Жамият | 17:27 / 27.12.2020
17726
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги «Отчопар»да тўрақўрғонликларнинг ҳосил байрами ва улоқ мусобақаси ўтказилди — фотогалерея

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида жойлашган «Отчопар»да бу йил ғалла ва пахта режасини биринчилардан бўлиб бажарган тўрақўрғонлик заҳматкашлар шарафига улоқ-кўпкари мусобақаси ташкил этилди.

Совуқ ҳаво ва ёғингарчилик бўлишига қарамай, кўпкарига вилоятнинг барча туманларидан, қўшни вилоятлар ва Қирғизистондан жами мингга яқин чавандозлар келишди. Улоқ мусобақасини минглаб томошабинлар кузатиб борди.

Кўпкарида улоқни худди дошқозон сингари қайнаб турган майдондан олиб чиқиш ҳақиқий ғолибликдир. Лекин бундайин талотўпдан улоқни ажратиб олишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун чавандозга яхши от, билак кучи ва улкан тажриба керак. Отинг учқур бўлса-ю, сенда чапдастлик етишмаса, ғолиб чиқишни орзу қилмасанг ҳам бўлаверади...

Тўрақўрғонлик чавандоз Ҳамидулло Қурбонов туманнинг машҳур полвонлари бўлган Файзулло, Фарҳод ва Убайдулло чавандоз шогирдларидан, ҳозирда чавандознинг ўғиллари улоқ сурмоқда. Бугунги кўпкарида Ҳамидулло аканинг Охун полвон ўғли улоқ айирмоқда.

Ҳосил байрамида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳам улоққа қўшилди ва солимлардан биринчи туяни қўлга киритди. Иккинчи туя тўрақўрғонлик Охун полвонга насиб этди.

Бундан ташқари, совринга тикилган той, бузоқ, қўй-эчки, телевизор каби қимматбаҳо совғаларни улоқни белгиланган жойгача дадил ортмоқлаб борган ғолиблар қўлга киритишди.

Юлдузхон Юлдашева тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи: Шоҳрух Кенжаев.

Мавзуга оид