Иқтисодиёт | 15:48 / 04.01.2021
30665
5 дақиқада ўқилади

1 январдан молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтилди. У ўзи нима ва Ўзбекистонга нега керак?

Худди инглиз тили умумжаҳон тили бўлганидек, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) – бу умумжаҳон бизнес тилидир. Мазкур стандартлар компаниялар ўзларининг молиявий ҳолатлари тўғрисида ҳисоботни қандай тарзда тайёрлашини белгилайди. Ушбу стандартларга асосланган ҳисоботни бутун дунёда тушунишади.

Фото: Depositphotos

Жорий йил 1 январдан бошлаб, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади ва 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлайди.

МҲХС нега керак?

Корхоналарнинг бухгалтерия ҳисоботини тайёрлашда халқаро стандартлар бўлмаса, бу бир неча номувофиқликларни келтириб чиқариши мумкин. Мисол учун, бирон бир «Mansur Corporation» хитойлик «Shin Jin Company»дан ускуна буюртма қилди. «Shin Jin Company» ушбу ускунани логистика компанияси орқали юклаб йўлга чиқарди ва ўзининг молиявий ҳисоботида ускунани сотганлиги ҳақида маълумотни кўрсатди ҳамда ускунани ташкилот балансидан чиқарди. Аммо ускуна йўлда бўлганлиги ва харидор уни ҳали олмаганлиги сабабли «Mansur Corporation» молиявий ҳисоботида ушбу ускунани сотиб олганлиги ҳақида маълумотни кўрсатмайди ва балансига кирим қилмайди. Натижада, глобал иқтисодиётда ушбу ускуна йўқолиб қолиши мумкин. 

Шунга ўхшаш оддий мисолларни кўп келтириш мумкин ва шу каби номувофиқликлар бўлмаслиги учун молиявий ҳисоботнинг ягона халқаро стандартларига талаб пайдо бўлган.

Илгари барча давлатларда ташкилотлар ўз фаолият маконида жорий этилган бухгалтерия стандарти асосида ҳисобот тайёрлашган, бу эса глобаллашиб бораётган дунёда бизнес учун катта тўсиқ ҳисобланади. Негаки, бир давлатдаги компаниянинг ҳисоботи, бошқа давлат компанияси учун тушунарсиз тарзда тайёрлангани учун компаниялар молиявий ҳолатини тўғри баҳолаш имконияти пасаяди.

Айнан шу муаммо ҳозир Ўзбекистон иқтисодиёти учун жуда ҳам долзарб саналади.

Ўзбекистонга МҲХС нима беради?

Ўзбекистонда жуда кўп давлат мулклари самарали ишлатилмаётгани, рақобатни ошириш, шунингдек, бозор иқтисодиётига ўтиш ва бошқа сабабларга кўра, 2021 йилда катта хусусийлаштириш ишлари бошланиши кутилмоқда. Хусусийлаштириш жараёнидаги энг катта тўсиқ ёки, тўғрироғи, жараённи секинлаштираётган сабаблардан бири – ушбу ташкилотларнинг бухгалтерия ҳисоби МҲХС асосида тайёрланмаганлигидир.

Истиқболдаги хорижий инвестор Ўзбекистон ташкилотлари тайёрлаган ҳисоботларни тушунмайди ва шу сабаб рақамлар тўғри акс эттирилганига ишонмайди. Ҳисоботларни МҲХСга ўгириб, аудитдан ўтказиш эса кўп машаққат, вақт ва харажат талаб қилиши мумкин. Масалан, Ўзбекистонда Coca-Cola заводидаги давлат улушини сотиш учун танлов асосида – Rothschild & Co инвестиция банки (молиявий маслаҳатчи), Dentons юридик фирмаси (юридик маслаҳатчи), шунингдек, KPMG (молиявий ва солиқ ҳисоботларини тузиш, шунингдек, компаниянинг устав капиталидаги давлат улушини баҳолаш) каби етакчи халқаро маслаҳатчилар жалб қилинди.

Бугунги аҳвол

Ўзбекистон олдин ҳам МҲХСга ўтишга ҳаракат қилган. Акциядорлик жамиятлари ва банклар амалда МҲХСга асосланган молиявий ҳисоботни тақдим этиши керак эди. Афсуски, ушбу ҳисоботлар кўпинча халқаро аудиторлик ташкилотлари ёрдамида тайёрланган, чунки ташкилотлар ўзи тайёрлаган ҳисоботлар сифати қониқарли бўлмаган.

Хўш, бу сафар нима ўзгарди?

Ўзбекистонда МҲХСга ўтишда бу сафар иккита катта ўзгариш бўлди, булар:

  • Биринчидан, МҲХСга ўтиш кенг қамровли бўлади. Барча акциядорлик жамиятлари, банклар, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчи ташкилотлар (шу жумладан, хусусий ташкилотлар) 1 январдан бошлаб МҲХСга ўтиши керак. Бу давлатдаги энг йирик 500дан ортиқ ташкилотларни қоплаб олади.
  • Иккинчидан, МҲХСга ўтган ташкилотлар учун миллий стандартлар асосидаги бухгалтерия ҳисоби бекор қилинади. Демак, ташкилотлар учун МҲХСга тўлиқ ўтишдан бошқа йўл қолмайди.

МҲХСга ўтишда нима муаммолар мавжуд?

Муаммолар кам эмас: МҲХСни ўзбек тилида ўрганиш учун сифатли ўқув-қўлланма китоблар йўқ, кучли мутахассислар жуда кам ва халқаро аудиторлик ёки консалтинг ташкилотларининг хизматидан фойдаланиш жуда қиммат. Юқорида таъкидланган биринчи иккита масалани ҳал қилишда Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорликда иш бошлаган.

Маҳаллий ташкилотларда мутахассислар кўпайиб, ҳисоботлар сифати ошса, учинчи масала ҳам ечилади. Сабаби, ташкилотларимиз халқаро аудиторлик ёки консалтинг ташкилотлардан мустақил равишда ҳисобот тайёрлай олишади. Идеал ташкилотлар мустақил равишда МҲХСга асосланган ҳисоботларни тайёрлаши керак ва ушбу ҳисоботлар ҳар йил ёки чорак охирида кечиктирмай, мустақил аудиторлар томонидан текширилиши лозим.

Жавлон Умаров

Жавлон Умаров

Молиячи, ACCA сертификатланган дипломли бухгалтерлар уюшмаси аъзоси (Буюк Британия), Кардифф метрополитен университети магистри (Буюк Британия), МҲХС Фонди экспертлар қўмитаси аъзоси.

Жавлон Умаров 2018 йилгача PricewaterhouseCoopers’нинг Бирлашган Араб Амирликлари Дубай шаҳридаги ваколатхонасида молиявий маслаҳатчи сифатида ишлаган. Айни пайтда Finspect Advisory консалтинг ташкилоти ҳамкори ҳисобланади.

Мавзуга оид