Ўзбекистон | 20:56 / 03.01.2021
14627
9 дақиқада ўқилади

Давлат харидларидаги қонунбузилишлар: Аксилкоррупция агентлиги ўз позициясини маълум қилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат харидларидаги қариндош-уруғчилик фош этилган жамоатчилик суриштирувлари ортидан катта баёнот эълон қилди.

Баёнот «Сабабни бартараф этмасдан туриб, оқибатларга қарши курашиб бўлмайди» сарлавҳаси остида эълон қилинган. Ундан, агентликнинг асосий функцияси – коррупция ҳолатлари аниқланганда коррупционерларни жазолаш эмас, балки бунга олиб келаётган сабабларни аниқлашдан иборат эканини тушуниш мумкин.

«Сўнгги пайтларда давлат харидлари жараёнларидаги қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар гоҳ у ҳудудда, гоҳ бу ҳудудда содир бўлаётгани бўйича кўплаб хабарлар пайдо бўлмоқда ва улар ҳақли равишда оммавий муҳокамалар мавзусига айланмоқда.

Якунда эса уларнинг аксариятида маълум бир нормалар бузилгани аниқланган бўлса-да, жавобгарлик белгилаш, бюджет маблағларини ортга қайтариш масалалари очиқ қолмоқда. Уларни жазолаш керак мазмунидаги гап-сўзлар авжига чиқаётган паллада қонунбузилишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш масаласи сояда қолиб кетмоқда», – дейилади баёнот аввалида.

Таъкидланишича, бу каби жиноятлар 2020 йилда кўпайгани йўқ: улар олдинги йилларда ҳам бўлган ва бундан-да каттароқ ҳолатларда намоён бўлган. Аммо уларнинг аксарияти аниқланмай қолиб кетаверган. Давлат харидлари бўйича ягона ахборот порталининг ишга туширилиши ва у ерда зарурий маълумотларнинг очиқланиши натижасида барча харид жараёнлари тўғрисида аҳоли хабардор бўлмоқда.

«Бундан хулоса қилиш мумкинки, очиқлик, ошкоралик таъминланса, жазо муқаррар бўлса, ҳар бир фуқарода коррупцияга муросасизлик кайфияти шакллантирилса, жиноятчиларнинг ортидан қувлаб юришга ҳожат қолмайди. Ҳамма нарса жамият кўз ўнгида ва назоратида бўлади.

Ушбу жараёнлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг етарли ваколатларга эга эмаслиги, хусусан, тергов ва суриштирув ўтказиш имкониятининг йўқлиги каби яна бир баҳс-мунозараларга ҳам ўзига хос жавоб бўлмоқда. Яъни коррупция ҳолати аниқлангани билан унинг олдини олиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш, бу жараёнга аҳолини фаол жалб этиш масалалари ҳал этилмаса, ҳар қанча курашманг, ҳар қанча ҳуқуқбузарни ушламанг, натижага эришиб бўлмайди. Қачонки, масалага комплекс ёндашилсагина биз ушбу соҳадан ижобий натижа кутишимиз мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентликнинг асосий вазифаси этиб, мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш кабилар белгиланган», – дея сўз боради агентлик ахборотида.

Аксилкоррупцион тузилма ушбу вазифаларни бажаришдаги айрим ваколат ва ҳуқуқларини санаб ўтган:

  • давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;
  • жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ жиноят ишлари материалларини ўрганиш;
  • ўрганиш натижалари бўйича фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ чоралар кўриш, жумладан, жиноят ишларини қўзғатиш учун тегишли органларига тақдим этиш;
  • ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорлари ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш;
  • давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган огоҳлантиришлар ҳамда тақдимномалар киритиш шулар жумласидан.

Таъкидланишича, агентликда тергов ваколатининг йўқлиги агентлик мустақиллиги учун хизмат қилади.

«Боиси, агар агентлик тергов жараёнларини амалга оширса, терговни назорат қилиш функцияси бўлган идоралар ёки суд олдида қайсидир маънода қарам бўлиб қолишига туртки бўлади. Бу эса агентликнинг ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланишига жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиш вазифасини бажаришига тўсқинлик қилади», – дейди агентлик.

