Жамият | 14:41 / 22.12.2020
6366
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz хайриялар бўйича мурожаатлар қабул қилишни вақтинча тўхтатди

Kun.uz саҳифаларида хайрия акцияси ташкил этишни сўраб мурожаат қилган эҳтиёжманд фуқаролар сони 100 нафардан ошди. Шу боис, таҳририят хайрия ўтказишга доир мурожаатларни қабул қилишни 2021 йил 30 апрелга қадар тўхтатиб туради.

Маълумки, Kun.uz сайти ташкил этилганидан буён турли касалликларга чалинган беморларнинг тиббий муолажалари учун хайрия тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.

Саховатпеша инсонларнинг хайр-эҳсони ва кўмаги ўлароқ мушкул аҳволда қолган оилалар нажот топмоқдалар.

Аммо бугунги кунга келиб хайрия акциясини уюштириб бериш истагида берилган мурожаатлар сони кўпайиб кетди. Айни пайтда Kun.uz'га хайрия ташкил этишни сўраб мурожаат қилган ва зарур ҳужжатларни топширган эҳтиёжманд фуқаролар сони 100 нафардан ошди.

Сайтнинг хайрияларни ёритиш режасига кўра, ҳафтасига ўртача иккита материал эълон қилиниши мумкин. Кўриниб турибдики, оддий арифметик ҳисоб-китобларга кўра, навбатдагиларнинг ярми ёритилса ҳам, камида ярим йиллик навбат ҳосил бўлган ва бу рўйхат мунтазам узайишда давом этмоқда.

Таҳририятга хайрия масаласида бир кунда ўртача 6–7та мурожаат келиб тушмоқда.

Савол туғилиши мумкин: сайтда хайриялар эълон қилишни кўпайтирса бўлмайдими? Бу жиҳат ҳам ўйлаб кўрилган. Бунда эътиборга олиш керакки, бир материал сайтда маълум вақт турмаса, ўрнини янгисига бўшатиб бераверса (оддий қилиб айтганда, ҳар куни янгидан-янги хайриялар эълон қилинаверса), бундан самара бўлмайди, талабгор учун зарур маблағ тўпланмай қолиши мумкин. Ва бу – тажрибада ҳам ўз исботини топган.

Қолаверса, ҳаммага маълумки, Kun.uz информацион сайт бўлиб, унинг асосий вазифаси ахборот тарқатишдан иборат.

Шу ва бошқа қатор омиллар туфайли Kun.uz сайти хайриялар бўйича мурожаатлар қабул қилишни 2021 йилнинг 30 апрелига қадар тўхтатиб туради.

Айни пайтга қадар навбатда турганлар қатор текширувлар ва янги талаблар асосида қайта ўрганиб чиқилади ҳамда навбати билан ёритиб борилади. Бу рўйхат якунига кўра хайрия фаолиятини давом эттириш масаласи қайта кўриб чиқилади ва бу ҳақида хабар берилади.

Бизни тўғри тушунганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

Мавзуга оид