Ўзбекистон | 14:07 / 12.12.2020
2901
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда биринчи археологик парк «Арк қўрғони»да ташкил этилади

Бухоро вилояти ҳокимлиги маданий мерос департаменти маълум қилишича, қадимий «Арк қўрғони»нинг 2,5 гектардан иборат археология ҳудудида Ўзбекистонда биринчи археологик паркни ташкил этиш ишлари бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Археологик парк лойиҳаси Ўзбекистондаги Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти томонидан тайёрланяпти. Институтнинг кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб мамлакатда биринчи археологик парк лойиҳаси бўйича халқаро тоифадаги экспертлар таклифлар ишлаб чиқмоқда.

Ўзбекистонда ҳозирча ягона қурилиши кутилаётган археология парки вилоят тарихига ва туризм ривожига катта ҳисса қўшиши ҳамда вилоятга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун янги туризм йўналиши бўлади.

Арк қалъаси Бухоронинг энг қадимги тарихий меъморчилик ёдгорлиги ҳисобланади. У ғарбдан шарқ томон ёйилган еттибурчакни эслатади. Охирги археологик тадқиқотларга қараганда, қалъа деворлари милоддан аввалги IV даврда барпо этилган.

Бугун Арк қўрғонининг сақланиб қолган 1,1 гектар майдонида Бухоро давлат музей қўриқхонаси фаолият юритяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид