Фан-техника | 02:14 / 20.12.2020
6571
2 дақиқада ўқилади

Apple ишчиларига маош бермай қўйган Ҳиндистондаги iPhone ишлаб чиқарувчи заводни жазолади

Ўтган ҳафтада мингга яқин ишчилар ойлик маош берилмагани учун Wistron заводи ва офисида тартибсизликлар уюштирганидан сўнг ана шундай қарор қабул қилинди.

Фото: Reuters

Apple компанияси ишчиларига маош бермай қўйган Ҳиндистондаги iPhone ишлаб чиқарувчи заводни жазолади: Карнатака штатидаги завод эгаси бўлган Тайваннинг Wistron компаниясига буюртма беришни тўхтатди, деб ёзади Bloomberg.

Ўтган ҳафтада мингга яқин ишчилар ойлик маош берилмагани учун Wistron заводи ва офисида тартибсизликлар уюштирганидан сўнг ана шундай қарор қабул қилинди.

Қайд этилишича, ишчилар ишга қабул қилинаётганида уларга 21 минг рупий (286 доллар) ойлик маош ваъда қилинган, сўнгра иш ҳақи ойига 16 минг рупийга (217 доллар), кейинроқ 12 минг рупийга (163 доллар) тушган. Жами зарар миқдори етти миллион долларга яқин деб баҳоланмоқда.

«Apple ходимлари ва Apple ёллаган мустақил аудиторлар Нарасапурдаги Wistron корхонасида вужудга келган муаммоларни ўрганиб чиқди. Ҳозирда суриштирув давом этмоқда, дастлабки хулосамизга кўра, етказиб берувчиларнинг ахлоқ кодекси бузилган. Бу октябр ва ноябрда айрим ходимларга маош тўланмаслигига олиб келган… Биз Wistron учун синов муддати белгиладик ва улар вазиятни ўнгламагунича Apple’дан ҳеч қандай янги буюртма олмайди», — дейилади компания баёнотида.

Ўз навбатида Wistron заводнинг айрим ишчиларига етарлича маош тўланмаганини тан олган ва Ҳиндистондаги заводни бошқарувчи менежерни ишдан бўшатган.

13 декабрда Ҳиндистоннинг Карнатака штатидаги Apple телефонлари ишлаб чиқариладиган заводнинг мингга яқин ишчилари ойликларини талаб қилиб чиқишган, бу чиқиш тартибсизликларга айланиб кетганди. Штат полицияси 128 кишини ҳибсга олган, яна 300 киши сўроқ қилиш учун қўлга олинган.

Тайваннинг Wistron Corp компанияси Apple компаниясининг пудратчиси ҳисобланади. Унинг Карнатакадаги заводида iPhone SE телефонлари ишлаб чиқарилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид