Ўзбекистон | 13:23 / 24.12.2020
10505
2 дақиқада ўқилади

Қарши тумани ҳокими ишга қайтди ва ўзи қатнаша олмаган сессияни қайтадан ўтказди

22 декабр куни халқ депутатлари Қарши туман кенгашининг навбатдаги сессияси такроран бўлиб ўтди. Унда соғайиб ишга қайтган туман ҳокими Мақсуда Мустафоева туман аҳли ва депутатларга мурожаат қилган.

Kun.uz мухбири хабар беришича, туман ҳокими бундан бир ҳафта аввал, 15 декабр куни бўлиб ўтган сессияда соғлиғидаги муаммолар туфайли қатнаша олмагани учун сессияни қайтадан ўтказаётганини айтган.

«Ўтган сафар маълум сабабларга кўра айнан ўзимнинг фуқаролик ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолатда 6 кунлик бюллетенга чиққанлигим ва ўз навбатида иштирок эта олмаганлигим сабабли узр сўрайман. Шу сессияни бошқатдан ўтказиш учун, бугун яна йиғилганимиз учун сизлардан яна бир бор кечирим сўрайман», деган туман ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, 15 декабр куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Қарши туман кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг туман аҳолисига мурожаат қилиши режа қилинганди. Аммо сессия ишида туман ҳокими қатнашмаган ва унинг ўрнига ўринбосари Сардор Абдуллаев аҳолига мурожаат қилганди.

Қарши туман ҳокимининг сессияда қатнашмагани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, туман ҳокимлиги ахборот хизмати Мақсуда Мустафоева бетоблиги туфайли сессияда қатнаша олмаганини маълум қилганди.

  • Мақсуда Мустафоева 2020 йил 4 март куни Қарши тумани ҳокими этиб тайинланган эди. У интернетда шу йилнинг ёзида Sulton Tex Group ишидаги иштироки туфайли ҳам танилганди.
Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид