Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ҲЭТКдан кластерга: Фарғонада электр тармоқлари корхонаси нималар ишлаб чиқармоқда?
Ўзбекистонда куз-қиш мавсумлари энергетика тизимидаги муаммолар билан ўтади. Бунда аҳолидан энг кўп шикоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига бўлади.
Ўз навбатида, бу корхоналар истеъмолчиларга ўзларида мавжуд ресурснигина етказиб бера олишини, энергия етишмовчилиги «Иссиқлик электр станциялари» ва «Миллий электр тармоқлари» компаниялари билан ҳам боғлиқлигини эслатади.
Аммо Фарғона вилояти ҲЭТК мисолида кўриш мумкинки, ҳудудий электр корхоналари ўзларидаги салоҳиятдан унумли фойдаланиб, қатор фойдали лойиҳаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
«Фарғона вилояти ҲЭТК» АЖ Иқтисод ва истиқболлаш бўлими бошлиғи Икромжон Мадумаров Kun.uz мухбири билан суҳбатда йўлга қўйилган айрим лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
— Бу ерда 2 хил ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Мақсад – маҳсулотларни маҳаллийлаштириш орқали таннархни камайтириш. 2019 йилдан бошлаб темир-бетон таянчларни (симёғочлар) ишлаб чиқаришни бошладик.
Темир-бетон таянчларга ойлик эҳтиёжимиз 3000дан зиёд. Қўлбола симёғочлардан янги, замонавий темир-бетон таянчларга дастур асосида ўтишни режалаштирганмиз. Аммо Фарғона вилоятида фақат битта ишлаб чиқарувчи – «Қувасой» темир-бетон ишлаб чиқариш заводи (давлат корхонаси) бўларди. Бу заводнинг ўзига яраша муаммолари, нарх қимматлиги, ишлаб чиқаришнинг тўхтаб қолиши сабаб дастуримиз ижроси кечикаётгани учун бу ишлаб чиқаришни ўзимиз йўлга қўйдик.

Кунлик ишлаб чиқариш ҳажмимиз 60 донага етди. Оддий 11 метрли таянчни биз «Қувасой» темир-бетон ишлаб чиқариш заводидан 1,1 млн сўмдан сотиб олган бўлсак, ўзимизда 760 мингдан тушяпти нархи. Бир дона таянчдан 400 минг сўм иқтисод қилиняпти.
2та темир-бетон ишлаб чиқариш цехи бор-йўғи 1,5 млрд.га тушган, холос. Бир йилда ўзини қоплайди. Ҳозирга қадар 85 фоиз қоплаб бўлди.



Бундан ташқари, биз металл конструкция ишлаб чиқариш цехини ҳам ишга туширдик. Бунинг аҳамияти жуда ҳам катта. Қурилмаларни Наманган темир қурилмалари заводидан қиммат нархда сотиб олардик. Улар ўз ишлаб чиқариш қийматига яна қўшимча нархда устамалар қўшгани ҳисобига бажариладиган ишлар ҳажми ва қиймати ошиб кетишига сабаб бўлаётган эди. 8 хил турдаги металл конструкцияларни ўзимиз ишлаб чиқаришимиз ҳисобига бир йил давомида 17 млрд сўм соф фойдага эришдик.
Яна бир ишлаб чиқаришимиз – ҳозирги замонавий сим кабелларни темир-бетон таянчларга маҳкамлаб турадиган зажим воситалари. Биз ўзимизнинг тилда СИП-арматуралар деб айтамиз. Биз буни жуда қиммат нархга монопол ташкилотдан сотиб олардик. Бошқа ҳудудий ЭТКлар ҳам шу корхонадан оларди. Бу дегани ўз-ўзидан навбатда туриш, вақт йўқотиш, ишларнинг тўхтаб қолиши, асаббузарлик. Энди бундай муаммолар йўқ.
Трансформаторларни таъмирлаш цехимизни ҳам ташкил қилдик.


Умумий ишлаб чиқариш комплексида ҳозир 50га яқин ишчи ўрни яратилди. Иқтисод қилинаётган маблағлар туфайли ходимлар, ишчилар ижтимоий ҳимояси учун ҳар хил рағбатлантириш кўринишида тўловлар амалга ошириш имконияти вужудга келди. Уларнинг маошлари ўртача 2–3 миллион сўм. Таянч ишлаб чиқариш цехида тўлов ишбай.
Бизда муаммоли ҳудудлар йилдан йилга камайиб боряпти, лекин реал ҳолатни айтадиган бўлсак, 2021 йили 17 фоиздан 20 фоизгача муаммоли ҳудудлар мавжуд. Уларни босқичма-босқич, маҳаллий ҳудудлар билан келишган ҳолда давлат дастурларининг манзилли кўринишдаги рўйхатларига қўшишга ҳаракат қиламиз.
Қўлбола симёғочлар, қўлбола шаклда ташкил қилинган электр ўтказгичларни замонавий, технологик йўқотишлари кам бўлганларига алмаштиришни режалаштирганмиз. Қўлбола – ўз номи билан қўлбола; балки у билан истеъмолчи уйи ёришар, лекин ҳудудий электр тармоқлари йўқотаётган электр энергиянинг ўрнини қопламайди.

2020 йилда инновацион ғояга қўл урдик. Ўзбекистонда биринчи бўлиб полимер изоляторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Бу махсус хомашёдан қилинади. Хомашё таркиби устида ишлаяпмиз.
Ҳозир ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган изоляторлардан фарқи шундаки, буларга техник хизмат кўрсатиш анча енгил. Январ ойида мутахассисларимизни Туркияга, Хитойга жўнатмоқчимиз. Биз маҳсулотларни маҳаллийлаштириш орқали электр энергия етказиб беришни кластерга айлантирмоқчимиз.
Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев.
Мавзуга оид
18:43 / 24.05.2025
Францияда йирик блэкаут юз берди
11:02 / 23.05.2025
4 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди
19:58 / 21.05.2025
Яйпанда шундай ошхона бор: Ош салат, нон ва чойи билан 8 минг, шўрва эса 10 минг сўм
12:13 / 06.05.2025