Аммо таъкидлаш керакки, «Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасида, агентликка йирик коррупцион ҳолатлар юзасидан тергов ўтказиш ваколатини бериш кўзда тутилган эди.

Баёнот давомида айтилишича, халқаро нодавлат ташкилотлар ҳамда экспертлар томонидан ҳам коррупцияга қарши курашиш учун энг самарали воситалар сифатида очиқлик ва ошкоралик, жамоатчилик назорати, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекслари кабилар қайд этилади.

«Шу боисдан, дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари коррупцияга қарши курашувчи тузилмаларининг асосий вазифаси этиб коррупцияга шарт-шароит яратувчи омилларни ўрганиш, мониторинг ва таҳлил, миллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва бу борада умумий фаолиятни мувофиқлаштириб бориш белгиланган. Мазкур тусдаги тузилмалар Франция, Словения, Жанубий Корея каби давлатларда мавжуд. Аҳамиятлиси, ушбу мамлакатлар сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашишда сезиларли ўсишга эришишган», – дея қайд этилган расмий билдиришда.

КҚКАнинг позициясига кўра, коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги аниқланган коррупциявий жиноятларнинг сони билан эмас, балки фуқароларда коррупцияга йўл қўймаслик, уни қабул қилмаслик муҳитини шакллантириш билан баҳоланиши мақсадга мувофиқ.

«Агентликнинг мамлакатимиздаги бошқа коррупцияга қарши курашувчи идоралардан асосий фарқи ҳам шунда. Яъни уларнинг фаолияти қанча кўп коррупцион жиноятни аниқлаганига қараб баҳоланса, Агентлик фаолияти коррупцион жиноятларнинг қанчага камайгани билан баҳоланади.

Албатта, бунга эришиш осон эмас. Ўзи коррупцияга қарши курашиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Уни мағлуб этишнинг аниқ формулалари ҳам мавжуд эмас. Ҳар бир давлат ўзидаги ҳолатга тўғри ташхис қўйиб, уни даволасагина натижага эришади. Ташхис хато қўйилиши, ёки яхши ишламаётган органни кесиб ташлаш билан бу иллатни даволаб бўлмайди.

Асосийси, бугун жамиятимизда уйғонаётган коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфиятини, журналист ва блогерлардаги коррупцияга қарши жанговар руҳни, давлат идоралари ва мансабдор шахсларидаги коррупция мамлакат келажагига ғов сифатида қарашни янада кучайтириш лозим.

Бугун коррупцияга ҳамма қарши, уни йўқотиш кераклигини, у билан мамлакат ривожлана олмаслигини энг юқори минбардагилардан тортиб, аҳолимизнинг катта қисми, зиёли қатлам, оммавий ахборот воситалари вакиллари тушуниб етди. Энди ягона вазифа барча ҳаракатларни бирлаштириш ва душманга қарши биргаликда курашиш лозим.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигида мазкур жараёнларда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, мувофиқлаштириб бориш, стратегик йўналишларни белгилаш учун ваколат ҳам, қатъият ҳам мавжуд», – дея якунланган Аксилкоррупция агентлиги баёноти.

Эслатиб ўтамиз, декабр ойида Telegram'даги «davletovuz» блогида Андижон, Жиззах ва Хоразм вилоятларида миллиардлаб давлат харидлари қариндош-уруғлар ўртасида тақсимлаб олинаётгани, давлат буюртмаси учун тендер ўтказувчи ҳам, унда ғолиб чиққанлар ҳам айнан бир шахс экани ҳақида суриштирувлар эълон қилинган эди.

Бу суриштирувларга жиддий реакция бўлмади, маълум бўлиб қолган фактлар ҳозирга қадар бирор ҳуқуқий оқибатни келтириб чиқармади. Аксилкоррупция агентлиги бу ҳолатлар бўйича суриштирув бошлаганини билдирган эди, ҳозирча бунинг натижаси маълум эмас.

Мавзуга доир:

Мавзуга оид