Ўзбекистон | 22:02 / 21.12.2020
33329
3 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳри прокурори устидан хизмат текшируви натижалари маълум қилинди. Унга ҳайфсан берилган

Жасур Фозиловга бош прокурор буйруғи билан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, у муқобил текширувлар бекор қилинганига қарамай, жиноий ишга алоқаси бўлмаган шахсларни терговга мажбурий жалб этмоқчи бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов устидан тайинланган хизмат текшируви якуни бўйича маълумот берди.

Хизмат текшируви тайинланишига Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Фозилов устидан ёзган шикоят аризаси сабаб бўлган. Текширув холис ўтишини таъминлаш мақсадида прокурор 2 декабрь куни ўз вазифаларини бажаришдан вақтинча четлаштирилган эди.

«Хизмат текшируви якунлангани муносабати билан Бош прокурорнинг буйруғига асосан Ж.Фозилов жорий йил 19 декабрдан хизмат вазифаларини бажаришга киришди.

Хизмат текширувида Ж.Фозилов ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйиб, ўзи раҳбарлик қилаётган прокуратура иш юритувида бўлган жиноят ишининг тергови устидан назоратни таъминламагани, амалдаги қонунчилик билан муқобил текширувлар бекор қилинган бўлса-да, жиноят ишига алоқаси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларини терговга жалб қилиб, сўроқ қилиш орқали муқобил текшириш, шунингдек, асоссиз равишда тадбиркорни чақиртириш ва мажбурий келтириш ҳақида қўл остидаги терговчига топшириқ бергани аниқланди.

Шуларга кўра, бош прокурорнинг 21.12.2020 йилдаги буйруғи билан, Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди», дейилади Бош прокуратуранинг 21 декабрдаги ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, Жасур Фозилов 11 декабрдан бошлаб бир неча бор ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаатлар билан чиқиш қилган эди.

У президент ва Президент Администрацияси раҳбарига йўллаган мурожаатида, «Mustahkam Qurilish Development» компанияси вакилларини сўроқ қилишга чақиргач, устидан текширув бошлангани, бунга сабаб эса ушбу компания вакиллари гўёки бош прокурор билан алоқадорлиги ҳақида айтганди.

Бухоро шаҳри прокурорининг даъволари юзасидан 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилди. Фозилов 20 декабрь кунги мурожаатида ушбу комиссия адолатли қарор қабул қилганини айтиб, бунинг учун президентга миннатдорлик билдирди.

«Менинг устимдан аризани уюштирган тадбиркорлар ҳам бош прокурор номидан фойдаланиб келаётганликлари комиссия аъзолари томонидан аниқланган», – деди Фозилов.

Прокурорнинг айтишича, комиссия масала юзасидан айрим ҳолатларга фуқаролик судида аниқлик киритиш тўғрисида хулоса чиқарган. Жасур Фозилов айни пайтда ўз лавозимига тикланган.

Комиссия хулосаси ҳақида ҳозирча маълумот берилмади. У тузилганида текшириш натижалари юзасидан қўшимча маълумот берилиши айтилганди.

Мавзуга оид