Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Когонда давлат дастури асосида берилган ер олиб қўйилди. Тадбиркор кўраётган зарар билан ҳеч кимнинг иши йўқ
Когон туманида «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури асосида ажратиб берилган ер қайтариб олинмоқда. Тадбиркор эса у ерда оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқарувчи завод қуриш лойиҳасини бошлаб қўйган.
Kun.uz 7 декабрь куни Бухоро вилоятининг Когон туманидаги ёш тадбиркор Беҳзод Тошевнинг оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси тўсқинликка дуч келаётгани ҳақида танқидий мақола эълон қилган эди.
Мақолада «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури доирасида берилган ер прокуратура протести асосида бекор қилингани ҳақида ёзилганди. Президент фармони билан тасдиқланган давлат дастурида ерларни ёш тадбиркорларга тақдим этишда истисно тариқасида туман ҳокимларига рухсат берилгани инобатга олинмагани ва қатор бошқа камчиликлар хусусида сўз юритилиб, ер олиб қўйилар экан, тадбиркорга лойиҳани амалга ошириш учун бошқа ер тақдим этилмаган.
Мақола эълон қилинганидан икки кун ўтиб, республика Бош прокуратураси мазкур масалада барчаси қонун доирасида бўлаётгани ҳақида муносабат билдирди.
Сайт мухбири Бош прокуратуранинг муносабатида айтилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида яна Когон туманида бўлиб, тадбиркор Беҳзод Тошев билан учрашди. У Бош прокуратура баёноти юзасидан ўз фикрларини қуйидагича баён қилди.
«Бош прокуратура баёноти билан танишиб чиқдим. Авваламбор, шуни айтмоқчиманки, баёнотда туман прокуратураси протести ва вилоят кадастри хулосасидаги гаплар кўчириб олинган ҳолда тақдим этилган.
Беда экиб, қорамол боқаётганим айтиляпти. Бизга ер берилган вақтдаги расмларни нега сўрашмаган? Биз ерни олгунимизча бу ер ташландиқ бир аҳволда бўлиб ётганди.
Яна ҳеч қандай қурилиш ишлари амалга оширилмаган, дейилган. Баландлиги 3,5 метр, узунлиги айланасига 400 метрлик девор ўзи пайдо бўлгани йўқ. Бинони қуриш учун ҳужжатини йиғишнинг ўзига 6–7 ой вақтимиз кетган. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги ва прокуратурасидан ишимизга тўсқинлик қилинса, қандай қилиб қурилиш қилишимиз мумкин?

Шу ерда 19 ишчи ишлади. Уларга: «Буларнинг қарори бекор бўлган, ишламанг, пулларингни бермайди», деган гаплар айтилган. Бир томонда протест келтирилган бўлса, низоли жой бўлгани боис яна қандай қурилиш ишини амалга оширишимиз мумкин?
Баёнотда суд қарор чиқаргани айтилган. Аввал ҳам айтдим, икки сафар ҳокимлик вакиллари келмади – суд қолдирилди; бизда таъзия бўлиб, қатнаша олмаган кунимиз эса суд бизни эшитмасдан қарор чиқариб юборган. Вилоят суди бу қарорни маъқуллади.

Яна бир гап. Туман суди бошқа важ билан қарор чиқарган, булар эса протестда экин ери эканини важ қилмоқда. Яна Вазирлар Маҳкамасидан хулоса бўлиши кераклиги айтилган. Ахир ерни менга «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури доирасида, президент фармони асосида беришганди-ку. ВМнинг қарори кераклигини айтишганда, балки олишга ҳаракат қилардим, чунки шунча хулосани олгандим.
Мен мажбуриятимга кирган барча ишларни қилгандим. Улар: «Биз кўп марта ер таклиф қилдик», дейишяпти. Лекин аксинча, улар кўп марта ерни бузишга ҳаракат қилишди. Менга протестдан кейин ер кўрсатилмаган. Ер керак бўлса, аукциондан оласан, дейишмоқда», – дейди Беҳзод Тошев.

Хуллас, қатор саволлар очиқ қолмоқда.
Тадбиркор бу ерни ўзбошимчалик билан ўраб олгани йўқ. У ҳоким қароридан ташқари яна ўнлаб ваколатли идораларнинг розилигини олган эди. Тадбиркорга бошқа жойдан ер ажратиш масаласи на ҳокимлик, на прокуратура масъулларини ташвишга солмоқда. Улар фақат ерни қайтариб олиш билан овора.
Қаҳрамонимиз ери тортиб олинишининг асл сабаблари ҳақида кадр ортида батафсил гапириб берди.
Айтишича, унинг лойиҳаси «эскилар» ва «янгилар» ўртасидаги кўринмас адоват урушининг «қурбони»га айланган. Прокуратура эса «тахтлар ўйини»да салбий қаҳрамон ролини режиссёр айтганидек ижро этмоқда, холос.
Фақат бу ҳақда очиқ ёза олмаймиз, сабаби оддий: қўлимизда далилимиз йўқ. Аммо воқеалар ривожи тадбиркорнинг фикрлари нақадар ўринли эканини кўрсатмоқда.
Ҳақиқат шуки, адолат тикланиши учун кураш ҳали давом этмоқда. Тадбиркорнинг бор умиди Олий суддан. Унинг назорат тартибида киритган шикояти яқин кунларда кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Кузатишда давом этамиз.
Мавзуга оид
10:00 / 14.05.2025
3 млрд сўмлик энергия ресурслари талон-торож қилингани аниқланди
16:03 / 30.04.2025
Россия Бош прокуратураси ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мажбуриятини олди
19:27 / 21.04.2025
Фарғонадаги хусусий клиникага бурун операцияси учун борган департамент ходими вафот этди
11:10 / 18.03.2025