Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Турли соҳа вакиллари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Кўксаройдаги тадбир таассуротлари
Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошлар президент фармонлари асосида фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Уларни тақдирлаш маросими пандемия туфайли йил якунида бўлиб ўтди.
28 декабр куни Кўксаройда мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда турли соҳа вакиллари иштирок этди. Мукофотлар мураккаб йилда фидойилик кўрсатган юртдошлар меҳнатининг эътирофи ва сарҳисоби ҳам бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тадбирларнинг аксарида давлат раҳбари муҳим масалалар муҳокамасига вақт ажратади. Галдаги тадбир ҳам шундай бўлди; президент расмий нутқ ва тақдирлашлар олдидан бугунги вазият, якунланаётган йил ва тадбир иштирокчиларига тушган масъулият ҳақида сўзлади.
«Синовлар жуда кўп бўлди, биз улардан тинмай меҳнат қилиб мардонавор ўтдик ва ғалаба қилдик. Сизларни ана шу ғалаба билан табриклайман. Пандемиядан қудратли бўлиб чиқамиз дегандим, мана бугун шу кунларга етиб келдик, кўз тегмасин.
Шифокорларга кўрсатган қаҳрамонликлари учун таъзим қиламан. Қуролли Кучлар, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мард ва жасур ходимларининг хизматларини алоҳида қадрлаймиз», – деди президент.

Мукофотланганлар орасида тиббиёт ходимлари кўпчиликни ташкил қилди. Жами 86 кишидан 18 нафари – тиббиёт соҳаси вакиллари эди. Умуман, йил давомида соҳанинг 375 нафар ходими давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Давлат раҳбари якунланаётган йил бўйича ҳам ўз фикрларини билдирди:
«Жуда мураккаб йил бўлди: пандемия, Олот ва Қоракўлдаги офат, Сардоба воқеаси, кўпчиликни йўқотдик... Кун эмас, соат санаб кутяпман, мана шу йилни эсон омон кузатиб олайлик, деб. Лекин шунга қарамай ўтаётган йил бўйича ношукрлик қилмайлик. Биз бир-биримизнинг қадримизга етишни ўргандик, ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошладик», – деди Шавкат Мирзиёев.
Расмий тақдирлаш маросимида президент ҳар бир соҳа вакили – мукофот эгалари билан битталаб суҳбатлашди; суҳбатлар эшитилмаган бўлса-да, давлат раҳбари уларни янги марраларга руҳлантирганини сезиш қийин эмасди.
Тадбир якунида тақдирланганларнинг таассуротлари билан қизиқдик.
Гавҳар Зокирова, Ўзбекистон халқ артисти:
— Бугун Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг авлодларига «Буюк хизматлари учун» ордени топширилди. Бу уч оила учун бугун унутилмас кун бўлди.

Ўзингиз учун орден олишингиз билан бобонгиз учун орден олишингизни умуман таққослаб бўлмайди. Бу уч инсон биргаликда ишлаган. «Падаркуш» пьесасини Беҳбудий ёзган, Абдулла Авлоний шу пьесада рол ижро этган, Мунаввар қори эса саҳна очилишидан олдин Тошкентда икки мингдан ортиқ йиғилган одамларнинг қаршисига чиқиб: «Театр – ўйин ёки мархарабозлик эмас. Театр – ойнаванд уйким, кирган ҳар бир кимса ўз ҳусн-у қабиҳини кўра олур», деб айтган.
Ушбу уч одам халқининг саводини ошириш учун, халқининг кўзини очиш учун, фаровон ҳаётга йўналтириш учун хизмат қилишди. Зиёли инсон мана шундай бўлади. Доимо ўз устида ишлайди ва йиллар ўтиб, унинг авлодлари ғурурланиб, унинг учун орденлар олишади.
Шаҳноза Соатова, блогер, «Шуҳрат» медали соҳиби:

— Жуда ҳам хурсандман, сабаби, мен – шахсан давлат раҳбарининг қўлидан давлат мукофотини олган биринчи блогерман.
Бу мукофотнинг ўз рамзий маъноси ҳам бор. Бу – бугунги кунда ахборот майдонида ўзининг тўғри сўзини бетаҳрир, виждонан айтаётганлар учун рағбат, уларнинг сўзига эътибор борлигини англатади ва бу бизга ўзига яраша қўшимча журъат беради.
Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистон халқ артисти, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби:

— Санъаткорларнинг бутун ишлари ватан учун хизмат қилишдан иборат. Янги Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнашига санъат орқали хизмат қилиш бизнинг бурчимиз. Бу мукофот мени яшартирди, энди янада кўпроқ хизмат қиламан. Ҳар бир хонадонда қўшиқ янграсин, чақалоқларнинг овозлари янграсин, юртимизга кўз тегмасин.
Мастурахон Сайфитдинова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими:

— Ушбу берилган фахрий унвон нафақат менга, балки менга ўхшаган барча қишлоқ аёлларига берилган унвондир. Биз бундан руҳланган ҳолда кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшамиз. 2021 йил барчамизга барокатли йил бўлсин. Биз қишлоқ хўжалиги ходимлари халқимизнинг дастурхонини тўкин-сочин қилиш учун доимо хизматга тайёрмиз.
Аброр Зоҳидов
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов
Мавзуга оид
10:03 / 28.05.2025
Йирик сув иншоотлари ва магистрал қувурларга “ақлли” ҳисоблагич тизими ўрнатилади
21:22 / 27.05.2025
2025 йилда 1619 км ичимлик сув тармоқларини тортиш режалаштирилган
18:30 / 27.05.2025
Шавкат Мирзиёев ЮНИСЕФ ижрочи директори билан учрашди
12:30 / 27.05.2025