Жамият | 13:23 / 27.12.2020
19010
2 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков: Аҳолининг 70 фоизида коронавирусга қарши иммунитет шакллантира олсак, пандемияни енгамиз

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Отабеков ССВ матбуот хизматининг Ўзбекистондаги пандемик вазият билан боғлиқ сўнгги янгиликларга оид саволларига жавоб берди.

—  Бир томонда коронавирусга вакцинация жараёнлари бошланиши арафасида турган бўлсак, бир томонда вируснинг янги штамми ҳақида гаплар қулоққа чалинади. Вакцина янги штаммларга ҳам даво бўладими?

— Албатта, коронавирусга қарши вакциналарнинг яратилиши қанчадан қанча одамларни ушбу касалликка чалинишдан сақлаб қолиш имкониятини беради. Ҳозир дунё ҳамжамияти пандемияни бошидан кечирмоқда, шундай экан биринчи галдаги вазифа бу айнан пандемияни жиловлаш, керак бўлса вируснинг у ёки бу давлатдаги элиминациясига эришиш ҳисобланади. 

Фикримча, агар аҳолининг 70 фоизида иммунитетни шакллантира олсак (эмлаш орқали ёки касалланиш оқибатида) демак биз пандемияни жиловлай оламиз, аниқроқ айтсак биз уни енгамиз. Статистик рақамларга эътибор берсак, бугунга келиб, ер курраси аҳолисининг юздан бири коронавирусга чалинди, жами қайд этилган ҳолатлар сони 80 миллиондан ошди, 1 миллиондан ортиқ бемор вафот этди. 

Фикримча, мутацияга учраган вируснинг пайдо бўлиши эндиликда эмлашнинг бефойда эканлигини билдирмайди. Бугунги кунга қадар ишлаб чиқилган вакциналарнинг аксарияти коронавируснинг боғловчи оқсилларини кодлайди. Демак, эмлаш тадбирлари амалга оширилгандан кейин ҳатто мутант-вирус билан касалланган тақдирда ҳам беморнинг иммун тизими ҳаракатга келади ва қувонарлиси, амалдаги иммун тизимини енгиб ўта оладиган даражада протеинларини ўзгартириши учун вирус бир қатор мутациялардан ўтиши шарт бўлади. 

Шу ўринда, аҳолимизга эслатиб ўтмоқчи бўлган нарсам шуки, грипп касаллиги вируслари ҳам тез-тез мутацияга учраши сабабли вакцина ҳар фаслнинг бошида янгиланиб турилади ва шу йўл билан эмлаш самарадорлигига эришилади.  Бунинг учун коронавирусга қарши вакциналарни ҳам келгусида янгилаш керак бўлиши мумкин. Aммо пандемия даврида жамланган маълумотлар ва яратилган ишлаб чиқариш манбалари, шубҳасиз кейинчалик аҳолини унчалик қиммат бўлмаган ва сифатли вакцина билан мунтазам таъминлаш имконини беради.

Мавзуга оид