«Завод ёнида газнинг ҳидини ҳидлаб яшаяпмиз». Муборакдаги қишлоқ аҳли газ таъминоти қайта тикланишидан умидвор
Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги Қарлиқ қишлоғи Муборак газни қайта ишлаш заводидан унча узоқ бўлмаган масофада жойлашган. Қишлоқ аҳолисининг аксарияти мазкур заводда ёки газ қазиб олиш соҳасида ишлайди. Аммо қарлиқликларнинг таъбири билан айтганда «завод ёнида газ ҳидини ҳидлаб яшаётган» мазкур қишлоқ аҳли хонадонларида табиий газ йўқ.
Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Қашқадарё вилояти Муборак тумани Қарлиқ қишлоғи «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинидан йўлланди. Унда ёзилишича, нафақат мазкур маҳалла, балки қишлоқдаги бошқа маҳаллалар аҳли бугун шундоққина Муборак газни қайта ишлаш заводи ёнида табиий газдан мосуво ҳолда яшамоқда.
«Янгиобод» МФЙ раиси Рустам Баратовнинг маълум қилишича, Қарлиқ қишлоғида жами 26 мингдан ошиқроқ аҳоли яшайди. Қишлоқда жами бешта МФЙ бор. «Янгиобод» МФЙ ана шу маҳаллалардан бири.
«Қишлоғимиз Қашқадарёдаги энг йирик қишлоқлардан бири ҳисобланади. Бу ерда 26 мингдан ошиқ аҳоли яшайди. Қишлоқ бешта «Янгиобод», «Бўстон», «Қарлиқ», «Пахтакор», «Баркамол авлод» МФЙдан иборат.
Бизга 2013-2015 йилларгача табиий газ берилган. Ўша йилларда газ таъминоти тўхтатилган. Шундан бери қишлоғимизга табиий газ таъминоти қайта тикланиши учун ҳаракат қиламиз, аммо ҳозирча саъй-ҳаракатларимизнинг нафи бўлмаяпти. Одамлар табиий газ узилгандан кейин куз-қиш мавсумида нима топса ўшани ёқиб уй иситиб келмоқда.
Қишлоқ аҳлининг аксарияти Муборак газни қайта ишлаш заводи ва газ қазиб олиш соҳасида ишлайди. Заводнинг ўзи ҳам бизга яқин жойда жойлашган. Газни қайта ишлайдиган шундоқ катта заводни ёнида яшаб газнинг ўзини кўрмаймиз, олти-етти йилдан бери фақат унинг ҳидини ҳидлаймиз», дейди Рустам Баратов.
Маҳалла раиси қишлоққа табиий газ таъминоти қайта тиклаб берилишини сўраб мурожаат қилмаган жойи қолмаганини маълум қилди. Вилоят ва туман ҳокимлиги, газ бошқармаси ҳамда бўлимига мурожаат қилишган. Аммо ҳозиргача ҳеч бир натижа бўлмаган. Унинг айтишича, Қарлиқда хонадонларга тортилган газ қувурлари ва газ тақсимлаш ускуналари (ГРП-газорегуляторный пункт) яроқли ҳолда турибди. Фақат 3 километр узоқликда жойлашган газ тақсимлаш станциясидан қишлоққача қувур тортиб берилса бўлди, қишлоқ яна табиий газга уланади.
Рустам Баратовнинг маълум қилишича, у раислик қилаётган «Янгиобод» МФЙда газ таъминотидан бошқа яна бир қатор муҳим муаммолар бор. Жумладан, маҳалла фуқаролар йиғинининг ўз биноси йўқ. Ҳозир маҳаллада қурилган намунали уйдан вақтинчалик идора сифатида фойдаланишяпти. Бундан ташқари мазкур маҳаллада мактаб йўқ, болалар қўшни маҳалладаги мактабга қатнайди. Шунингдек, боғчага эҳтиёж бор. Маҳалла четида туман захирасига олинган 7 гектар жой бор. Маҳалла аҳли ана шу жойда 200 ўринли мактаб, 200 ўринли боғча ва маҳалла биноси қуриб бериш масаласида мурожаат қилган, аммо бу масала ҳам ҳануз ечимини топмаган.
«Мактаб болага таълим беради. Маҳалла эса уни тарбия қилади. Агар мактаб, боғча ва маҳалла идораси бир жойда бўлса ўқувчилар ҳам кўз ўнгимизда бўлар эди», дейди у.
