Ўзбекистон | 22:05 / 25.12.2020
5861
4 дақиқада ўқилади

Сайловдан кейинги 1-йил: Депутатларнинг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот берилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2020 йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот берди. Ҳисоботни спикернинг 1-ўринбосари Акмал Саидов 23 декабр куни ўқиб эшиттирди. Kun.uz мухбири асосий тезисларни келтириб ўтади.

Маълум қилинишича, Қонунчилик палатаси 2020 йилда 144 та қонун лойиҳасини кўриб чиққан. Бу – ўтган йилга қараганда уч баробар кўп.

Лойиҳалар ичида 69 та қонун қабул қилинган. Шундан 59таси янги қонунлар; 10таси эса жамланма (қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид) қонунлардир.

«59 та қонундан 11 таси депутатларнинг қонун ташаббускорлик ҳуқуқи билан қабул қилинди. Демак, бу ерда депутатлар ҳам ўзининг Конституцияда белгиланган ҳуқуқидан фойдаланди», – деди Акмал Саидов.

Тугаётган йилда қуйи палата 8 та қонун лойиҳасини қайтариб юборган.

«Бу айрим ОАВ кўр-кўрона айтганидек, беҳуда қайтариб бериш эмас. Лойиҳалар халқнинг, сайловчиларнинг манфаатларига тўғри келмаган», – таъкидлади депутат.

Саидовга кўра, 2020 йилдан қонун ташаббус қилган органнинг ўзи шу қонунни биринчи ўқишда тушунтириб бериши ҳам амалиётга киритилган.

«Агар ташаббускор қонуннинг кераклигини исботлай олса, ундан кейин иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қиламиз».

Спикер ўринбосарининг эслатишича, бу йилдан қонунлар муҳокамасида уни миллий ва хорижий экспертизадан ўтказиш амалиёти ҳам кириб келган.

«Ҳозирги кунда тайёрланган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасида биз 6та хорижий ташкилотнинг хулосасини олдик. Масалан, Европа кенгашининг Венеция комиссияси, ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, АҚШнинг Бригам Янг университети, БМТнинг диний эркинликлар бўйича махсус вакили Ахмед Шахиднинг хулосалари.

Яна бир жиҳат, пандемия туфайли биз том маънода электрон парламент тизимини яратдик, деб айта оламан», – дейди Акмал Саидов.

У ҳисоботи давомида қонунларнинг тўғридан тўғри ҳаракат қилувчи бўлиши кераклигини ҳам қўшимча қилди.

Мулозим ўз ҳисоботида парламент дипломатияси концепцияси қабул қилингани, депутатлар хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорликни кучайтирганига урғу берди.

Саидовга кўра, охирги бир неча йилда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини оширишга қаратилган 24та қарор қабул қилинган.

«Икки гуруҳ рейтинглар бор: иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий. Биз охирги йилларда иқтисодий рейтингларда ўсяпмиз, лекин афсуски, сиёсий рейтинглардаги ўрнимиз ҳали жудаям яхши эмас.

Ўйлайманки, 2021 йилда сиёсий-ҳуқуқий рейтингларда ҳам кўтариламиз. Масалан, биз демократия индекси, қонун устуворлиги индекси, коррупцияни назорат қилиш индекси, сўз эркинлиги ва ҳисобдорлик индекси, жаҳон матбуот эркинлиги индекси каби рейтингларда мавқейимизни кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун ҳатто кенгашлар туздик», – деди у.

Депутат парламентнинг инсон ҳуқуқлари назорати бўйича ваколати ортаётгани ҳақида ҳам гапирди.

«Бу йўналишда алоҳида комиссия тузилди. Илгари парламент инсон ҳуқуқлари бўйича қонунларни қабул қиларди. Эндиликда халқаро шартномаларни ҳам ратификация қилади. Шунингдек, бу йўналишдаги ишларнинг ижро ҳокимияти томонидан қандай бажарилаётганини назорат қилади.

2020 йилда ўтказилган Самарқанд форуми бизнинг энг йирик ишларимиздан бири бўлди», – деди Акмал Саидов.

Мавзуга оид