Жамият | 15:28 / 19.12.2020
12398
10 дақиқада ўқилади

Иссиқлик манбаи: Унутилган соҳа ва бундан жабр кўраётган Самарқанд аҳолиси

Агар бугун ҳеч бўлмаганда йирик шаҳарларда марказлашган иссиқлик тизими (отопление) сақланиб қолганида эди, табиий газ ва электр таъминоти бунчалик кўп муаммолар гирдобида қолмаган бўларди. Одамларни «совуқда қандай жон сақлар эканмиз?» деган савол камроқ қийнарди.

Ҳозирда бизда иситиш тизимининг ўзи йўқ десак таажжубланишингиз мумкин. Аммо фактларга мурожаат қилсак, амалда деярли шундай бўлиб чиқмоқда. Мисол учун, Самарқанд шаҳрида бугун мингдан зиёд кўп қаватли уйларнинг фақат 54тасига иссиқлик берилади, холос. Каттақўрғон шаҳрида шу ҳам йўқ. Бошқа вилоятлардаги айрим шаҳарларда ҳам худди шу муаммо.

Бу йилги куз-қиш мавсумида тегишли ташкилотларнинг барчасига энг кўп мурожаатлар иситиш бўйича бўлаётгани аниқ. Оиласини совуқдан асраш масаласи ҳар икки хонадон соҳибидан бирининг оғир муаммосига айландики, муаммо Сенат ва президент тилига тушди.

Мутасаддилар газ ва электр таъминотидаги узилиш ва етишмовчиликлар сабаби ҳақда жуда кўп фикрларни айтишмоқда. Бироқ бу етишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири — деярли барча шаҳарларда марказлашган иссиқлик тизими ишдан чиққани билан боғлиқ.

Электр тармоқлари масъулларидан узилишлар ҳақда сўрасангиз «Агар истеъмолчилар электрдан фақат ёритиш ва маиший жиҳозларни ишлатиш учун фойдаланса, у ҳаммага етади», дейди. Табиий газ тармоғида ҳам шунга ўхшаш фикрлар бир неча марта билдирилди: «Газ аслида фақат овқат пишириш ва чой қайнатиш учун...». Аслида бу гапларда ҳам жон бор, айниқса, кўп қаватли уйларда табиий газ печлари билан уйни иситиш хавфли. Техник томондан мумкин ҳам эмас. Аммо иссиқлик таъминотининг ўзи бўлмагач, халқда бошқа танловнинг ўзи қолмади.

Дарвоқе, айнан иситиш тизими йўқлиги учун ҳам кунда-кунора қайсидир ҳудуддаги хонадонда бутун бир оила аъзолари ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақда эшитяпмиз. Чунки юқорида айтилганидек, уйлар аслида иссиқлик тармоғи орқали иситилиши керак (эди).

Газ ва электр етишмаслиги ҳақда ҳар сафар савол берилганда мутасаддилар бунга жавобан олдинги йиллардагига қараганда кўпроқ табиий газ ва электр берилаётганини айтишади. Олдингидан кўп берилаётган бўлса-да, нега етмаётганини энди тушунаётгандирсиз? Ўз вақтида алоҳида эътибор берилмаган, катта маблағ ажратилмаган, сақлаб қолинмаган бу тизим бугун коммунал соҳанинг деярли издан чиқишига сабаб бўлмоқда.

«Унутилган», «эътиборсиз қолдирилган» каби гаплар билан ҳукм чиқаришнинг ўзи бўлмайди, албатта. Шунинг учун Самарқанд шаҳри мисолида иссиқлик таъминоти аҳволига кўз югуртирамиз.

Сиз суратларда кўриб турган иссиқлик қозонхонаси 1962 йилда қурилган. Бир вақтлар мана шу иншоотнинг ўзи Сартепадан Регистонгача бўлган (шаҳарнинг қарийб ярми) кўп қаватли уйлар ва корхона ташкилотларни иссиқлик билан таъминлаган: 381та кўп қаватли уйлардаги 22 мингга яқин хонадон иситилган. Йиллар давомида иссиқлик трассаси, ички тармоқлар ва иншоотнинг ўзи эскириб ишдан чиқа бошлаган, шунча давр мобайнида тармоқлар деярли янгиланмагани сабабли иситиладиган уйлар сони тобора қисқариб бораверган.

Сўнгги марта бу улкан иншоот 2016 йил шаҳарнинг Сартепа мавзесидаги уйларга иссиқлик берган. Ўша йили кичик бир эътиборсизлик билан бу ҳудуддаги тармоқлар ҳам ишдан чиққанди. Аниқроғи, 2016 йил 24 ноябрга ўтар кечаси тонггача электр тармоғида узилиш бўлгани сабабли иссиқлик қувуридаги сувлар музлаб, ёрилиб кетган ва шу билан мазкур ҳудуд ҳам «охиргилардан бўлиб» иссиқликдан маҳрум бўлганди.

Самарқанд «Иссиқлик манбаи» ДУКка қарашли қолган қозонхоналар тарихи ҳам узоқ йилларга тақалади. Аниқроғи, шаҳарни таъминлаган яна уч қозонхонанинг иккитаси 1973 йилда, яна биттаси 1974 йилда қурилган. Шундан кейин мана ярим аср ўтиб ҳам шаҳарда йирик марказлашган қозонхона қурилган эмас. Қурилмагани майли, борлари ҳам ўз вақтида модернизация қилиниб, сақлаб қолинмади.

Аксинча, «Иссиқлик манбаи» балансидаги қатор мулклар вилоят кенгаши қарори билан хусусий тадбиркорларга бериб юборилди. Ҳозирда бир ҳовуч уйларга бораётган иссиқлик эса кейинги йилларда қурилган саноқли локал қозонхоналар ёрдамида етказилмоқда. Марказлаштирилган тизим ҳозир амалда шаҳарда мавжуд эмас. Натижани эса бугун кўриб турибсиз...

Дарвоқе, шаҳарда иссиқлик тизими тикланади, деган хабарлар анъанавий тарзда ҳар йили айтилади. Масалан, Самарқандда бу каби лойиҳалар ҳақда 2015 йилдан бери айтиб келинади. Бир мутасадди эндиги йил соҳага давлат дастури асосида катта маблағ ажратилиши ҳақда эълон қилса, бошқаси тизимни тиклаш учун катта миқдорда хорижий маблағлар жалб этилаётганини айтиб, эндиги йил албатта иссиқлик тизими ишлашига ваъда беради. Ваъдалар билан қулоқ қизиши мумкиндир, бироқ уйлар исимайди...

Юқоридаги каби режа ва дастурларда локал қозонхоналар ҳақда ҳам кўп гапирилади. Мисол учун, 2017 йил Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари шундай иншоотлар ҳақда маълумот бериб, «Кимёгарлар» қўрғонидаги Тараққиёт кўчасида локал қозонхона қурилаётгани, бу иншоот атрофдаги бир неча кўп қаватли уйларни иситиши ҳақда айтган ва бу маълумот маҳаллий газеталарда чоп этилганди. Буни қарангки, уч йил ўтиб ҳам ўша ҳудудда локал қозонхона қурилмади. 30дан ортиқ 5 ва 9 қаватли уйлар жойлашган бу шаҳарчадаги ўн минглаб аҳоли сўнгги марта 13 йил олдин иссиқликдан баҳраманд бўлган.

Хўш, тизим тикланадими ёки йўқми?

Издан чиққан иссиқлик тизими қайта тикланадими? Модомики, бу тизимнинг йўқлиги бутун коммунал соҳани издан чиқараётган экан, демак, соҳа қайта тикланиши шарт. Айни вақтда соҳани тиклаш бўйича бир неча ташкилот аниқ ишлар бошланганини қатъий таъкидламоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бўлим бошлиғи Раҳимжон Аҳмедовнинг маълум қилишича, ҳукумат қарори билан нафақат Самарқанд шаҳри балки вилоятдаги яна 12та туман ва шаҳарда иссиқлик таъминоти тикланади.

