Ўзбекистон | 12:28 / 25.12.2020
53850
3 дақиқада ўқилади

1 январдан Тошкентда йўлкирага нақд пулда ҳақ тўлаб бўлмайди. Нега?

2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспортларидан фойдаланганда нақд пул орқали тўлов қилиш тизими бекор қилинади. Бунинг ўрнига фақатгина ягона транспорт картаси орқали тўлов амалга оширилиши жорий қилинмоқда. Бу ҳақда «Тoshshahartransxizmat» АЖ томонидан расмий маълумот тарқатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими босқичма-босқич жорий этилиши белгиланган. Шунга мувофиқ, тўлов тизимларида ахборот-технологиялар ютуғидан фойдаланиш талаби мавжуд. Бу яхши.

Ўз навбатида, ҳукуматнинг 2019 йил 25 ноябрда қабул қилган қарори ҳамда 2020 йил 9 ноябрдаги қарорида ҳам йўл ҳақини нақд пулда тўлашни истисно қилган ҳолда янги тизимни (транспорт картаси) ва тариф режаларини қўллаш назарда тутилмаган.

Фуқаролик кодексининг 358-моддасига мувофиқ, товарлар, ишлар ва хизматларнинг баҳоси, шунингдек, оммавий шартноманинг бошқа шартлари ҳамма истеъмолчилар учун бир хил қилиб белгиланади.

Аҳоли қўлида фойдаланилмаган автобус ва метрополитен жетонлари ҳам мавжуд (аксариятида улардан 2020 йил 31 декабргача ҳам фойдаланиб бўлмаслик эҳтимоли юқори), шунингдек, йўл ҳақини нақд пулда тўлашни истисно қилиш жамоат транспортидан бир марталик ёки вақти-вақти билан фойдаланадиган фуқаролар, хорижий меҳмонлар ва қариялар учун ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин. Картанинг ташаббускорлари бу ҳақда лом-мим демаган.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан истеъмолчи товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ҳуқуқига эга. Шунингдек, хизмат кўрсатишни тақиқлаб қўйиш муносабати билан истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Ана энди ҳақли саволлар пайдо бўлмоқда: нега аҳоли қўлида қолиб кетган транспорт жетонларини чекланмаган миқдорда ишлатиш мумкин эмас? Ахир жетон энди сотилмайди, аҳоли қўлидаги жетон ҳам қачондир тугайди, жойларда жетон сотилмаяпти. Йўловчилар ўз ихтиёрида қолган жетондан фойдалана олиши керак эмасми?

Қолаверса, 1 декабрдан бошлаб «Автоматлаштирилган транспорт тўлов оператори» компанияси томонидан ягона транспорт картасини 5000 сўм нархида сотиш акцияси тугатилди. Жамоат транспортига жуда кам мурожаат қиладиган йўловчи ушбу картани энди 10 минг сўмга сотиб олиши, балансида 5 минг сақлаши лозим. Автобусга бир марта чиқишнинг харажатлари қанчага етиб боряпти?

2020 йилнинг 11 ойи якуни бўйича тақдим этилган маълумотда 128та йўналиш бўйича жами йўловчилар сони 7 миллиондан ошгани эътироф этилган. Тасаввур қилинг, уларнинг бирортасида карта бўлмаса, автобусга яқинлаша олмайди. Демак, карта сотилиш ва унинг ҳисобини тўлдириш имконияти ҳар бир бекатда бўладими? Бу мантиқсизлик бир ҳафтадан сўнг жорий этилади ва барчасини кузатамиз.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид