Ўзбекистон | 14:12 / 12.12.2020
8069
2 дақиқада ўқилади

2021 йил 1 январдан республикадаги барча ташкилот ва муассасаларда спорт тарғиботчиси лавозими жорий этилади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддиси: “Спорт билан шуғулланиш дейилганда керак бўлса дарсларни тўхтатиб, стадионларга олиб чиқиб оммавий тарзда бадантарбия ўтказишган”.

10 декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Умид Ражабов аҳоли ўртасида жисмоний фаолликни ошириш мақсадида  2021 йил 1 январдан республикадаги барча ташкилот ва муассасаларда спорт тарғиботчиси лавозими жорий этилиши ҳақида маълумот берди.

Kun.uz мухбири айнан шундай саломатлик тадбирлари бошланиши билан айрим муассасалар ходимларининг турлича шароитда оммавий бадантарбия қилаётгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқда кўпайиши ҳолати юзасидан мутасаддининг фикрлари билан қизиқди.

 Унинг айтишича, спорт билан шуғулланиш ихтиёрий, бу инсоннинг ўз соғлиғи учун яхши. Бундан олдин шундай спорт билан шуғулланиш тарғиб қилинганда кўпчилик нотўғри тушуниб мажбурий тарзда, керак бўлса дарсларни тўхтатиб, стадионларга олиб чиқиб оммавий тарзда бадантарбия ўтказишган. Бундай ҳолатлар масъулларгача етиб борган, ўрганилган.

“Шундай мажбурий бадантарбияларнинг олдини олиш мақсадида бир нечта қарорлар имзоланиб, шулардан биттаси жорий йилнинг 30 октябрида имзоланган “Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш тўғрисида”ги фармон бўлди. Шунга асосан 1 январдан республикадаги барча ташкилот ва муассасаларда спорт тарғиботчиси лавозими жорий этилади”, — деди Умид Ражабов.

Маълум бўлишича, спорт тарғиботчиси ўзи фаолият юритадиган муассасада жорий тартиб-қоидалар асосида спортни бевосита тарғиб қилиш орқали ходимларга ва улар воситасида жамиятга сингдиради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид