Ўзбекистон | 18:32 / 10.12.2020
6633
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурор ўринбосари давлат органларини фуқаролар мурожаатларига вақтида жавоб беришга чақирди

24 ноябридан 3 декабрига қадар Тошкент шаҳрида турли соҳалар бўйича оммавий қабуллар ҳафталиги бўлиб ўтган эди. Расмий маълумотларга кўра, 8 кун давом этган мулоқотлар давомида жами 3 877 нафар мурожаатчининг 3 943 та масаласи кўриб чиқилган.

Уларнинг 1 230 тасига жойида ечим топилган бўлса, 768 та мурожаат эгасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган, 1 945 та масала бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинган.

Қабулларда республика даражасидаги раҳбарлар ҳам иштирок этди. Мурожаатига ечим топилганидан хурсанд фуқаролар ҳам, норози кайфиятдаги шикоятчилар ҳам кузатилди.

Айрим муаммоли мурожаатлар масаласида бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Абдуҳалим Холмаҳматов ўз фикрларини билдирди.

«Анча йиллардан бери ўз ечимини топмай келаётган мурожаатлар ҳам бор. Буларнинг асосийсини мулкий низолардан келиб чиққан мурожаатлар ташкил қилади. Кимдир уй масаласида, ким биландир мерос талашиш масаласида, фуқаровий муносабатлардан келиб чиққан мурожаатлар бор. Булар, албатта, узоқ йиллардан бери ўз ечимини топмай келаётган, тегишли суд инстанцияларида ҳам кўрилган мурожаатлар.

Бундай ҳолатларда прокуратура ҳар битта мурожаат бўйича ўз ҳуқуқий баҳосини беради. Асос бўлса ҳам, бўлмаса ҳам иш материаллари ўрганиб чиқилиб, тегишли ҳуқуқий баҳо берилади.

Айрим ҳолларда қонунда белгиланган 15 кунлик, 1 ойлик муддатда аризани кўриб чиқмасдан, муддатини бузиб, ўтказиб юборган ҳолатлар ҳам бор. Буни биз инкор этмаймиз. Авваламбор, шу мурожаатларни кўриб чиқишга мутасадди бўлган ташкилотлар бунга янаям масъулият билан қарашларини сўраймиз», – дейди Абдуҳалим Холмаҳматов.

Маълумот учун, қонунга кўра, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Мавзуга оид