Ўзбекистон | 11:29 / 18.12.2020
21453
4 дақиқада ўқилади

ССВда янги вазир келгач 7 ҳудудда бошқарма бошлиқлари алмашди

2020 йилнинг ноябрь ойи бошида Абдуҳаким Ҳожибоев Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига айлангач, тизимда 7 ҳудудда бошқарма бошлиқлари ўзгарди.

17 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруқлари билан Андижон, Наманган, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида соғлиқни сақлаш бошқармаларига янги бошлиқлар тайинланди.

Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аваз Ҳошимович Абдураҳмонов лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнига шу вақтгача Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи вазифасида ишлаб келган Салоҳиддин Ғуломжонович Юсупов тайинланди.

Салоҳиддин Юсупов

Салоҳиддин Юсупов муқаддам Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари каби лавозимларда ҳам фаолият юритган.

Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобохон Шукуров лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнини шу вақтгача Сурхондарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи лавозимида ишлаб келган Комил Муртазоевич Абдивоҳидов эгаллади.

Комил Абдивоҳидов

Комил Абдивоҳидов муқаддам Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Термиз филиали директори, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари каби лавозимларда ҳам фаолият юритган.

Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Купалбай Тангрибердиев лавозимдан озод этилиб, Иноят Саъдуллаевич Ҳажиев бошқарманинг янги бошлиғига айланди.

Иноят Ҳажиев

Иноят Ҳажиев ўз фаолияти давомида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси, кейинчалик янги ташкил қилинган Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг раиси каби масъул лавозимларда фаолият юритган. Тайинловга қадар президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Хоразм вилояти филиали  раҳбари вазифасида ишлаб келаётганди.

Шунингдек, Абдилходи Муҳиддинович Иминов Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У бу лавозимда Солижон Мўминовнинг ўрнида иш бошлади.

Абдилходи Иминов

Абдилходи Иминов ўз фаолияти давомида Наманган шаҳар 1-cонли оилавий поликлиникаси бош врач ўринбосари, Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош врачи, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган, шу кунгача Наманган шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Ноябрь ойи охирида Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали директорлигига ўтказилган, филиалнинг собиқ директори Равшан Тўлаков эса унинг ўрнига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди.

Равшан Тўлаков

3 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов лавозимини тарк этган ва унинг ўрнини вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Абдуҳаким Ҳожибоев эгаллаганди.

6 ноябрь куни президент қарори билан Анвар Валиевич Алимов Cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари этиб тайинланди. У бир вақтнинг ўзида Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ҳам ҳисобланади.

Анвар Валиевич Алимов

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига 2019 йил июнидан раҳбарлик қилган Ботирбек Исабеков 2020 йил август ойида лавозимидан озод этилганди. Ўшандан кейин бошқарма раҳбари лавозими бўш турганди.

9 ноябрь куни эса Мурад Исмаилович Қурбанов Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди.

Мурад Қурбанов

У октябрь ойи охирида соғлигидаги муаммо туфайли ўз аризасига кўра ишдан бўшаган Отажон Ҳамроев ўрнида иш бошлади.

Мавзуга оид