Ўзбекистон | 12:42 / 30.12.2020
70358
5 дақиқада ўқилади

«Борига барака»да квартира ютиб олган ғолибга мукофот 1 йилдан буён берилмаяпти

Ургутлик Бахтиёр Маматов «Борига барака» телевизион шоусида 2 хонали квартира ютиб олган. Аммо бу ютуқ 14 ойдан бери эгасига топширилгани йўқ.

«Zo’r TV» телеканали орқали эфирга узатиладиган «Борига барака» кўрсатуви қисқа фурсатда кенг омма орасида танилиб, миллионлаб аудитория йиға олди. Кўрсатув бошловчиларининг машҳурлиги, истеъдоди ва албатта совринларнинг бири-биридан қимматбаҳо экани ҳам бунга сабаб бўлгандир эҳтимол.

Олти фарзанднинг отаси, ургутлик Бахтиёр Маматов – ушбу ўйиннинг 2019 йил октябридаги 92-сонида иштирок этиб, 2 хонали квартира ютиб олганлардан бири. Аммо орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлишига қарамай, бу ютуқ Бахтиёр Маматовга топширилгани йўқ.

«2019 йил куз ойларида «Аtlas» кўнгилочар савдо марказида бўлиб, у ерда купон тўлдирган эдим. Шу сабаб бўлиб «Борига барака» телевизион шоуси иштирокчисига айландим. Кўрсатувнинг навбатдаги сонида иштирок этиб, омадим кулиб боқди ва 2 хонали квартира ютиб олдим.

Аммо орадан 14 ой ўтган бўлса-да ташкилотчилар ҳамон менга аталган уйни берганлари йўқ. Бу орада турли одамларга рўпара қилишиб, турли баҳоналар қилишди. Ҳар гал телеканалга чақирганларида умид билан бораман, аммо яна қуруқ қўл билан қайтаман.

Аввал ҳомий ўзгарди дейишди, кейин карантин баҳона бўлди ва мана энди пропискам билан боғлиқ масалани рўкач қилиб, уйни бермай келмоқдалар.

Ўртада жуда кўп гап-сўзлар бўлиб ўтди, ҳар сафар ваъда беришади, лекин янгиликдан дарак бўлмайди. Кўрсатув ташкилотчиларининг тўғри ва адолатли эканликларига ишончим қолмади», – дейди Kun.uz'га мурожаат қилган Бахтиёр Маматов.

Бахтиёр Маматовнинг сўзлари қай даражада ҳақиқатга яқинлигини билиш мақсадида «Zo’r TV» телеканали раҳбарияти билан боғландик.

Телеканал масъуллари телевизион шоунинг 92-сонида ютилган 2 хонали квартира фуқаро Бахтиёр Маматовга ҳалигача топширилмаганини турли сабаблар билан изоҳлади. 2019 йил якунига етаётгани муносабати билан кўрсатув ҳомийси ўзгаргани, кейинроқ эса карантин бошланиб кетгани шулар жумласидан.

Айтишларича, Бахтиёр Маматов ўйинда ғолиб бўлган чоғда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида доимий пропискада бўлган. Ўйин шартларига кўра, унга Ургут туманидан уй олиб берилиши лозим бўлган.

Бу орада Маматов доимий пропискасини Тошкент шаҳрига ўтказган ва ташкилотчиларга пойтахтдан квартира олиб бериш талабини қўйган. Аммо бу ўйин шартига мос бўлмагани боис Самарқанд вилоятидаги 2 хонали квартираларнинг ўртача нархида пули тўлаб берилишига келишилган.

Телеканал директори Kun.uz билан суҳбатда келишув миқдори 18 минг АҚШ долларини ташкил этгани ва шу кунларда сўмдаги эквиваленти миқдорида Маматовнинг банк картасига тўлаб берилишини маълум қилди.

Лойиҳа раҳбари Азиз Умрзоқов, ўз навбатида, ютуқ учун ваъда қилинган квартиранинг олиб берилиши бу қадар кечикиб кетиши сабабини ушбу фуқаро билан олиб борилган музокараларнинг чўзилиб кетгани билан изоҳлади.

Унинг таъкидланишича, Маматов иштирок этган пайтда кўрсатувнинг ҳомийси бўлган компания билан ҳомийлик шартномасининг муддати тугаши кўрсатувнинг ўз мажбуриятларни вақтида бажаришига имкон бермаган.

«Ҳозирда Бахтиёр Маматов билан деярли келишувга эришганмиз, тез кунларда ўйин шартларига мувофиқ келадиган уй ёки унинг қийматига тенг келадиган сумма телеканал ҳисобидан тўлаб берилади», – дейди лойиҳа раҳбари Азиз Умрзоқов.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz'да эълон қилинган таҳлилий мақолада «Борига барака» кўрсатуви қонуний томондан қиморга хос унсурларга эга экани айтилганди.

Кўп ўтмай телеканал мақолага ўз муносабатини билдириб, лойиҳа Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилгани ва шу йўл билан «Борига барака» кўрсатувининг лотерея қонунлари таъсири остига тушиши мумкин бўлган белгилари йўқлиги факти тасдиқланганини билдирганди.

Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев иштирокида ўтган матбуот анжуманларидан бирида, прокуратура бу кўрсатувнинг қонунийлиги масаласини батафсил кўриб чиқиб, натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилганди. Аммо ҳозирга қадар Бош прокуратура томонидан ушбу ўрганиш олиб борилганми-йўқми, номаълум.

Толиб Раҳматов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид