Ўзбекистон | 10:10 / 14.12.2020
14506
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хоразм ёшлари билдирган таклифларни қўллаб-қувватлади 

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи чоғида вилоят ёшлари билан алоҳида суҳбатлашди. Давлат раҳбари ёшларнинг таклифлари бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Kun.uz мухбири ёшларнинг айримлари билан билдирилган таклифлар бўйича суҳбатлашди.

Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали талабаси Озода Исмоилова:


 
«Мулоқотда тиббиёт олийгоҳларида махсус халқ табобати фанларини жорий қилиш таклифини билдирдим. Халқ табобати ҳозирда бизда алоҳида фан сифатида мавжуд эмас. Фақатгина айрим фанлар ичида қисқа соатлар ажратилган. 

Тиббиёт соҳаси бизнинг мамлакатда тарихдан ривожланган. Буюк бобокалонимиз Ибн Синонинг асарлари бугун ҳам бутун дунёда фан сифатида ўқитилади. Ана шундан келиб чиққан ҳолда биз бўлғуси шифокорлар замонавий даволаш усуллари билан биргаликда маҳаллий гиёҳлар орқали табиий усулда беморларни даволашни ҳам ўргансак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ушбу таклифимни президентимиз қўллаб-қувватлади». 

Урганч давлат университети талабаси Сирож Алланазаров:  

«Қорақалпоғистон ва Хоразм ҳудудларида ҳали ўрганилмаган бир нечта тарихий ёдгорликлар бор. Давлат раҳбари билан учрашувда мазкур ёдгорликларни ўрганиш бўйича Хоразм археология-этнография экспедициясини ташкил қилиш таклифини билдирдим. Бу экспедиция илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, чет эллик сайёҳларни мамлакатимизга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Таклифим президентимиз томонидан қўллаб-қувватланди».

Урганч давлат университети талабаси Сарвиноз Жуманиёзова:

«Ҳозирда олий таълим муассасаларимизда тарих фанидан таълим олувчи талабалар учун тарихий антропология фани мавжуд эмас. Бу янги фан ҳисобланади. Шунинг учун бу йўналишда мутахассислар тайёрланмайди. Ушбу йўналишда илмий қўлланмалар, монографиялар ва китобларнинг ўзбек тилидаги шакли деярли йўқ.  Мен президентимизга бу бўйича мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни йўлга қўйишни таклиф қилдим. Бу таклифим президентимиз томонидан қўллаб-қувватланди».  

Урганч давлат университети ўқитувчиси Фазилат Машарипова:

«Мен бу учрашувда замонавий ва ноанъанавий турдаги мактабгача таълим муассасасини ташкил қилиш таклифини билдирдим. У ерда ўзимнинг илмий тадқиқотларимни олиб бориш билан бирга, болаларга замонавий, профессионал таълим беришни йўлга қўйишни мақсад қилганман».

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид