Ўзбекистон | 22:42 / 27.12.2020
21301
6 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти прокуратураси қурилишлардаги манфаатлар тўқнашувини текширмоқда

Kun.uz жамоатчилик суриштируви нишонига айланган тўрт нафар мансабдорнинг икки нафари билан боғланди.

Андижонда давлат объектларини қуриш ва таъмирлашда манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари рўй бергани бўйича прокуратура ўрганиш олиб бормоқда.

Вилоят прокуратураси хабарига кўра, ўрганиш ишларига соҳа мутахассислари жалб қилинади ва натижаси бўйича қўшимча хабар берилади.

Прокуратура кимни ва нимани текширади?

Kun.uz шов-шувли воқелик бўйича ҳозиргача маълум ҳолатларни санаб ўтади. Эслатиб ўтамиз, Telegram'даги «Davletovuz» канали эълон қилган суриштирувлар бўйича Коррупцияга қарши кураш агентлиги ҳам ўрганиш олиб бормоқда.

Ҳожибоев Рустамбек Тожибоевич, Андижон вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи

Ҳожибоев ҳозирги лавозимига 2020 йил 30 март куни тайинланган бўлса-да, ҳозир ҳам «Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish» МЧЖнинг барча улушлари унга тегишли.

Ушбу корхона Шаҳрихон туманидаги биринчи ва иккинчи сонли туғуруқ мажмуаларини реконструкция қилиш бўйича 12,8 ва 5,6 млрд сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган.

Рустамбек Ҳожибоев Kun.uz мухбири билан суҳбатда иккала ҳолатда ҳам барчаси қонун доирасида бўлганини билдирди.

«Мен бошқарма бошлиғи лавозимига 2020 йилнинг март ойида келганман. Касбим – қурувчилик. Узоқ йиллардан бери «Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish» МЧЖга эгалик қилиб, қурилиш фаолияти билан шуғулланиб келганман.

Маълумотларда айтилган 12,8 млрд сўм якуний қийматга эга Шаҳрихон тумани 1-туғуруқ мажмуасининг реконструкция лойиҳасини мансаб ваколатимдан фойдаланиб тендерда ютиб олмаганман. Чунки бу қурилиш лойиҳасининг тендер савдоси 2019 йил 1 мартда, яъни бошқарма бошлиғи лавозимига тайинланишимдан бир йил аввал ўтказилган. У пайтда мен вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи вазифасида эмасдим.

2020 йилнинг 2 октябр куни имзоланган пудрат шартномасига биноан, «Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish» МЧЖ Шаҳрихон тумани 2-туғуруқ мажмуасини қарийб 5,6 млрд сўмга реконструкция қилиш бўйича пудрат шартномасини ютган. Бу бор ҳақиқат. Мен ўша пайтда чет элда хизмат сафарида эдим.

Таъкидлаб ўтмоқчиманки, мен раҳбарлик қилаётган вилоят қурилиш бошқармасининг бирор ходими тендер комиссияси аъзолигига киритилмаган. «Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish» МЧЖ узоқ йиллардан бери қурилиш ишлари билан шуғулланиб келади ва мавжуд техника воситалари, малакали қурувчи бригадаларига эга экани боис тендер танловида ғолиб чиққан», – деди Рустамбек Ҳожибоев.

Жабборқулов Равшанбек Ҳабибуллаевич, «Қишлоққурилиш инвест» МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали раҳбари

У ва тўғридан тўғри қариндоши Жабборқулов Хайрулло Ҳабибуллаевич «Xonobod Savdo Ravnaqi» МЧЖга эгалик қилади.

Бу корхона «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Андижон вилоят филиалидан 3,2 млрд сўмлик буюртма олган ва бажарган.

Бундан ташқари, Андижон вилояти «Ягона буюртмачи хизмати» ИКдан Қўрғонтепа тумани «Шаҳрихонсон» МФЙдаги 2-сонли боғчани реконструкция килиш бўйича 4,7 млрд сўмлик буюртмани қўлга киритган.

Равшанбек Жабборқулов Kun.uz мухбири билан суҳбатда «Xonobod Savdo Ravnaqi» МЧЖ директори Алижон Ашуров экани, ўзи эса жамиятнинг таъсисчиларидан бири эканини билдирди.

«Xonobod Savdo Ravnaqi» МЧЖ 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, кўп йиллардан бери турли ҳудудларда қурилиш ишларини олиб борган. Мен «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК раҳбари этиб тайинланмасимдан илгари ҳам фаолият юритган ташкилот ўз ишини давом эттириб келмоқда», – деди у.

Р.Жабборқулов тендер жараёнларида аффилланганлик ҳолатига нега эътибор қаратилмагани ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинмагани ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

Қодиров Муҳиддин Абдураимович, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари

Муҳиддин Қодиров – «Milano Biznes Servis» МЧЖнинг 100 фоиз улуши эгаси.

У қарийб 20 млрд сўмлик учта объектни реконструкция қилишда пудратчи сифатида танланган. Яъни учта ҳолатда буюртмачи ҳам, пудратчи ҳам – Муҳиддин Қодиров.

Бу объектлар қуйидагилар: Жалақудуқ туманидаги «Ойим» поликлиникаси (6 млрд сўм), Избоскан туманидаги 42-мактаб (6,9 млрд сўм), Қўрғонтепа туманидаги 5-мактаб (6,7 млрд сўм).

Kun.uz Муҳиддин Қодиров ва унинг ўринбосари (у ҳақда қуйида сўз боради) билан боғлана олмади.

Қодиров Бахтиёр Абдуманнобович, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари ўринбосари

Унинг тўғридан тўғри қариндоши, Қодиров Мансурбек Абдуманнобович – «Andijon ihlos qurilish» МЧЖнинг 100 фоиз улуши эгаси.

Суриштирувга кўра, ушбу корхона:

  • Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағларидан амалга ошириладиган қурилиш объектлари манзилли рўйхатидаги тахминан 10,8 млрд сўмлик давлат буюртмаларини бажаришга масъул қилиб белгиланган;
  • Республика бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга ошириладиган манзилли қурилиш рўйхатидаги 3,2 млрд сўмлик объектларни «ютиб олган»;
  • Пахтаобод туманида 26,5 млрд сўмлик иккита 32 квартирали кўп қаватли уйни қуриш ва тегишли иншоотларни таъмирлаш бўйича тендерда ғолиб бўлган. Тегишли шартнома 2020 йил 9 ноябрда имзоланган.

Мавзуга оид