Ўзбекистон | 14:40 / 16.12.2020
18782
4 дақиқада ўқилади

«Битта нуқтада миллиардлаб сўм исроф бўлмоқда» — Гулбаҳор Султонова газ таъминотидаги муаммолар ҳақида

Мустақил тадқиқотчи Гулбаҳор Султонованинг газ тарқатиш тизимига оид шахсий изланишлари ҳозирда кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Энергетика тизимидаги муаммолар, айниқса, қишли-қировли кунларда ҳаммани бир савол қийнайди – нега Ўзбекистон газ қазиб олувчи илғор мамлакатлардан бири бўла туриб ўзи газга ёлчимайди? Муҳандис Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу муаммолар соҳага нотўғри ёндашув оқибатида юзага келгани ҳақида гапириб, соҳа муаммолари ечими бўйича ўз таклифларини билдирди.

– Гулбаҳор опа, сизнинг таклифларингиз анча шов-шув кўтарди. Улар амалга ошишини қай даражада реал деб ҳисоблайсиз?

– Бизда реалофобия, яъни реалликдан қўрқиш бор. Мавжуд муаммоларни рўй-рост гапиришдан қўрқамиз. Энергетика вазирлиги ҳам узоқ вақт бу муаммоларни яшириб келган. Айни пайтда мен битта йирик ёки бир нечта кичик газ омборлари қуриш таклифини билдиряпман. Балки вақтинча Қирғизистондаги газ омборини ижарага олиб турармиз.

Лекин бу қурилишлар лойиҳаси тузилгунча, ўзи битиб синовлардан ўтгунича камида 2-3 йил вақт ўтиб кетади. Яъни газ соҳасида мўъжиза бўлиб қолмайди. Бу омборлар имкон қадар конлар яқинида ёки Қамчиқ довони яқинидаги адирликларда қурилиши мақсадга мувофиқ.

– Битта қувур мисолида исроф бўлаётган газни тушунтириб бердингиз. Бу рақамлар аниқ ҳисоб-китобларга асосланганми?

– Албатта. Кўп йиллик тажрибамга кўра ҳаммасини аниқ ҳисоблаб чиққанман. Газни исрофларсиз тўғри сарфласак, камбағалликдан қутулишда, тадбиркорликни ривожлантиришда катта қадам ташлаган бўламиз. Энг муҳими – аҳоли қийналмайди.

Мана, Фарғона вилоятининг бир чеккасидаги қувур мисолида исроф бўлаётган газ мисолида кўриш мумкин. Бутун Ёрмозорни (Гулбоҳор Султонова яшайдиган ҳудуд – таҳр.) таъминлайдиган қувурнинг бошига газ ҳисоблагич ўрнатилган. 850 кўрсаткич билан келаётган газ кейинги нуқтада 500 бўлиб турибди. Чунки ўртада газ қувурида уланиш (задержка) мавжуд, шунинг ҳисобига 350 газ исроф бўляпти. Чунки бу 2012 йилда ўрнатилган бўлиб, бундай босимни кўтаришга кучи етмайди.

Қувурнинг уланган жойи резинага ўралиб, симлар билан боғлаб қўйилган. Босимга дош беролмаган қувур ёрилиб, газ сизиб чиқиб турибди. Газга эҳтиёж юқори бўлиб турган паллада уни исроф қилиш билан бирга экологияга ҳам зарарни кузатиш мумкин. Исроф бўлаётган тахминий газ билан 2000та хонадонни таъминлаш мумкин. Рақамларда эса соатига 3000 куб, бир суткада 72000 куб, беш ойда 10 млн 800 минг куб газ шу ерда йўқотиляпти. 4 млрд 104 млн сўм мана шу битта нуқтанинг ўзида исроф бўляпти.

Мана нореал дебиторлик, аҳоли гарданига тушадиган катта қарзлар қаердан келиб чиқяпти. Ахир бундай нуқталардан нечта?! Бунинг учун катта калла керакмас.

– Газ омборида газ ҳам қишда қуюқлашиб, бефойда бўлиб қолмайдими?

– Бундай омборлар махсус компрессор станциялар, сепараторлар билан жиҳозланади. Қувурдаги газнинг меъёрида ҳаракатланиши учун зарур чоралар кўрилади. Биздаги жиддий муаммо айнан қувурлардаги газнинг исрофсиз ва меъёрида ҳаракатланиши бўйича тадқиқотлар йўқлиги ва бунга илмий жиҳатдан ёндашилмаётганидир. Ўйлайманки, таклифларим инобатга олинади.

Элмурод Эрматов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид