Жамият | 12:06 / 16.12.2020
34595
2 дақиқада ўқилади

«Марҳумнинг ўлимига умуман алоқам йўқ» – Гулжаҳон Йўлдошева судда кўрсатма берди

Тошкент вилоятининг бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жиноят иши юзасидан суд жараёнлари давом этмоқда. 14 декабр куни навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Аввалги суд мажлисида сўроқ қилинган шифокорлар коронавирусдан вафот этган бемор (марҳум) Фаррух Рустамовнинг бошқа шифохонага кўчирилишида Йўлдошеванинг тўғридан тўғри аралашуви бўлмаганини айтишган эди.

Бу галги суд мажлисида Гулжаҳон Йўлдошеванинг коронавирусга чалинган бемор (марҳум) Рустамовнинг бошқа шифохонага кўчирилишига доир вазият, шунингдек, бюджет маблағларини талон-торож қилинишига доир айбловлар юзасидан кўрсатмалари тингланди.

Йўлдошева ўз кўрсатмаларини унга қўйилган энг катта айблов, яъни одам ўлиши билан боғлиқ жиноят содир этганликда айблангани учун айбловнинг 19-эпизодидан бошлади. У бунинг сабабини айнан шу айблов ҳаётини ўзгартириб юборгани ва бир ойдан ошиқроқ вақт давомида қамоқда ётишига сабаб бўлгани билан изоҳлади.

Йўлдошева марҳум Фаррух Рустамовнинг Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонасидан вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансерига ўтказилишида умуман иштирок этмаганини, бемор бошқа касалхонага ўтказилаётган вақтда шифохонада бўлмаганини таъкидлади.

Шунингдек, пандемия вақтида шифохонада етарлича шароит бўлмагани, оғир беморларга қарашда шифокорлар етишмаганини, ҳар бир бемор билан алоҳида ишлаш имкони бўлмаганини ҳам қўшимча қилди.

Йўлдошева, шунингдек, унга нисбатан қўйилган давлат бюджети маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ҳам кўрсатма берди.

Йўлдошева ўз кўрсатмасидан кейин давлат айбловчилари ва адвокатлар томонидан берилган саволларга жавоб берди.

Мажлис тафсилотлари билан батафсил Kun.uz'нинг YouTube'даги каналига жойланган видеорепортаж орқали танишишингиз мумкин.

Суд 17 декабр куни соат 11:00га қадар танаффус эълон қилди.

Мавзуга оид