Тош ҳовли саройининг реставрация лойиҳаси вазирликка тақдим этилмаган — вазир ўринбосари
«Ичан-қалъа» музей-қўриқхонаси расмийси Тош ҳовли саройининг девори таъмири юзасидан 4 ой ўтса-да Маданият вазирлигидан жавоб келмаганини айтганди. Вазир ўринбосари бу маълумотни рад этди.
Тарихий сарой деворининг бир қисми бузилиши жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Кўп ўтмай Маданият вазирлиги ва «Ичан-қалъа» давлат музей қўриқхонаси расмийлари бир-бирига зид баёнотлар билан чиқиш қилди.
Маданият вазирлиги реконструкция учун илмий-эксперт кенгашидан хулоса олинмаганини айтган бўлса, «Ичан-Қалъа» музей-қўриқхонаси илмий котиби Комилжон Худойберганов лойиҳа ва смета август ойида вазирликка топширилганини маълум қилди.
Худойберганов Kun.uz мухбирига берган изоҳида 4 ой ўтган бўлса-да вазирликдан жавоб келмагани, девордаги оғиш тезлашгани боис реконструкцияни бошлашга мажбур бўлишганини таъкидлади.
Маданият вазири ўринбосари – Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Акилова илмий котибнинг бу сўзларини инкор қилди.
«Комилжон Худойбергановнинг сўзлари тўғри эмас. Маданият вазирлигига лойиҳа эмас, балки харажатлар сметаси тақдим қилинди. Аслида олдин лойиҳа қилиниши, у маъқулланганидан кейин харажатлар сметаси тайёрланиши лозим. Биз уларга лойиҳа таклифи кенгашга тақдим этилсин, деб жавоб берганмиз. Аммо лойиҳа тақдим қилинмади», – деди Акилова 15 декабр куни Zoom орқали бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг саволига жавобан.
Маълумот учун, «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасидаги ҳар қандай таъмирлаш-тиклаш ишлари Маданий мерос департаменти қошидаги Илмий-эксперт кенгаши хулосаси асосида бажарилиши ва ЮНEСКО билан келишилиши зарур.
Бош вазир ўринбосари, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия раиси Азиз Абдуҳакимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда воқеага муносабат билдириб, маданий мерос объектлари муҳофазаси тизимини қайта кўриб чиқиш кераклигини айтди.
Мавзуга оид
22:17 / 04.10.2024
Концертларнинг сценарийларини олдиндан текшириш тартиби жорий этилиши мумкин
08:53 / 28.09.2024
Хива вокзали ёнида ерости йўл ўтказгичи барпо этилади
22:36 / 26.09.2024
Чирчиқ дарёсининг 6 км қисмида дам олиш ҳудуди барпо этилади
17:58 / 02.07.2024