Ўзбекистон | 18:02 / 16.12.2020
41534
3 дақиқада ўқилади

Экспортни қисқартириб, газни аҳоли эҳтиёжларига йўналтириш бўйича кўрсатма берилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинди.

Йиғилишда соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, энергия ресурслари таъминотини яхшилаш чоралари муҳокама қилинмоқда.

Қиш мавсумида тармоқ ва ҳудудларда узлуксизликни таъминлаш учун суткасига 10-12 миллион киловатт-соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди. Бу қувватни «Тошкент», «Сирдарё», «Янги Ангрен» электр станцияларидаги 900 мегаваттли 5та энергоблокни ишга тушириш ҳисобидан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Узилишларга, асосан, тақсимловчи тармоқларнинг 60 фоизи эскиргани ҳамда электр энергиясига талабнинг ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Шу боис паст ва ўрта кучланишли тармоқларни босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросига тезроқ киришиш зарурлиги таъкидланди.

Қашқадарё ва Фарғонада – 3 минг километрдан, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятида – 2,5 минг километрдан, Қорақалпоғистон, Наманган ва Хоразмда – 2 минг километргача паст кучланишли линиялар фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган.

«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқислик мавжуд. Оқибатда мингдан зиёд маҳаллада табиий газ босими пасайган.

Газ тизими билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, балки ўттиз йилдан бери бизни қийнаб келаётганидан барчамиз хабардормиз. Лекин буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда», – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари пандемия бошланганидан бери биз газ сотилмаётганини ва асосан аҳоли эҳтиёжлари учун сарфланаётганини таъкидлади. Соҳа мутасаддиларига ҳудудларга чиқиб, муаммоларни бевосита ўрганишлар зарурлигини билдирди.

Газ экспортини қисқартириб, аввало аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берилди. Бунинг ҳисобига кунига 7-8 миллион куб метр табиий газ қўшимча равишда ҳудудларга йўналтирилади.

«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқ́ислик мавжуд. Шунинг учун, куни-кеча газ экспортини қисқартириш бўйича топшириқ бердим. Бунинг ҳисобига, кунига 7-8 миллион куб метр газ қўшимча равишда аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилади», деган президент.

Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун яна 217 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилган.

Самарасиз ишлаётган 25та конни инвесторларга «риск-сервис контракт» шартлари асосида бериб, табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш мумкинлиги айтилди.

Мавзуга оид