Ўзбекистон | 18:25 / 27.12.2020
13668
3 дақиқада ўқилади

Сенат раиси Меҳнат кодексидаги айрим имтиёзлар фақат аёлларга берилганига эътироз билдирди

3 ёшга тўлмаган ёки ногиронлиги бор болани парваришлаш билан банд оналарга Меҳнат кодексида айрим енгилликлар берилган. Аммо болани парваришлаш вазият тақозоси билан эркак кишининг зиммасига тушиши ҳам мумкин, дейди Танзила Норбоева.

Фото: Kun.uz

Меҳнат кодексига асосан, 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлнинг илтимосига кўра, иш берувчи унга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбур.

Шу билан бирга, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, нафақа тўланади.

Бундан ташқари, аёллар боласи 3 ёшга тўлгунга қадар иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил олиши ҳам мумкин.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг фикрича, бу нормаларда аниқ қилиб аёллар деб ёзиб қўйилгани нотўғри.

«Оила эр ва хотин келишуви асосида қурилади. Ногиронлиги бор бола билан онаси ўтирадими ёки отаси, буни улар ҳал қилади. Отаси уйда ўтириб, онаси ишлаши ҳам мумкин-ку.

Худди шундай ёндашув ҳамма қонунларимизда бўлиши керак. Фақат аёл деб чеклаб қўйиш нотўғри. Масалан, аёл кишининг ойлиги кўпроқ бўлиши мумкин, шундай вазиятда у ишласа, маъқулроқ деб топилади.

Балки эркак кишининг болага қарашга кўпроқ иштиёқи бордир. Марҳамат, эркак болага қарайдиган бўлса, шунга келишилган бўлса, унда аёл ишласин.

Агар биз фақат аёл деб қўядиган бўлсак, эртага бу қонун яна қоғозда қолиб кетади. Ишламайди. Эркак чиқади ёки бўлмаса бувиси мен қарайман деса, йўқ фақатгина онага қўлланилади бу, деган эътироз бўлиши мумкин. Шунинг учун, Сенатга келишидан олдин қонунларни гендер экспертизасидан ўтказамиз», – деди Танзила Норбоева 21 декабр куни Гендер тенглик комиссияси йиғилишида.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ҳам бу фикрга қўшилган.

Вазирнинг сўзларига кўра, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ушбу масала инобатга олинмоқда.

«Меҳнат кодексининг янги бобида ногиронлиги бор болаларга қарашга аёллар ва оилавий мажбуриятларга эга кишилар – ҳаттоки унинг бобоси, онаси ва турмуш ўртоғи ҳам масъул бўлиши мумкин», – деди йиғилишда сўз олган Нозим Ҳусанов.

Мавзуга оид