Ўзбекистон | 01:28 / 11.12.2020
13903
4 дақиқада ўқилади

«Синовда оила аъзоларим ҳам қатнашяпти» — вазир вакцина масаласида аҳолини хотиржамликка чақирди

Иброҳим Абдураҳмонов бир неча кўнгиллилар, шу жумладан ўз оила аъзолари ҳам икки ҳафта олдин Хитой рекомбинант вакцинасини олгани, 14 кундан бери бирорта ножўя таъсири кузатилмаганини маълум қилди. «Шунинг учун ҳам мана бугун, синовларга старт берилганида бизда ҳадик йўқ», – деди у.

Коронавирусга қарши Хитой Фанлар академиясининг Микробиология институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган вакцинанинг 3-босқич синовлари Ўзбекистонда ҳам старт олди. Жами 5 минг нафар кўнгилли танлаб олинган.

10 декабр куни шу муносабат билан расмийлар иштирокида тадбир ташкил этилди. Тадбир якунида инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов журналистларга интервью берди.

Нима учун айнан шу рекомбинант вакцина танланди?

— Дунёда ҳозир [COVID-19'га қарши ] 150дан ортиқ вакциналар мавжуд бўлса, шундан 13 таси клиник синовларнинг 3-фазасига етиб келди. Улар орасидан бу вакцинанинг бизга маъқул келган тарафлари шундаки, аввало вируснинг кичкина бир бўлагига асослангани, одам организмига вируснинг умуман бошқа бир қисмлари киритилмаслиги ва вакцина қилинганидан кейин касаллик чақирмаслигидир.

Бунинг хавфсизлиги жиҳатидан бизда шундай ишонч ҳосил бўлдики, ўлдирилган ёки генларга, РНКга асосланган бошқа вакциналардан хавфсизлик даражаси юқорилиги бизнинг эътиборимизни тортди.

Иккинчиси, бу вакцинанинг қўлланиши осон. 4 градус температурада транспортировка қилиш ва сақлаш жудаям осон. Айрим вакциналар ҳатто минус 70 градус температура талаб қилади.

«Бу – илмий тадқиқот. Тартибга амал қилишимиз лозим»

— Энг муҳим жиҳатлардан бири – вакцинациянинг синов жараёнларини тўлиқ хитойлик ҳамкорларимиз билан биргаликда ўтказамиз. Очиғини тан олиб айтамиз, бу жараёнларни ҳам дунё стандартлари даражасида ўтказишни ўрганишимиз керак.

Кўнгиллиларни жалб қилишда тартибга риоя қилиш лозим. Сабаби бу – илмий тадқиқот. Буни тўғри тушунишимиз керак. Масалан, синовларда қатнашган одамлар текширувга келмай қолиб, самарадорликни ўлчаш ишлари чўзилиб кетиши каби ҳолатлар бўлмаслиги керак.

Бир ой давомида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда вакцинация жараёнини амалга оширамиз. Бу бўйича шифокорларимизга тренинглар ўтказдик.

Иброҳим Абдураҳмонов

«Синовда ўз оила аъзоларим ҳам қатнашмоқда»

— Биолог ва генлар инженерлиги билан узоқ йиллар шуғулланган олим сифатида айта оламанки, ушбу вакцинанинг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилгачгина, биринчи ва иккинчи синовларидан яхши ўтганидан кейин, қўшимча эффектлари бўлдими-йўқми, ҳаммасини ўргангандан кейин Ўзбекистонга олиб келиш чораларига ва синовларига розилик билдирдик.

Ва буни сизларга ишонч билан айтишим мумкинки, биринчидан, ўзимнинг оиламда, кўнгиллиларда 14 кун олдин бу вакцинанинг синовини ўтказдик. 14 кундан бери бирорта ножўя таъсирлар кузатилгани йўқ.

Шунинг учун ҳам мана бугун, синовларга старт берилганида бизда ҳадик йўқ. Халқимиздан синовини ўтказиб, бир тажрибага айлантириляпти, деган фикрлардан йироқ бўлишларини сўрардим.

«90 фоиздан юқори одамларда антитела ҳосил бўлиши кутилмоқда»

— Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарияти биринчилардан бўлиб ўзимизнинг оиламиздаги кўнгиллиларда эмлашни амалга оширдик. Ҳозирда антителалар ҳосил бўлиш жараёни кузатувда. Бу биринчи доза вакцина эмлашлари бўлиб, бир ой мобайнида антитела ҳосил бўлиши кутиляпти. Иккинчи дозадан кейин 90 фоиздан юқори, 93 фоизгача одамларда антитела ҳосил бўлиши тахмин қилиняпти.

Вакцинани кўнгиллиларда, ўзлари мурожаат қилган ташкилотларнинг ходимларида амалга оширамиз. Эмлангандан сўнг 35 минут давомида кузатув олиб борилиши керак. Кейин эса 24 соат давомида мулоқотда бўлиб туриш лозим.

Жараён 1 йил давом этади. Шу вақт мобайнида эмланганлар 8 марта тиббий кўрикка чақирилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид