Фан-техника | 23:38 / 15.12.2020
34663
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбектелеком»га тегишли компания Навоийда смартфон ишлаб чиқармоқда

Навоийдаги эркин иқтисодий зонада жойлашган «Telecom Devices PRO» МЧЖ томонидан «Ўзбекистон» смартфонлари ишлаб чиқарилмоқда.

Фото: ЎзА

Мутахассис Зарнигор Жуманова лойиҳаси асосида яратилган 64 гигабайт хотира қувватига эга ушбу смартфонлар миллийлик нуқтаи назаридан ички бозорга мўлжаллаб тайёрланди, деб хабар бермоқда ЎзА.

«Ўзбекистон» миллий смартфонлари ўзига хос миллий дизайн ва замонавий кўринишга эга бўлиб, унинг дастурий таъминоти ўзбекона тусга эгалиги билан аҳамиятлидир. Мобил алоқа воситасига Ўзбекистон Республикаси президенти асарлари, классик ва замонавий ўзбек адабиётининг нодир намуналари жамланмаси, радиоинссенеровкалар, 100дан ортиқ ўзбек куй ва қўшиқлари , шунингдек, юртимизнинг энг диққатга сазовор гўшалари тасвири туширилган фото-альбомлар юкланган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, «Ҳукумат» дастури ҳам киритилган бўлиб, дастурга барча вазирликлар, тўрт ҳокимият тизими ишонч телефонлари жойлаштирилган. Телефон рақамлар ўзгариши билан боғлиқ ҳолларда дастур автоматик тарзда янги рақамларни киритиш хусусиятига ҳам эга.

– Айниқса, телефон панелининг марказий қисмига Ўзбекистон Республикаси герби туширилиши ўзига хос янгилик бўлди. Шу билан бирга маҳсулот миллий бренд эканлигини ҳисобга олиб, телефонларни махсус совғабоп қутиларга жойладик. Бошланишига 3000 дона «Ўзбекистон» смартфонлари ишлаб чиқарган бўлсак, айни пайтда маҳсулотимизнинг 50 фоиздан кўпроғи сотилди. Бундан ташқари, болалар телефон қўл соатлари, CDMA 450 стандартидаги стационар телефонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўя бошлаганмиз. Ўз ўрнида чиқараётган маҳсулотларимиздаги хатолар устида ҳам ишлаб, технологиясини мукаммаллаштириш борасида изланишларни давом эттиряпмиз, – дейди «Telecom Devices PRO» МЧЖ раҳбари Нодир Раҳимов.

Электрон кооперация портали маълумотига кўра, ушбу смартфон ишлаб чиқарувчи томонидан 3 миллион 499 минг сўм қийматда таклиф этилмоқда.

Давлат статистика қўмитаси очиқ маълумотига кўра, «Telecom Devices PRO» МЧЖнинг устав фонддаги барча улуш «Ўзбектелеком» АКга тегишли ҳисобланади. 

Мавзуга оид