Худди шундай монополияга қарши кураш бошқармаси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят органи ҳам соҳа шак-шубҳасиз тикланиши, бунинг учун ҳар қанча маблағ кетса ҳам ажратилишини маълум қилмоқда.

  

Айни вақтда Самарқанд шаҳридаги йирик қозонхоналардан бири РК-1 иншоотида таъмирлаш ишлари бошланган. Модернизация ва реконструкция ишларини тендер ғолиби сифатида олиб бораётган корхонага 14 млрд сўм аванс ҳам ўтказиб берилган.

Умуман, тизимни яхшилаш учун президентнинг 2018 йил 19 декабрдаги 4067-сонли қарорига асосан, корхонани модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жалб қилиш мақсадида бюджет маблағлари ҳисобидан 66,4 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Яна бир синов шуки, иссиқлик тизимини бутунлай тиклаш учун эндиликда бир неча йил керак бўлади. Чунки ўтган асрнинг 60-70 йилларида қурилган қозонхоналарни модернизация қилишдан ташқари чириб кетган, алмаштириш шарт бўлган тармоқларнинг ўзи 100 километрдан ошиши мумкин. Қолаверса, соҳани тиклаш бўйича лойиҳа ҳам 2020-2024 йилларга мўлжалланган. 

Қайтадан қуриладиган тармоқлар энди ер остидан ўтказилиб, қуйидаги ҳимоя қатламига эга бўлади

Айтиш керакки, бир қатор мутахассислар ҳали ҳам соҳани тиклаш давлатга жуда қимматга тушиши, соҳа қанча маблағ киритилса ҳам ўзини оқламаслигини баён этмоқда. Мисол тариқасида Россия ва МДҲнинг айрим давлатларида иссиқлик таъминоти тизими дотацияда туриши айтилади. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор: иссиқлик таъминоти бўлмаса, табиий газ ҳамда электр таъминоти ҳам тезроқ издан чиқади ва бу янада қимматга тушади.

Муқобил вариант сифатида ўртада хонадонларга иситиш учун икки контурли иситиш мосламалари ўрнатиш режалаштирилди, минглаб хонадонларга ўрнатилди ҳам. Аммо у ускуналарнинг ишлаши учун бир вақтнинг ўзида ҳам табиий газ, ҳам электр энергияси керак. Худди шу сабабдан икки контурли иситиш мосламаси ўрнатилган хонадонлар бу йилги электр узилишлари ва табиий газ танқислиги даврида қийинчиликка дуч келди.

Вилоят «Иссиқлик манбаи» ДУК бош муҳандиси Алишер Жалиловнинг маълум қилишича, индивидуал иситиш тизимлари орқали сарфланадиган табиий газ миқдори марказлашган иссиқлик тизимидан анча кўп. Айтайлик, Самарқанддаги кўп қаватли уйларни иситиш марказлашган ҳолда иссиқлик манбаи орқали амалга оширилганда 14009 минг куб метр газ сарфланса, индивидуал иситишда 22832 минг куб метр газ сарфланади.

Алишер Жалилов Самарқанд «Иссиқлик манбаи» ДУК бош муҳандиси

Содда қилиб айтадиган бўлсак, марказлашган иссиқлик таъминоти бўлмагани учун ҳам жуда катта миқдорда табиий газни йўқотяпмиз.

Қуйидаги қиёсий жадвалда бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Шунчалик фойдали экан, аҳолини иссиқлик билан таъминлашнинг қулай усули шу экан, нима сабабдан 30 йил давомида соҳага йирик маблағ ажратилмагани, иншоот ва тармоқлар янгиланмагани ҳақдаги аламли савол бот-бот кишини ўйлантиради. Энди эса қанчалик оғир ва қиммат турмасин, тизимни тўлиқ янгилашга тўғри келади. Бошқа йўл йўқлиги тобора маълум бўлиб бормоқда.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.
Фахриддин Ҳотамов олган суратлар.

Мавзуга оид