унда муаллиф шифокор-журналист Аброр Зоҳидов билан соғлиқни сақлаш соҳаси, хусусан коррупция ва ойликлар масаласида ўз муносабатини билдирди.

«Шифокор пора олмаслиги учун қанча миқдорда маош олиши лозим, деган саволга аниқ-тиниқ жавоб йўқ. Бизда ҳозир шундай иллатли доира шаклланганки, сиз қайси позициядан боқишингизга қараб, жавоб ўзгараверади. Иллатли доира: одамлар шифокорларни ёмонлайди, улар порахўр ва билимсиз, дея. Шифокорлар эса мавжуд тизимни ёмонлайди, эътибор йўқ, пора олишга мажбурмиз, дея.

Лекин бундай давом этиши мумкин эмас. Бу ҳалқа қачондир узилиши керак, ечим топиш керак. Қачондир муаммоларга барҳам берилиши, халқ тизимдан рози бўлиши, сифатли тиббий хизмат олиши лозим. Бунинг асосий йўлларидан бири, дастлабки қадам – уларнинг маошларини ошириш керак.

Тўғри, ҳамма ҳам яхши маош олишни, яхши яшашни истайди. Лекин айнан шифокор ва ўқитувчилар бунга биринчилардан бўлиб етишлари лозим. 1000 доллар деган сўз давлат раҳбари томонидан айтилди. Бу соҳа вакилларида умид уйғотди, уларнинг кайфиятини кўтарди, гўёки бирдан уларга шу миқдордаги маош бериладигандек. Йўқ, бу бирданига бўладиган иш эмас.

Шифокорлар пора олишади, бусиз иложи йўқдек. Бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Биз асосан пора олишга қодир шифокорлар билан кўпроқ тўқнаш келамиз, лекин ишонинг, соҳа вакиллари орасида кунини аранг кўриб юрганлар кўпчиликни ташкил қилади: ҳудудлардаги врачлар, ҳамширалар, умумий амалиёт шифокорлари... Улар мол-ҳол боқиб, бошқа қўшимча ишлар қилибгина амал-тақал қилиб, тирикчилик қиляпти», – дейди у.

Аброр Зоҳидов хусусий клиникалар, бепул ижтимоий тиббиёт, тиббий суғурта, шифокорларнинг маошлар, собиқ иттифоқдан қолган эскирган тизим, соҳани янги ва сифатли босқичга олиб чиқиш борасидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

«Кун. Муносабат» рукни турли мавзуларда Kun.uz журналистлари фикрлари ва муносабатини билдириш учун очилган платформа эканини закий муштарий тушуниб олган, деган умиддамиз. Шунингдек, рукнда турфа соҳа вакиллари ҳам у ёки бу масалага ўз муносабатлари билан чиқишлари мумкин.

Мавзуга оид