Ўзбекистон | 17:14 / 17.12.2020
4401
3 дақиқада ўқилади

“Навоийда пандемия даврида аҳолини қўллаб-қувватлашга 32 млрд сўм маблағ йўналтирилган” — Навоий вилояти ҳокими

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Бугун халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2021 йилги режалар ва устувор вазифалар юзасидан вилоят ҳокими Қобил Турсуновнинг мурожаатномаси тингланди.

Ҳокимнинг таъкидлашича, пандемия даврида вилоятда аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 32 млрд сўмлик маблағлар йўналтирилган. Жумладан, “Меҳр ва шафқат” жамғармаси ҳисобидан 4,5 млрд сўм, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 25,2 млрд сўм ажратилган.

— Жорий йилда маҳаллийлаштириш дастуридаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 58 турдаги 227 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада 22 млн доллар тежалишига эришилди. Бундан ташқари, вилоятда энергия самарадор технологияларни жорий қилиш бўйича 3 трлн 467,4 млрд сўмлик 90 та лойиҳа амалга оширилди. Улар томонидан 2 трлн 187 млрд сўмлик энергия тежовчи технологиялар олиб келинди. Бунинг ҳисобига 242 млрд сўмлик электр энергияси ва 305 млрд сўмлик табиий газ иқтисод қилинди, — дея таъкидлади Турсунов.

Мурожаатномада маълум қилинишича, якунига етаётган йилда янгидан ташкил этилган 3 997 та кичик бизнес субъекти ҳисобидан бюджетга жами 6,8 млрд сўмдан ортиқ тушум туширилиб, қўшимча 5,1 мингга яқин янги иш ўрни яратилган. Вилоятда жорий йил учун 140,2 млн долларлик маҳсулотлар экспорти режалаштирилган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 126 млн долларга бажарилган. Қурилиш соҳасида ҳудудда 745 млрд сўмлик иш бажарилган.

Қобил Турсунов 2021 йилда амалга оширилиши кутилаётган вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

“2021 йилда 26 трлн сўмлик 26 955 та лойиҳанинг амалга оширилиши ҳисобига 62 430 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, жами саноат маҳсулотлари ҳажмини 74 трлн 970 млрд сўмга, ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини эса 6 трлн 546 млрд сўмга етказишни мақсад қилиб олганмиз. Қишлоқ хўжалиги йўналишида 6 трлн 893 млрд сўмлик 25 104 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 44 803 та янги иш ўринлари ташкил этилади. Жумладан, 14 590 гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонларида 490 та сув тежовчи технологияларни ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилади. Чорвачилик йўналишида 453 та лойиҳада 64 744 бош чорвачилик қувватлари ташкил этилади. Қоракўлчилик хўжаликларида 279 дона тик қудуқ қазиш бўйича 264 та лойиҳа фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, 12 474 гектар майдонда 386 та томчилатиб суғориш лойиҳаси, 654 гектар майдонда 651 та иссиқхона, 2 950 гектар майдонда 2 та мойли экинлар экишга мўлжалланган лойиҳа ишга туширилади. Энг муҳими, ҳар бир шаҳар ва туманнинг ички имконият ва хусусиятлари инобатга олиниб, уларнинг ўсиш нуқтаси ва иқтисодиётнинг драйвер соҳалари белгилаб олинди”, — дея таъкидлади ҳоким.

Сессия якунига етгач вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид