Жаҳон | 15:17 / 15.12.2020
5142
2 дақиқада ўқилади

“Нидерландия ёпилмоқда”: мамлакатда беш ҳафталик локдаун жорий этилди

Мамлакатда 15 декабрдан бошлаб мактаб, олий таълим муассасалари, боғчалар, спорт заллари, музей, ҳайвонот боғи, кинотеатр, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ёпилади.

Фото: REUTERS

Нидерландия ҳукумати 15 декабрдан 19 январгача қатъий карантин чораларини жорий этди. Мамлакатда фақат озиқ-овқат дўконлари, банк ва дорихоналаргина ишлайди, деб ёзмоқда Reuters.

“Нидерландия ёпилмоқда. Биз рождество арафасида қабул қилаётган қарорларимиз жиддийлигини билиб турибмиз”, – деди мамлакат бош вазири Марк Рютте.

Мамлакатда 15 декабрдан бошлаб мактаб, олий таълим муассасалари, боғчалар, спорт заллари, музей, ҳайвонот боғи, кинотеатр, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ёпилади. Фақат озиқ-овқат дўконлари, банк ва дорихоналаргагина ишлашга рухсат берилди. 

Аҳолига икки кишидан ортиқ гуруҳ бўлиб тўпланиш тақиқланди. Фақат рождестводан уч кун аввал уч нафар катта ёшлилар тўпланишига рухсат берилди.

Рютте шунингдек, халқаро сафарларни 15 мартгача кечиктиришга чақирди.

“Биз айрим намойишчилар айтаётган беозор грипп билан эмас, ҳар қандай инсонни маҳв этиши мумкин бўлган вирус билан тўқнаш келдик”, – деди у.

Аввалроқ Германияда 16 декабрдан 10 январгача бўлган муддатда озиқ-овқат маҳсулотлари дўконлари ва дорихоналардан бошқа барча дўконлар ёпилиши маълум қилинганди.

Шунингдек, Туркия ҳукумати коронавирусга қарши кураш доирасида 31 декабрдан 4 январгача бўлган вақтга комендантлик соати жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мавзуга оид