Ўзбекистон | 23:11 / 22.12.2020
13873
3 дақиқада ўқилади

Олий суд раиси ўринбосари суд қарори устидан кассация шикояти келтириш ҳуқуқи чекланиши оқибати ҳақидаги саволга жавоб берди

Олий суд раиси ўринбосарининг айтишича, республика судлари қабул қилган қарорларнинг 3,4 фоизига апелляция ва кассация тартибида шикоятлар келтирилмоқда.

22 декабр куни Олий суд томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида Сенат ялпи мажлисида маъқулланган суд-ҳуқуқ соҳасига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, жамоатчиликни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Жумладан, Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов Kun.uz мухбирининг суд қарори устидан кассация тартибида шикоят беришни чекловчи янги тартиб жорий этилиши апелляция тартибидаги шикоятлар сонини ошириб юбориши эҳтимоли ҳақидаги саволига жавоб қайтарди.

«Бугунги кунда республика судлари қабул қилган қарорларнинг 3,4 фоизига апелляция ва кассация тартибида шикоятлар келтирилмоқда. Агарда фуқаро унга нисбатан чиқарилган қарордан норози бўлса, апелляция тартибида шикоят келтириши мумкин. Агар фуқаро суд қароридан рози бўлса, апелляция тартибида шикоят келтирмаслиги мумкин. Агар ундан кейин янги очилган ҳолат асосли бўладиган бўлса ёки муддатни тиклаш учун асослар келтириладиган бўлса, шикоят қилиш муддати тиклаб берилади ва иш апелляция тартибида кўрилиши мумкин бўлади. Бу бўйича ҳали Олий суд пленуми қарорида кенг тушунтиришлар бериб ўтамиз.

Ўйлайманки, бу жараёнда бирор-бир фуқаронинг ҳуқуқлари поймол қилинмайди ва иш бўйича келтирилган барча шикоятлар ўз вақтида кўриб чиқилади», деди Олий суд раиси ўринбосари.

19 декабр куни Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида бешта қонун муҳокама қилиниб, маъқулланган эди.

Сенат ялпи мажлисидан олдинроқ ҳам муҳокама қилиниши кутилаётган қонунлар айрим жиҳатлари бўйича жамоатчиликда норозилик уйғотганди. Хусусан, Kun.uz сайтида «Депутатлар суд қарори устидан кассация шикоятини келтириш ҳуқуқини чекловчи қонунларни қабул қилди. Бундан мақсад нима?» сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда Қонунчилик палатаси қабул қилган ва маъқуллаш учун Сенатга жўнатилган қонунларда эндиликда шахснинг суд қарори устидан кассация шикояти келтириш ҳуқуқи чекланиши эҳтимоли борлиги ҳақида айтилганди.

18 декабр куни Davletovuz канали муаллифи ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, айрим қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаслигига эътироз билдирганди.

Мавзуга оид