Абгор кўчалар ва келмай қолган занг сув: қорасувликлар келгусида эмас, айнан бугун яхши шароитда яшашни исташмоқда
Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани «Қорасув» маҳалласидан Kun.uz сайтига маҳалла кўчалари яроқсиз ҳолатга келиб қолгани баён қилинган мурожаат келиб тушди. Сайт ижодий гуруҳи вазият билан танишиш, маҳаллада яшовчилар билан ҳамсуҳбат бўлиш учун Қорасувда бўлди.
Маҳалла фуқароларининг айтишича, ушбу ҳудуд 1985 йилда асфалтлаштирилган. Ўтган 37 йилда йўллар таъмирланмагани боис абгор ҳолга келиб қолган. Маҳалладагилар 2014 йилда йўлларнинг ўйдим-чуқур жойлари ямаб қўйилганини айтишмоқда, лекин бу ишлардан маҳалла аҳлининг кўнгли тўлмаган. Чунки серқатнов кўча ёғингарчилик мавсумида яна аввалги абгор ҳолатга келиб қолган.
«Кўчаларни таъмирлаш мақсадида бир неча бор ҳокимлик ва дахлдор ташкилотларга мурожаат қилдик, 2019 йил кузда сектор раҳбари келиб, йўлларни грейдер билан текислаб кетди, ўша пайт шағал ётқизилиши керак эди, лекин иш чала қолиб кетди.
Маҳалламизга ичимлик суви ҳам келмаган эди, 2018 йилда маҳалладошлар билан биргаликда сектор раҳбари ёрдами билан сув тармоғи тортиб келдик. Ана ўша пайтда ҳам йўл четлари кавланиб, яна йўлларимизга шикаст етди.
30 йил деганда эришган сувимиз ҳам истеъмолга яроқсиз аҳволда, занг бўлса ҳам сув келарди, авваллари соатлаб бериларди, мана 2 ой бўлдики, ичимлик суви ҳам келмай қолди», — дейди маҳаллада яшовчи Қорияхон Набиева.
Маълум бўлишича, ҳудудни табиий газ билан етарли миқдорда таъмирлаш мақсадида газ қувурлари ҳам қайта тортиб келинган экан. Дастур бўйича кавланган жойларни асфалтлаб кетишга келишилган, бироқ бу ишлар ҳам чала қолиб кетган ва кавланган йўллар бетартиб кўмилгани сабабли янада яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
«Халқ зада бўлиб бўлди амалдорларнинг ёлғонидан. Аввал телевидениега мурожаат қилганимизда ҳам мухбирларнинг олдида кўзбўямачиликка «ундоқ қиламиз, мундоқ қиламиз» деб ваъда бериб кетишган эди, лекин мана, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, биз мутасаддиларнинг гапига ишонмай қўйдик», — дейди маҳалла фуқароларидан бири.
«Янгиқўрғон тумани бўйлаб чақирувларга борамиз. Туманимиздаги энг ёмон кўча мана шу Охунбобоев-Қорасув кўчаси. 3 дақиқалик масофага ҳам йўллар ўйдим-чуқур бўлгани учун 10 дақиқадан ошиқ пайтда етиб келамиз, йўллар яхшиланса, бизнинг ишимиз ҳам енгилларди», — дейди тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчиси.
Ушбу масала бўйича туман ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Умиджон Мадраҳимовнинг фикрига қулоқ тутдик.
Унинг айтишича, туманда 71та МФЙ бор, бу маҳалладан ҳам аҳволи оғир кўчалар кўп, ҳатто шағаллаштирилмаган ҳудудлар ҳам йўқ эмас экан.
«2021 йилда маблағга қараб ямаш ишларини амалга оширамиз. «Қорасув» маҳалласини таъмирлаш ишлари эса ҳалича дастурга киритилмаган, 2021 йилда дастурга киритишга ҳаракат қиламиз», — дея қўшимча қилди Умиджон Мадраҳимов.
«Қорасув» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фотима Эргашева ҳам йўлларни яхшилаш ва ичимлик сувини яроқли ҳолатга келтириш масалалари бўйича масъулларга мурожаат қилган.
«Маҳалламиз кўчалари ички йўллар бўлганлиги сабабли халқнинг мурожаатлари бесамар кетди, ўзим ҳам кўп бор муаммога ечим излаб сарсон бўлдим. Мана, энди маҳалламиз ҳам ҳокимлик балансига ўтди. 2021 йилнинг ёзига қадар шағаллаштириш ишлари ва йил якунига қадар асфалт ётқизиш ишлари амалга оширилади. Ичимлик сувидаги муаммо эса 2021 йилнинг биринчи чорагида ҳал этилади», — дейди маҳалла боши.
«Қорасув» маҳалласида яшовчи 3 минг аҳоли эртага эмас, айнан бугун яхши шароитда яшашни истайди. Маҳалла аҳли ҳам ободонлаштириш ишларига бефарқ қараб турмоқчи эмас. Улар пул тўплаб беришга ҳам тайёр.
Ўйлаймизки, мутасаддилар ва раҳбарлар ушбу масалага бефарқ бўлмайдилар. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.
Юлдуз Юлдашева, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024
Қирғизистон қўшни давлатларга қанча сув бераётганини эълон қилди
12:00 / 26.10.2024