Ўзбекистон | 18:16 / 18.12.2020
3613
2 дақиқада ўқилади

Moderna ишлаб чиқаришдаги нуқсон сабабли 400 минг доза вакцинасини йўқ қилди

400 минг доза вакцина 1,4 миллиона дозадан иборат партиянинг бир қисми бўлган.

Фото: Reuters

Американинг Moderna биотехнология компанияси ишлаб чиқаришда юзага келган муаммолар сабабли коронавирусга қарши мўлжалланган 400 минг доза вакцинасини йўқ қилишга мажбур бўлди.

Хусусан, якуний босқичда филтрация фаолиятида носозлик қайд этилди, деб ёзади Bloomberg АҚШ ҳукуматининг вакциналар бўйича маслаҳатчиси Монсеф Слауига асосланиб.

Унинг сўзларига кўра, 400 минг доза вакцина 1,4 миллион дозадан иборат партиянинг бир қисми бўлган.

“Бундай носозликлар мураккаб технологик жараёнлар учун одатий ҳол”, — дея таъкидлади иммунолог.

“Moderna бу ойда режалаштирилган 20 миллион доза вакцинани ишлаб чиқара олади ва 2021 йилнинг биринчи чорагида АҚШ учун 85 миллиондан 100 миллион дозагача вакцина ишлаб чиқаради”, — деб маълум қилди Moderna вакили Рэй Жордан.

Аввалроқ АҚШ ҳукумати коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиққан компанияларга, жумладан Pfizer ва Moderna’га уларнинг вакциналарини синаган кўнгиллиларда жиддий иккиламчи таъсирлар пайдо бўлса, жавобгарликдан иммунитет берганди.

Мавзуга оид