Ўзбекистон | 15:54 / 11.12.2020
39832
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олди

11 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларус президенти, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Александр Лукашенконинг таклифига биноан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклидаги саммитида иштирок этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Тадбирда ЕОИИга аъзо давлатлар – Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Молдова ва таклиф этилган мамлакат сифатида Куба етакчилари иштирок этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистоннинг кузатувчи мақомини олиш тўғрисидаги мурожаати қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдириб, ЕОИИнинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётгани, ташкилотнинг хорижий мамлакатлар билан амалий ҳамкорлик географияси кенг эканини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги босқичида Ўзбекистон барча халқаро шериклар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни изчил кенгайтириб бориш, шу жумладан Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан мулоқотни ривожлантириш тарафдори экани қайд этилди.

Давлат раҳбари бундай шерикликни ривожлантириш мамлакатларнинг миллий манфаатларига жавоб бериши, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойда ва манфаатларни ҳисобга олиш принципларига асосланган бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Шу йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.

Мавзуга оид