Жамият | 15:48 / 02.01.2021
12179
4 дақиқада ўқилади

«Вақф» фонди эҳсонларни Қорбобо ёрдамида тарқатган Қумқўрғон тумани ҳокимлиги масъулларини бефаросатликда айблади

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида эҳтиёжманд оилаларга «Вақф» фонди эҳсонлари Қорбобо ролидаги кишилар томонидан тарқатилгани ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди.

«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан республикамиздаги ҳар бир маҳалладан 10 нафардан жами 91 минг 550 нафар кам таъминланган оилага озиқ-овқат маҳсулотлари улашилган.

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ушбу хайриялар Янги йил арафасида Қорбобо кийимидаги шахслар ёрдамида тарқатиб чиқилгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган. Бу эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин эътирозларига сабаб бўлган.

«Жойлардаги тадбирларнинг шакли ва мазмуни ҳудудлардаги ташкилотлар томонидан уюштирилган бўлиб, бундай фаросатсизликка йўл қўйган маҳаллий мутасаддиларни мутлақо оқлаб бўлмайди. Хусусан, мана шу ҳолатга сабабчи бўлган Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимлиги вакиллари узр сўрашлари керак.

Шундай экан, тарқатилган суратлардаги қорбоболарнинг «Вақф» хайрия жамоат фондига ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Бу ҳолат учун Фонд ва унинг ходимларини обрўсизлантириш, ҳақорат ва адолатсизликдир. Ҳар қандай тўғри ва ишончли маълумотни исталган вақтда Фонднинг ўзидан олиш мумкинлигини яна бир бор таъкидлаймиз», дейилади «Вақф» хайрия жамоат фондининг расмий муносабатида.

«Вақф» фондининг хайрия маҳсулотлари жойлардаги мутасадди ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари ҳамда кўнгиллилар иштирокида тайёрланган ва эҳтиёжманд оилаларга етказилган.

Қумқўрғон туман ҳокимлиги ҳам мазкур масалада ўз расмий муносабатини эълон қилган, бироқ матнда «Вақф» фондидан узр сўралмаган.

Маълум бўлишича, Қумқўрғон туман ҳокимлигининг ўзи ҳам Янги йил арафасида кам таъминланган оилаларнинг болаларига Янги йил совғалари тайёрлаб тарқатган. Бунда қорбобо ва қорқиз ролидаги кўнгиллилардан фойдаланган.

«Ҳеч кимга сир эмас, Янги йил байрами қорбобо, қорқиз ва арчалар билан нишонланади. Шуларни инобатга олган ҳолда, бу йил ҳам фуқароларга янги йил шукуҳини олиб кириш учун туман ҳокимлигининг совғалари қорбобо билан етказиш режалаштирилган эди», дейилади туман ҳокимлиги муносабатида.

Харажатларни қисқартириш мақсадида ўша машиналарда «Вақф» фондининг эҳсонлари ҳам тарқатилган.

«Вақф» фонди томонидан қилинган эҳсонларнинг тарқатилиши Қумқўрғон туманида айнан 31 декабрга тўғри келганлиги боис, байрам арафаси, ноқулай об-ҳаво ҳамда транспорт воситалари харажатларини инобатга олиб, туман ҳокимлигининг совғалари ва «Вақф» фонди томонидан ажратилган маҳсулотларнинг тарқатилишида битта транспорт воситасидан фойдаланилган. Бу эса [ижтимоий тармоқларда] нотўғри талқин этилиб, «эҳсонлар қорбоболар ёрдамида тарқатилди», деган фикрлар юзага келишига сабаб бўлган», — дейилади муносабат якунида.

«Вақф» хайрия жамоат фонди президентнинг 2018 йил 16 апрел кунги фармони асосида ташкил этилган ва ўша йил 10 май куни Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган. Хайрия, закот, ушр, фитр ва фидя орқали фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади.

Аввалроқ фонд маблағлари эвазига сотиб олинган «Chevrolet Malibu» автомобили ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин норозилигига сабаб бўлган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид