Ўзбекистон | 17:08 / 27.12.2020
20227
8 дақиқада ўқилади

Google ва бошқа IT-гигантларга қандай ишга кириш мумкин? Ўзбек дастурчиси тавсиялари

«Ўзингиздаги қобилиятларга яхши баҳо бериш, лекин изланишдан ҳам тўхтаб қолмаслик керак. Мен бу компанияларда ишга муносиб эмасман деб ўйламаслик керак. Ўқиш даврида ҳам ҳужжатларни топширавериш керак».

Дархонбек Маматалиев 23 ёшда. У 2015–2019 йилларда Тошкентдаги Инҳа университетида ўқиган. Ҳозирда халқаро UBER компанияси IOS дастурчи-инженери бўлиб ишламоқда.

Дархонбек «Осмондаги болалар» лойиҳасига берган интервьюсидан дастурчиликка қандай кириб келгани ва UBER'га ишга кириш жараёни ҳақидаги фикрларини тақдим этган эдик. Интервьюнинг 2-қисмида йирик компанияларга ишга кириш жараёни қандай бўлиши, яхши иш берувчиларнинг назарига тушиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида сўз боради.

«Ишончсизликни енга олиш керак»

— Инҳада ўқиганимдан афсусланган пайтларим ҳам бўлган. Кетган пулимга, таълим сифатига баъзида афсусланганман. Бора-бора менга бунинг фарқи бўлмай қолган. Чунки Инҳада олган асосий нарсам – нетворк, яъни танишлар ва дўстлар бўлган. Бу менга кейинчалик ҳам катта ёрдам берган.

Дипломим ҳозир Инҳада ётибди, ҳали уни олганим йўқ. UBER'га ишга кириш учун диплом керак бўлмади, сўрашмади.

Ҳозиргача Google, Amazon, Facebook, Apple, Robinhood, Uber, Reddit компанияларида интервьюдан ўтганман. Уларнинг ҳеч бирида диплом тўғридан тўғри сўралмайди. Дипломинг борми, деган савол бўлмайди. Диплом резюме тўлдиришда ўқиш жойини кўрсатиш учун қўл келиши мумкин. Ўқиш жойингиз кўрсатилмаса-ю, лекин иш тажрибангиз катта бўлса ҳам, ишга кириш имконияти юқори.

Ҳозир ўзбекистонлик ёшлар тил билса, иш визаси бўлса, халқаро компанияларга бемалол ҳужжат топширса бўлади. Фақатгина импостер синдромини, яъни ўзига нисбатан ишончсизликни енга олиш керак.

Ўзингиздаги қобилиятларга яхши баҳо бериш, лекин изланишдан ҳам тўхтаб қолмаслик керак. Мен бу компанияларда ишга муносиб эмасман деб ўйламаслик керак. Ўқиш даврида ҳам ҳужжатларни топширавериш керак.

Агар суҳбатга чақиришса, мен тайёр эмасман, деб қўрқиш эмас, қатнашиш керак. Биринчи суҳбатдан йиқилиш мумкин, бу табиий. Лекин йиқилсангиз ҳам, ҳеч ким сизни еб қўймайди, урушмайди.

Бўлиши мумкин бўлган энг ёмон сценарий – «Узр, сиз бизга тўғри келмайсиз» деган гап. Бўлди. Бу ҳам бошқа топшира олмайсиз дегани эмас. Шунинг учун уриниб кўришдан қўрқмаслик лозим.

Linkedin'даги профил нега керак?

— АҚШда, муҳандислик ривожланган давлатларда Linkedin платформаси жуда фаол ишлатилади. Бу – профессионал ижтимоий тармоқ. Исталган профессионалнинг Linkedin'да профили бўлиши шарт. У паспортга ўхшайди.

Бу платформада исталган мутахассисни топса бўлади. Йирик компанияларнинг рекрутерлари айнан Linkedin'да янги ишчиларни излашади. Турли фильтрлар орқали излаб, мос номзодларни топиб, профилингиз зўр бўлса, сизга алоқага чиқишади.

Linkedin'даги профилимни жуда зўр тўлдирганим, қоидалар бўйича ишлатганим учун Google, Amazon, Facebook'дан менга рекрутерлар алоқага чиққан.

Linkedin'даги профил қандай бўлиши керак:

  • Албатта суратингиз бўлиши шарт. Селфи ёки гуруҳда тушилган расм эмас, профессионал олинган сурат. Ишга асосан қандай кийимда борсангиз, ўша кийимда расмга тушган маъқул. Костюм-шим шарт эмас. Монотон фонда тушиш керак.
  • Исм-шариф бош ҳарфларда тўғри ёзилиши керак.
  • Ҳозир нима билан шуғулланишингиз аниқ ёзилиши керак. Талаба бўлса, талаба, инженер бўлса, қаерда ишлашингиз.
  • Иш излаяпсизми, қандай иш излаяпсиз – қисқа ёзишингиз керак.
  • Иш тажрибангиз, лойиҳаларингиз ёзилади. Иш тажрибасини ҳам агар ёрдам берса, ёзинг. Бўлмаса ёзиш керак эмас. Дейлик, сиз дастурчи бўлсангиз, қачондир ресторанда официантлик қилганингизни ёзиш шарт эмас.

Кўникмалар ёзилади, ютуқ ва сертификатларни ҳам қўйиш керак.

Linkedin'нинг алгоритми яхши тўлдирилган профилларни қидирувда юқори қаторларда чиқариб беради.

Йирик компанияларга ишга киришнинг уч усули

Йирик компанияларга ишга киришнинг уч йўли бор.

1. Компанияга ўзингиз тўғридан тўғри ҳужжат топширишингиз мумкин. Лекин бу black hole, яъни қора туйнук дейилади. Қора туйнукка нима ташласангиз йўқ бўлиб кетганидек, бунда резюме ташлайсиз, йўқ бўлиб кетади. Чунки бунақа усул билан минглаб ҳужжатлар келади.

Вlack hole менда бир марта иш берган. Apple'га 24та позицияга ишга топширганимда, фақатгина биттасига уч ойдан кейин жавоб чиққан.

2. Гигант компанияларга ишга кириш учун энг идеал вариант бу – рекрутернинг алоқага чиқиши. Рекрутерлар эса номзодларни Linkedin'дан излашади.

3. Реферал орқали. Бунда реферал бераётган одам сизни компанияга тавсия қилади. Резюменгизни кўриб чиқишлари учун ички тизимга юборади. Реферал орқали топширганда уни рекрутерлар кўриш эҳтимоли кафолатланган.

Ишга кириш суҳбатлари қандай кечади?

Рекрутер сизга алоқага чиққач, у билан телефонда суҳбат бўлади. Тажрибангиз, қандай иш излаётганингиз ҳақида сўрайди. Ва сизга компания ҳақида, унга қандай ходим кераклиги ҳақида гапириб беради. Яъни сизни скрининг қилади – профилдаги одам сизми-йўқми, текширади.

Сўнгра сизга онлайн топшириқ берилади. 1,5 соатда тўртта масалани ишлаш керак. Бундан ўта олсангиз, рекрутер сизни фон-скринингга таклиф қилади. Бунда компания инженери билан телефон орқали 45 дақиқалик интервью қилади. Сиз мулоқот чоғида ҳеч қандай инструментларсиз, онлайн блокнотда айтилган вазифаларни бажаришингиз керак бўлади.

Охирги босқичда эса онсайт интервью бўлади. Бунда сизни компания офисига таклиф қилишади. Ҳатто бошқа давлатда бўлсангиз, меҳмонхона ва самолёт чиптаси харажатларини ҳам қоплаб беришади.

Онсайт суҳбат ҳар бири 45 дақиқадан бўлган 5–6та кичик интервьюлардан иборат. Уларда сизнинг психологик ҳолатингиз, ўзингизни жамоада қандай тутишингиз, ишга муносабатингиз ўрганилади. Шунингдек, техник кўникмаларингиз ҳам синовдан ўтказилади. Топшириқлар берилади. Топшириқни бажариш чоғида ҳам гапириб туриш керак. Чунки жамоада иш қилишда бошқа дастурчилар, ходимлар билан гаплашишга тўғри келади.

Рад жавобини олиш – нормал ҳолат

— Google, Amazon, Facebook, Apple’да суҳбатлардан йиқилганман. Резюме топширган жойларимдан 14 марта рад жавобини олганман. Бу нормал ҳолат. Катта компанияга ишга топширганда суҳбатдан йиқилиш ёки рад жавобини олиш табиий. Одам қайта-қайта топшириб, тажриба тўплаб, кейин уддалаши мумкин.

Биринчи суҳбатда – Amazon билан интервьюда қийналганман. Чунки интервью жараёни қандай бўлишини билмаганман, довдираганман. Гапимда кўп тўхтаб қолганман, интервьюер мендан нимани исташини билмаганман.

Facebook'да эса онсайт суҳбат босқичигача борганман, лекин кейин карантин бўлиб қолди. Apple'да эса улар ходим излаётган позициялар учун менинг кўникмаларим мос тушмаган.

Ишга суҳбатдан йиқилиш бу – сен учун барча эшиклар ёпилди дегани эмас. Тажрибани ошириб, кўникмаларни яхшилаб, яна уриниб кўриш мумкин. Суҳбатдан йиқилсангиз, 6-12 ойдан кейин яна қайта ҳужжат топшириш мумкин.

Мавзуга оид