Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Меҳнат қиляпмиз, баракасини беряпти» — Балиқчилик ҳунармандлар оиласи хонадонида
Чекка қишлоқда ҳунари ва меҳнати ортидан оиласи билан бекам-у кўст ҳаёт кечириб, маҳалладошларини ҳам ишли қилаётган ҳунармандни йўқлаб, Андижон вилояти Балиқчи туманининг Сиза қишлоғида бўлдик.
Шодмонали Тешабоевлар оиласи ўз ҳунарининг устаси сифатида ҳурмат топган. Хонадондаги устахонада қирқдан зиёд турдаги саватлар тўқилади.
Маҳсулотлар – харидоргир. Уста доимий мижозларнинг буюртмалари асосида иш олиб боради. Ҳунарманд қўни-қўшниларини ҳам иш билан таъминлаган.



«Мана шу ҳунар билан 20 йилдан бери шуғулланиб келяпмиз. Ота-бобомиздан қолган касб. Шунинг орқасидан оила боқяпмиз. Аллоҳга шукр, шунчалик ризқини беряпти. Мана шу ҳунар орқасидан шогирдлар етиштиряпмиз.

Олдинлари оддий нон сават бўлган бўлса, ҳозир мана, 40 хилга етказдик. Оддий сават бор, «корзинка», қопқоқли сават, «гул сават», юрак шаклидаги, квадрат ва яна ҳар хил турлари бор.
Биринчи бўлиб аёлим, кейин фарзандларим ўрганди. Ҳозир оилавий шу ҳунар билан шуғулланамиз», – дейди Шодмонали Тешабоев.
Ҳунарманд бизга маҳсулот қандай тайёрланишини босқичма-босқич кўрсатиб берди. Сават асосан толдан тайёрланади. Тол новдалари кесиб олингач, новда қайнатиб олинади. Сўнг пўстлоғидан тозаланиб ишлов берилади. Бу иш билан қўшни аёллар шуғулланар экан.
«Биз тол новдасини олиб, унинг пўстлоғини арчиб берамиз. Бир кунда 10 боғдан новда арчийман. Бир боғи 4 минг сўмдан. Кунига 40 мингдан пул топамиз», – дейди қўшни аёл Гулшаной Қўчқорова.





Сават тайёр бўлиши конвейер усулида экан. Новдалар махсус ускунада арчилиб, лента ҳолатига келтирилади. Бир уста маҳсулотнинг таг қисмини, яна бири ўқларини тўқиса, яна бири атрофларини тўқиб чиқади. Саватнинг боғичини тўқиш яна бир шогирд қўлидан ўтар экан.
Устанинг аёли Барнохон Тешабоева эса тўқилган тайёр маҳсулотни лаклаб, унга ранг беради.
«Уйдан чиқмай меҳнат қилсангиз, ҳамма нарсага улгурар экансиз. Худога шукр, шу меҳнатимиз орқасидан қизлар чиқардик, машиналар олдик. Энди келин олишга ҳаракат қиляпмиз.
Тўғрисини айтганда, сават тўқиганда даромаддан кўра одамнинг баҳри дили очилади. Қўни-қўшнилар билан ҳангомалар бўлади, кулишамиз, вақти келганда қўшиқлар айтишамиз. Маҳалладаги тўйларга ҳам боришга улгурамиз», – дейди Барнохон Тешабоева.

Ҳунарманд хонадон эгалари қўни-қўшниларни мавсум пайтида иш билан таъминлаб, кунига 40-50 мингдан пул тўлашади. Бу – ойига бир миллиондан ортиқ дегани. Қишлоқ шароитида бу кўнгилдагидек маош. Оиланинг бир ойлик даромади эса 6 миллион атрофида экан.
Бу ерда ойига 200 донага етказилиб сават тўқилади. Буюртмачиларнинг кўпи Тошкентдан. Саватларга катта-кичиклигига қараб 25 мингдан 45 минг сўмгача нарх қўйилган.
Чиройли ва пишиқ тўқилган саватларга Фарғона вилояти ва қўшни Қирғизистондан ҳам харидорлар келишмоқда.
Ҳунарманднинг иши билан танишгани келган Балиқчи туман ҳокими, Шодмонали акага тол етиштириш учун 1,5 гектар ер майдони ажратиб берибди. Энди ҳунарманд ишлаб чиқаришни янада кенгайтирмоқчи.


Устадан таълим олган шу қишлоқлик шогирд йигит Алишер Қурбонов ҳам уйида сават ишлаб чиқаришни бошлабди.
Сиза қишлоғига сафаримиздан хулосамиз шу: ҳунар ўрганиб, меҳнат қилган ҳеч қачон кам бўлмайди; эл-юртга ҳам фойдаси тегади.
Элмурод Эрматов,
Жаҳонгир Маҳмудов.
Мавзуга оид
15:44 / 14.05.2025
Балиқчида масъуллар бюджет маблағларини сохта ҳужжатлар билан ўзлаштиргани аниқланди
10:40 / 27.10.2024
Андижон вилояти Балиқчи туманида бир оиланинг 70 аъзоси бирга сайловга келди
17:56 / 22.08.2024
Балиқчи тумани ҳокими ўринбосари қамоққа олинди
13:07 / 10.04.2024