Ўзбекистон | 17:11 / 25.12.2020
9688
2 дақиқада ўқилади

«Бу иқтисод учун кейинги йилда ҳам хатарли». Молия вазири газ экспорти камайгани бюджет учун сезиларли йўқотиш бўлаётганини айтди

Молия вазири Тимур Ишметов 2020 йилда Ўзбекистон бюджети учун салбий таъсир кўрсатган омиллардан бири газ экспортининг кескин камайгани билан боғлиқлигини маълум қилди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган Ёшлар форуми доирасидаги учрашувда Молия вазири Тимур Ишметов газ экспорти ва маҳаллий истеъмолчилар учун танқис бўлаётган ёнилғи бўйича мулоҳазасини билдирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Нефт нархи пасайгани туфайли газ экспорти камайган. Ва бу Ўзбекистон бюджети учун жудаям сезиларли йўқотиш бўлди. Сенатда ҳисобот берганимда, кейинги йил хатарлари сифатида ҳам шуни белгилаб ўтдим.

Агар режалаштирилган газни сота олмасак, бюджетга катта йўқотишлар бўлади. Бизда бир нарсани англаш муҳимки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган газни иккита турга бўлиш керак. Биринчиси, ўзимизнинг ташкилот, иккинчиси, хорижий ташкилотлар томонидан қазиб чиқарилаётган газлар.

Биздаги хорижий ташкилотлар жаҳон бозорида пандемия туфайли нарх тушганидан кейин ўзининг ишлаб чиқаришини пасайтирган. Негаки, улар шартнома тузган хорижий шериклар бу газни олишни камайтирган. Булар газни сота олмаганидан кейин ишлаб чиқаришни ҳам пасайтирган.

Сизларга маълум, биз газни ички бозорда дунё бозоридан анча арзон нархда сотамиз. «Ўзбекнефтгаз» ишлаб чиқараётган газ мамлакатимиз талабига етмайди. Улар ишлаб чиқараётган барчасини ички бозорга сотяпти. Шунинг учун ҳам улар етказа олмайди.

Хорижий компанияларникини олиш учун албатта экспорт нархида сотиб олиш керак. Бу амалга ошмоқда ҳам. Хорижий компаниялар бозор нархида сотиб олиб ички бозоримизда арзон нархларда сотишга мажбур бўлмоқда. Шунга яраша катта харажатлар бўляпти», — дея вазир сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов 2020 йилда Ўзбекистон «Лукойл»дан бирламчи 5 миллиард куб метр газ келишилган нархда сотиб олинганини айтганди.

Маълумот учун, 2020 йилнинг ўтган 9 ойида газ экспорти 78 фоизга камайгани хабар қилинган.

Мавзуга оид