Ўзбекистон | 22:50 / 22.12.2020
32011
4 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров «UzAuto Motors» атрофидаги танқидларга муносабат билдирди

Ўзбекистондаги автомобил саноати 94-йилларда аҳолини иш билан таъминлаш қийин бўлган шароитда, одамларнинг даромад манбаси йўқ пайтда, Асакада автомобил  ишлаб чиқариш заводи қурилиши билан бошланди. У иқтисодиётимизга катта мадад кучи сифатида келган ва умидларимиз сифатида шаклланган, дейди «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров.

22 декабр куни Миллий матбуот маркази биносида «Миллий тикланиш» партиясининг бир йиллик фаолияти ҳисоботига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида депутат Алишер Қодиров «UzAuto Motors» АЖ атрофидаги танқидларга муносабат билдирди.

Унинг айтишича, компания Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида 34 триллион сўм қийматлик яратади.

«У ерда 28 минг, ҳатто ундан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилади. Автосаноатда яратилган битта ишчи ўрни турдош 7-8тагача иш ўрнини пайдо қилади. Масалан, 28 минг одам расман компанияда банд бўлса, яна 250 мингга яқин одам автосаноат учун ишлаб, нон топяпти. Биз Ўзбекистондаги 300 мингга яқин одамнинг нон топиш манбаси ҳақида гаплашяпмиз», — дейди у.

Алишер Қодиров одамларнинг автомобил нархи, хорижий машиналарга ўрнатилган баланд бож тўловларига ҳам тўхталиб ўтди.

«Автосаноатни ҳеч ким осонликча ривожлантирмаган. Автосаноати мавжуд давлатлар эса рақобатда кучли бўлади. Негаки, ушбу саноат илмий-технологик ривожланишга ҳам туртки беради. Бож масаласида эса бир нечта давлатлар тажрибасига қарасак, Япония ва Жанубий Корея 80-йилларгача ички бозорни тамоман ёпиқ тутган. Мана шу сиёсатнинг натижаси нимага олиб келди? Ҳозир бу давлатларда ишлаб чиқарилган машиналар жаҳон бозорида сотилмоқда. Улар бунга бир кунда эришмади, балки маълум бир муддат ички бозорни ҳимоя қилди. Бизнинг тушунчамиз бўйича рақобатга эътибор қилмади», — дея қўшимча қилди у.

Алишер Қодировга кўра, хорижий машиналарга бож ставкалари пасайтирилса, мамлакат импорти 6-7 миллиард долларга ошади.

Алишер Қодиров

«Автомобилни ҳар йили 300 мингга яқин одам сотиб олади. Биз 300 минг одамнинг манфаатини кўзлаб, 35 миллион халқ яшаётган мамлакат иқтисодиётини хавфга қўя олмаймиз. Бу тамоман ёпилишга ишора қилмайди, биз ҳам миллий заводнинг рақобатбардош бўлишини истаймиз. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси эмас, лекин Киото пактига қўшилдик. Бу божларни мувофиқлаштириш иши бошланганини англатади», — деди у.

«Миллий тикланиш» етакчиси партия миллий ишлаб чиқарувчилар манфаатини ҳимоя қилишини эслатиб, консерваторларга хос муносабатини давом эттирди.

«Ўзбекистонда автосаноат ривожланишда ҳалигача давом этяпти. У ерда қабул қилинаётган айрим қарорларни яхши иқтисодчилар ҳам тушунмайди. Масалан, парламентда давлат бюджети қонуни лойиҳаси муҳокама этилганда етакчи партия депутати автосаноатга берилган 500 миллиард сўмлик солиқ имтиёзини шубҳа остига олди. Шу солиқ имтиёзи нега берилганини раҳбарият яхши англайди, бунинг ортида иқтисодий манфаатлар бор. Аниқ иқтисодий ҳаракат борки, шу саноатни ривожлантириш керак», — дейди у.

Шу тариқа, Алишер Қодиров «UzAuto Motors» нарх сиёсати махфий ҳужжатлар билан яширилгани юзасидан йўлланган саволга жавоб берди.

«Агар махфийлик бўлса, демак махфийлик асоси бор. Бундан ташқари, автосаноат бозорида рақобат кучли. У ерда нархларнинг шаклланиши билан боғлиқ тижорий сирлар очиқламаслик жамият низоми ва қонунларда ҳам белгиланган», — дея қўшимча қилди у.

Маълумот учун, Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2020 йил баҳорда «UzAuto Motors»га нисбатан текширув бошлаб, қўзғатилган ишни август ойида якунлаганди. Унга мувофиқ, автомобил ишлаб чиқарувчи компания «монопол юқори нарх» қўллагани аниқланган. Компания эса қўмита махсус комиссияси қарори билан келишмай, судга даъво киритиб ютиб чиқди.

Шундан сўнг, ижтимоий тармоқда Алишер Қодировнинг қўмита расмийси билан тортишуви бошланди.

Мавзуга оид