Рустам Баратов ва Муборак туман кенгаши депутати А.Наврўзовнинг мактаб масаласида қилган мурожатига туман қурилиш бўлими бошлиғи Ш.Бўронов «ўрганиш натижасида ҳақиқатдан «Янгиобод» МФЙга янги мактаб кераклиги аниқлангани ва 2021 йил дастурига уни қуриш таклифи берилганлиги» ҳақида маълум қилган.
Рустам Баратов 20 декабр куни Қарлиқ қишлоғига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфират Хушвақтова ва Муборак тумани ҳокими келиб аҳоли билан учрашув ўтказганини ҳам маълум қилди.
Ушбу учрашувда одамлар Қонунчилик палатаси депутати ва туман ҳокимига аҳолини қийнаб келаётган асосий муаммо сифатида қишлоққа газ таъминоти қайта тикланиши масаласини кўтарган.
«Республикамиздаги газнинг 68 фоизини вилоятимиз етказиб беради. Унинг асосий қисми шу қишлоқ аҳолиси меҳнати билан қазиб олинади ва қайта ишланади. Заводнинг ёнида газнинг ҳидини ҳидлаб яшаяпмиз. Бизга қачон газ берилади? Қишлоқдаги барча газ қувурлари сифатли ҳолатда турибди. Бор-йўғи газ тақсимлаш станциясидан қишлоққача 3 км масофага газ қувурлари тортилса бўлди», деган фуқаролар.
Депутат ва ҳоким бу масалани мутасадди ташкилотлар билан албатта кўриб чиқишларини ва мазкур қишлоққа табиий газ таъминоти тикланиши учун ваколатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилишларини билдиришган. Рустам Баратовнинг сўзларига кўра, қишлоқдан 3-4 километр нарида автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси қуриляпти. Уни қураётган тадбиркор агар мутасадди ташкилотлар рухсат берса ва аҳоли учун қўшимча газ ажратса шохобчадаги газ тақсимлаш станциясидан Қарлиқ қишлоғидаги бешта маҳаллага табиий газ беришга рози бўлган.
Қарлиқ қишлоғига газ таъминотини қайта тиклаш масаласида изоҳ олиш учун Муборак туман газ таъминоти бўлими раҳбари Алишер Ғофуровга қўнғироқ қилдик, аммо боғланишнинг имконияти бўлмади. У қайта-қайта қилинган қўнғироқларга жавоб бермади. Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Алишер Ғофуров ҳозирги лавозимига яқинда ўтган. Буни «Янгиобод» МФЙ раиси ва Муборак туман кенгаши депутати А.Наврўзов томонидан 20 ноябр куни ёзилган талабнома ўша пайтда туман газ таъминоти бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Н.Холлиев номига ёзилгани ҳам тасдиқлаб турибди. Аммо нима бўлганда ҳам Алишер Ғофуров Қарлиқ қишлоғи аҳли томонидан йўлланган талабномаларга қандай жавоб берилгани ва келажакда бу қишлоқда газ таъминоти қайта тикланадими йўқми, икки оғиз изоҳ берса мақсадга мувофиқ бўларди.
Бундан ташқари, «Янгиобод» МФЙда бугун маҳалла идораси йўқлиги масаласида изоҳ олмоқчи бўлганимиз маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш туман бўлими раҳбари Ҳанифа Тўраева билан ҳам боғланишнинг иложи бўлмади. У ҳам қўнғироқларга жавоб бермади.
Муборак туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Миртемир Жумаев билан боғланганимизда у «Янгиобод» МФЙда янги мактаб қурилиши 2021 йилги режада йўқлигини, келгуси йилда «Қарлиқ« МФЙда жойлашган 30-мактабда қўшимча ўқув биноси, «Истиқлол» МФЙда эса янги мактаб қурилиши режа қилинганини маълум қилди. Қисқаси, ҳозирча «Янгиобод» МФЙда янги мактаб қурилмаслиги аниқ. Боғча ва МФЙ учун бино қурилиши ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда. Табиий газни ҳам улаб беришадими, йўқми, бу ҳам номаълум. Қишлоқ аҳли газни қайта ишлаш заводига қараганча, умид билан кутмоқда.
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024