Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бухоро дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти янги ҳудудда янгича ишлаш тизимига ўтди
«Бухоро дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти жорий йилда вилоят аҳолисининг ун ва ун маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, фермерлар томонидан мўл ғалла ҳосили етиштириш мақсадида самарали ишлади.
Айтиш мумкинки, давлат раҳбарининг ўтган йили Бухоро вилоятига ташрифидан сўнг ҳукумат қарори билан Бухоро шаҳрида «Bukhara City» замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказини барпо этиш кўзда тутилганди. Шунга асосан «Бухоро дон маҳсулотлари» акциядорлик жамиятининг ҳам олдинги ҳудуди бузилиб, Бухоро шаҳридаги «Халқлар дўстлиги-9» манзилига кўчирилди. 2019 йилнинг сентябр ойидан қурилиш ишлари бошланди.




Жорий йилнинг май ойида эса суткасига 300 тонна донни қайта ишлашга мўлжалланган ун тегирмони тўлиқ қувватда ишлай бошлади. Бунда Туркия давлатининг «ALAPROS» компаниясидан тегирмон цехининг қўшимча зарур жиҳозлари, «OBIAL» фирмасидан икки дона 1500 тонна сиғимли элеваторлар келтириб ўрнатилди. 27000 тонна сиғимга эга махсус ғалла омбори қурилди. Ишчи-хизматчилар учун дам олиш хоналари комплекси қуриб, ишга туширилди. Корхона ҳудудига янгидан тоза ичимлик суви қувурлари ва сув-оқова тизими ўтказилди. Электр тақсимлаш биноси қуриб ишга туширилди. Корхона ҳудудига асфалт ётқизилиб, зарур бино-иншоотлар қурилди. Жами 10 млрд 573 млн сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.

Жамиятда қурилиш, янги, замонавий ускуналар ўрнатиш баробарида иш жараёни ҳам тўхтаб қолгани йўқ. 2020 йил ғалла ҳосилини қабул қилиб олиш учун контрактация шартномалари тузилди. Шу асосда вилоятнинг бешта тумани (Бухоро, Вобкент, Ғиждувон, Пешку, Шофиркон) ва Бухоро шаҳридаги фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғаллани қабул қилиб олишга ихтисослашган бош корхона элеватори, «Вобкент», «Пешку», «Шофиркон», «Қ.Муртазоев», «Пахтаобод» (ижара), «Варахшо» (ижара), «Қўрғон» дон қабул қилиш шохобчалари ва «И.Наимов»-«Ромитан» уруғлик цехлари томонидан моддий техника базаси яратилди. 1495 та фермер хўжаликларидан 72900 тонна товар дон ва 10325 тонна уруғлик дон, жами 83225 тонна ғалла қабул қилиб олинди.



Очиқ майдонларга қабул қилинган ғалла ёғин-сочинли кунларга қолмасдан, уюшқоқлик билан ёпиқ сиғимлар (омборлар)га киритилди. Омборларга киритилган ғалла белгиланган тартибда зараркунандаларга қарши доимий дориланиб турибди.
Ўз навбатида 2021 йил ҳосили учун ҳам вилоятнинг 5 та тумани (Бухоро, Вобкент, Ғиждувон, Пешку, Шофиркон) ва Бухоро шаҳридаги 1467 та фермер хўжаликлари билан 45618 тонна товарбоп дон ва 5765,4 тонна уруғлик дон, жами, 51383,4 тонна буғдой қабул қилиб олиш учун контрактация шартномалари тузилди.




Вилоят аҳолисининг сифатли ун маҳсулотларига бўлган талабини инобатга олган ҳолда дислокацияга асосан ҳар ойда 3300-3500 тоннадан темир моддаси билан бойитилган ун маҳсулоти шартномага кўра нон ишлаб чиқариш, ижтимоий таъминот корхоналари ва аҳолига чакана хизмат кўрсатувчи корхоналарга етказиб берилмоқда.



Вилоят чорвачилик хўжаликлари, балиқчилик ва товуқчилик хўжаликларига ҳар ойда 1500-1600 тоннадан сифатли омихта ем маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, биржа савдолари орқали сотилмоқда. Омихта ем маҳсулоти озуқабоплигини ошириш мақсадида вилоят фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган 300 тонна макка дони шартнома асосида, 250 тонна арпа дони биржа савдолари орқали сотиб олинди.
Ишлаб чиқариш фаолият турларини кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида жамият ҳудудида 60 сотихли иссиқхона иншооти қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бундан кўзланган мақсад халқимиз дастурхонини сифатли помидор-бодринг маҳсулотлари билан таъминлаш, қўшимча иш ўрни яратиш ва корхонани иқтисодий ривожлантиришдан иборат.


Жамиятга қарашли «Кук сарой Wachtel», «Олтин бошоқ иссиқ нони» ва «Работ нон инвест» масъулияти чекланган жамиятлари Бухоро шаҳри ва Бухоро тумани аҳолиси дастурхонини сифатли нон маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда.
Айтиш мумкинки, «Бухоро дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти сифат жиҳатдан жорий йилда тубдан янгиланди ва ҳозирги вақтда ҳам бу жараён давом этмоқда. Мақсадимиз халқимизга сифатли маҳсулот етказиб бериш, озиқ-овқат хавфсизлигига ҳисса қўшиш ва шунинг баробарида иқтисодиётимизни юксалтиришдан иборатдир.
«Бухоро дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти