Ўзбекистон | 17:49 / 24.12.2020
13806
3 дақиқада ўқилади

Ўзини ўзи банд қилган шахслардан даромад солиғи олинмайди — ДСҚ раиси ўринбосари

2020 йил 1 июлдан Ўзбекистонда ихтиёрий равишда расман ўзини ўзи банд қилиш бошланди. Ушбу шахслар даромад солиғидан озод этилган.

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров ўзини ўзи банд қилган шахслар ва улар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берди. У бу ҳақда Kun.uz’га берган интервьюсида айтган.

«Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар – жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган меҳнатга лаёқатли жисмоний шахслар.

Ўзини ўзи банд қилган шахс ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, 2020 йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида ижтимоий солиқ тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Солиқ кодексининг 369 моддасига мувофиқ, улар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси ҳисобланмайди», — дейди Умаров.

Таъкидланишича, 2020 йил учун бир марта БҲМнинг 50 фоизида тўлов қилган шахслар учун стаж ҳам ёзилади ва уларга пенсия ҳисобланади. 2021 йил учун улар 223 минг сўм тўлаши етарли бўлиши қонунчиликда назарда тутилган.

Ўзини ўзи банд қилганлар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган бўлиши шарт. Улар меҳнат фаолияти давомида ёлланма ишчиларни жалб қила олмайди ҳамда иш берувчига эга бўла олмайди. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини йўқотади. Болаларга қараб туриш, чорва молларини боқиш, якка тартибда дераза ва эшик пардаларини тикиш ва таъмирлаш, мусиқа асбобларини таъмирлаш ва созлаш, таржима хизматлари — булар ўзини ўзи банд қилганлар ихтиёрий равишда амалга ошириши мумкин бўлган ишларнинг бир қисми. Тўлиқ рўйхатдан 67та фаолият тури ўрин олган.

SOLIQ мобил иловаси ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинетида рўйхатдан ўтиш имкони мавжуд. Ҳар бир ўзини ўзи банд қилган шахсга бериладиган матрицали штрих код (QR-код) ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқлайди.

2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилади. Улар ҳам ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш орқали имкониятлардан фойдаланиши мумкин.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид