Ўзбекистон | 10:59 / 22.12.2020
30061
5 дақиқада ўқилади

Бош вазир рухсати билан яна гидроксихлорохин олинмоқда. Талабалар бу шубҳали дорини қабул қилишга мажбурми?

Дунё олимлари ҳам, маҳаллий мутахассислар ҳам бу препарат коронавирусга қарши курашда самарасиз эканини таъкидлашади. Ишлаб чиқарувчилар ҳам дорини коронавирусга қарши самарали деб тақдим этмайди. Лекин бош вазир Абдулла Арипов имзолаган баённомада ОТМларга гидроксихлорохин сотиб олиб, уни талабаларга тарқатиш топшириғи берилган.

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг гидроксихлорохин асосли «Оксивин» препаратини харид қилаётгани, бу препарат ишлаб чиқарувчиси Ҳиндистон компанияси эканлиги, шунингдек, етказиб берувчи сифатида ягона «Dori-darmon» акционерлик компанияси танлангани ҳамда бу воситалар ОТМларга мажбурий «ўтказилаётгани» катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Республика махсус комиссиясининг бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган 46-сонли йиғилиш баёнига кўра, «Dori-darmon» акциядорлик компанияси 1 млн дона гидроксихлорохин препаратини (бу ўринда «Оксивин», ишлаб чиқарувчи Ҳиндистон компанияси) Ўзбекистонга олиб кираётгани маълум қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигига «Dori-darmon» акциядорлик компаниясига Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олдиндан пул ўтказиш йўли билан тўғридан тўғри шартнома тузиш орқали шу ва бошқа дори воситаларини харид қилиш вазифаси топширилган. Мазкур қарорни қабул қилишда соғлиқни сақлаш тизимининг етакчи мутасаддилари - Э.Боситханова, Н.Парпиев, И.Ливерко, Л.Тўйчиев ва Ҳ.Оқилов кабиларнинг фикрлари инобатга олинган.

Шу турдаги дорилар кейинчалик Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов томонидан имзоланган қўшма қарорга кўра талабалар ва ОТМ ходимлари учун сотиб олинадиган бўлди. Бу харажатларни ОТМлар бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплашлари лозимлиги кўрсатилган.

Гидроксихлорохин асосли «Плаквенил» дори воситаси бўйича баҳсларга кўп тўхталдик. Бу борада вазирлик мутасаддиларининг фикри бошқача, бевосита беморлар билан ишловчи аксарият шифокорларнинг қарашлари бошқача бўлиб чиқди.

Умуман олганда, пандемия даврида Ўзбекистонда коронавирусга қарши ўнлаб дори воситалари қўллаб кўрилди ва улар орасидан маълум босқичда икки препарат – аввал гидроксихлорохин, кейинчалик ремдесивир нисбатан истиқболли деб топилди.

Вазият тақозосига кўра бири безгакка, иккинчиси Эбола вирусига қарши қўллаб келинган бу дори воситалари коронавирусга қарши курашда ҳам қўлланди.

Аммо вақт ўтгани сари бу препаратларнинг вирусга бевосита таъсири йўқлиги, фақат касалликнинг маълум босқичидагина самара бериши тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди. Ҳаттоки ЖССТ ремдесивир ва гидроксихлорохин Covid-19’дан ўлим ҳолатларини камайтиришга деярли ёрдам бермаслигини таъкидлаб чиқди.

Бироқ у пайтда танлов имконияти бўлмаганди, боридан ҳам воз кечиб бўлмасди, касаллик бор, у шиддат билан тарқалаётган, унга қарши курашиш керак эди.

Пандемия бугунги кунда ҳам давом этмоқда, айрим давлатларда ҳатто карантин чоралари қайта кучайтирилди ҳам.

Ўзбекистонда сўнгги пайтларда бунинг акси кузатиляпти, беморлар сони кун сайин камайиб боряпти (дарвоқе, бунинг асл сабаблари ҳам алоҳида тадқиқот мавзуси бўла олади).

Ана шундай кунларда бир неча миллиард сўмга гидроксихлорохин асосли яна бир препаратни сотиб олиш ва ундан профилактика мақсадида фойдаланиш орқали бирор самарага эришишдан умид қилиш жуда ғалати қарор эканлиги аён бўлаверади.

Биз бу борада бир неча шифокорлар билан боғландик. Улар бир овоздан гидроксихлорохин коронавирусни даволашда фақат дастлабки босқичдагина ёрдам беришини, профилактика мақсадида эса умуман бесамар эканлигини таъкидлашди.

Улардан бири, етакчи амалиётчи шифокор, фан номзоди шифокорлар «гидроксихлорохиннинг коронавирус профилактикасида самарасизлиги кўп бор тушунтирилгани, лекин бефойда бўлгани»ни айтиб ўтди. «Ҳаттоки ўша «Плаквенил»ни ишлаб чиқараётган Sanofi компаниясининг ўзи ҳам бу препаратни коронавирусга қарши самарали дея тақдим этмайди», деган у. Бу гап мавзу бўйича тугал тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради.

Шунингдек, амалиётчи шифокорларнинг кичик гуруҳида ўзига хос сўровнома ўтказилди ва уларга қисқа савол берилди: «Гидроксихлорохин коронавирус профилактикасида ёрдам берадими?» деган саволга сўровда иштирок этганларнинг 81 фоизи «йўқ» дея жавоб беришди.

Эслатиб ўтамиз: Гидроксихлорохин асосли препаратлар асаб тизими, қон айланиши, кўриш, юрак, ошқозон, жигар ва бошқа тизимларга ножўя таъсири қилиши мумкинлиги ҳақида илмий асослар мавжуд

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид