Жамият | 18:19 / 17.12.2020
19223
4 дақиқада ўқилади

ДХХ коррупция ва фирибгарликка қарши тезкор тадбирлар ўтказди

Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармалари ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари иштирокида Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Жиззах, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари ҳудудларида коррупция ва фирибгарликка қарши ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди.

Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликларидан бирида ишловчи мансабдор шахс Навоий вилоятида рўйхатдан ўтган МЧЖга Тошкент шаҳри ҳудудидан 16 сотих ер майдонини расмийлаштириб Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли қарорини чиқартириб бериш эвазига тадбиркордан ҳар бир сотих ер учун 22 минг АҚШ долларидан жами 352 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида ушбу шахс сўралган пулдан 35 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ ходимларининг департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган бошқа бир тезкор тадбири давомида Тошкент вилоятидаги шаҳар хокимликларидан бирида масъул лавозимда ишловчи шахс маҳаллий фуқарога шаҳар ҳудудидан 15 сотих ер майдони олишида ёрдам бериш эвазига ундан 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, сўралган пулнинг 4,5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур шахс дастлабки ҳужжатларни тайёрлаш учун муқаддам 5,5 минг доллар олгани ҳам маълум бўлди.

Тошкент вилоятида қайд этилган яна бир ҳолатда эса муқаддам 4 марта судланган шахс Бўстонлиқ тумани Ҳожикент қишлоғидаги 1 гектар ер майдонини туман ҳокимлигидаги танишлари орқали маҳаллий фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 160 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 80 минг долларини олган вақтида ушланди.

Ушбу 1 гектар ер майдони 80 минг долларни олиш учун фирибгар шахс билан бирга келган, унинг икки нафар қариндоши номига 2007 йилда деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун расмийлаштириб берилгани аниқланди.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Самарқанд вилояти Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Ургут туман филиалининг мутахассиси туман ҳокимининг тумандаги «Сариқтепа» массиви ҳудудида жойлашган 15 сотих ташландиқ ер майдонига эгалик ҳуқуқини берувчи қарорини чиқартириб, тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 2000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги сув истеъмолчилари уюшмаларидан бирининг раиси боғдорчиликка мўлжалланган ер майдонларини полиз экинлари экишга бериш орқали шахсий моддий манфаатдор бўлиш мақсадида ваколатини суиистеъмол қилиб, маҳаллий фермер хўжалигининг 4 гектар ер майдонини Гулистон шаҳрида яшовчи фуқарога ажратиб бериш эвазига 20 млн сўм олган вақтида ДХХ ҳамда департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, Жиззах вилояти Зарбдор тумани Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими ходими Шароф Рашидов туманида яшовчи фуқарога чорвачилик фермер хўжалиги ташкил этиши учун Зарбдор тумани ҳудудидан 40 гектар ер майдони расмийлаштириб олишига ёрдам беришини айтиб, хизмати эвазига 2000 АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида кадастр ходими сўралган пулдан 10 млн сўмни олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ноқонуний ишларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид