Евроиттифоқ Telegram ва «ВКонтакте»ни «қароқчиликни кузатиш бўйича рўйхат»га киритди
Telegram ва «ВКонтакте» ноқонуний контентга қарши курашаётгани ҳақида хабар берган бўлса-да, муаллифлик ҳуқуқи эгаларидан кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда, дея маълум қилди Еврокомиссия. Шу муносабат билан у ҳар икки ресурсни «қароқчиликни кузатиш бўйича рўйхат»га киритди.
Еврокомиссия қароқчиликни тарғиб қилувчи ва ундан фойда кўриши мумкин бўлган ресурсларнинг янги рўйхатини эълон қилди. Рўйхатга биринчи марта Telegram мессенжери ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоғи киритилди.
Рўйхат муаллифлик ҳуқуқи эгалари гуруҳларининг ҳисоботлари асосида тузилган. Уларнинг хабар беришича, Telegram фойдаланувчилари турли каналлардан фойдаланган ҳолда «ноқонуний контент, хусусан, мусиқа, китоблар, янгиликлар, фильмлар ва теледастурлар билан алмашмоқда». Бундан ташқари, обуначилар, Еврокомиссияга кўра, ўғирлаб олинган контент жойлаштирадиган бошқа сайтларга ҳаволаларни ҳам кўрсатади.
«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи ҳам муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг кўплаб шикоятлари туфайли рўйхатга киритилди, дейилади ҳужжатда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари китоблар, махсус ўрнатилган видеоплеерлар орқали фильмлар ва теледастурларни рухсатсиз кўриши мумкин.
«Қидирув функцияси фойдаланувчиларга муаллифлик ҳуқуқини бузадиган контентни осонлик билан топишга имкон беради», — дейилади ҳужжатда.
Telegram ҳам, «ВКонтакте»ҳам «қароқчиликни кузатиш бўйича рўйхат»га киритилишига қарши чиқди. Telegram’нинг Еврокомиссияга хабар беришича, «ўз платформасида бундай контентга йўл қўймайди» ва уни 24 соат ичида ўчириб ташлайди. «ВКонтакте» ҳам «қароқчиликка қарши курашаётгани»ни таъкидлади. Хусусан, ижтимоий тармоқда муаллифлик ҳуқуқи эгаси муаллифлик ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида электрон шакл орқали шикоят қилиши мумкинлиги кўрсатилган. «ВКонтакте» маълумотига кўра, унинг ходимлари 1,36 миллиондан ортиқ бундай шикоятларни кўриб чиқди ва аксарият ҳолатларда контент ўчириб ташланди.
«Биз «ВКонтакте» ушбу рўйхатга киритилганидан ҳайратда қолдик, чунки кўп йиллар давомида муаллифлик ҳуқуқи эгалари билан турли соҳаларда фаол алоқада бўлиб келмоқдамиз», — дея ижтимоий тармоқ матбуот хизматининг сўзларини келтирган «РИА Новости».
Хусусан, «ВКонтакте» видеоконтент муаллифлари билан муваффақиятли ҳамкорлик ўрнатган, дея қўшимча қилинган маълумотда. «Биз муаллифлик ҳуқуқини рақамли технологиялар билан ҳимоя қиламиз ва ахборотни нусхалаш ҳамда тарқатиш соҳасида замонавий технологик ютуқлар пайдо бўлиши билан уни доимий равишда ўзлаштириб борамиз. Шунингдек, биз энг йирик кинокомпаниялар ва телеканаллар билан бевосита ҳамкорлик қиламиз», — дея хабар берди компания. Қўшимча қилинишича, «агар ҳуқуқларнинг мавжудлиги исботланса, зиддиятли контентга кириш зудлик билан чеклаб қўйилади».
Июл ойида Group-IB компанияси ўғрилаб олинган контентни кўрсатувчи онлайн кинотеатрлар қандай ресурслар ҳисобига ривожланаётганини аниқлади. Асосий реклама берувчилар ноқонуний казинолар ва букмекерлар бўлиб чиқди, инфратузилма эса қонуний компаниялар томонидан тақдим этилган. Group-IB маълумотларига кўра, бундай ресурслар букмекерлик идорасидан у орқали жалб қилинган ўйинчи ютқазган пул миқдорининг ўртача 20-40 фоизини олади.
Мавзуга оид
08:35 / 12.11.2024
Евроиттифоқ Россиянинг соядаги флотига қарши санкциялар тайёрламоқда
18:03 / 03.11.2024
Telegram мини-иловалар учун янги функцияларни жорий қилади
19:23 / 02.11.2024
Белгия Telegram терговида Франция билан ҳамкорлик қилади
12:50 / 02.11.2024